1

Гулчамбар таққан фаришта

МУТОЛАА 21.12.2015, 12:40
Гулчамбар таққан фаришта

- Тавба, ўзи кўзинг басир бўлса, яна нега игна-ипга ёпишасан?! — Малоҳат ўгай қизини силтаб қўлидан игна-ип сақланадиган қутини тортиб олди. — Бирор жойингга игна кириб кетса, ўласан-ку!.

Шоҳида қўлидаги латта парчасини яширди. Кейин ўгай онасининг ортидан нигоҳини зўриқтириб тикилди. Бир метрдан нарини кўра олмагани учун аёл қутини қаерга бекитганини билолмади.

“Барибир тикаман!” ўйлади у алам билан ўгай онаси кетган томондан кўз узмай. Бироздан кейин туман орасидан пайдо бўлгандек аёл пайдо бўлди ва қарғанганча бошқа хонага ўтиб кетди. Шоҳида қўлига таяниб ўрнидан турди-да, уй тўридаги “стенка” томон йўл олди.  Кейин шкафларнинг ҳар бир эшигини очиб, қўли билан пайпаслай бошлади. Қўли таниш думалоқ қутига теккач хурсанд бўлиб олди ва яна дераза ёнига қайтди.

Кейин дераза рахига чўнтагидаги оқ матони ёйди. “Фариштамни охирига етказаман”, ўйлади Шоҳида ва тимирскиланиб яшил рангли ипни топди ва мато парчасини кўзига яқинлаштириб тика бошлади.

Ишдан қайтган қўшни қиз Нодира ҳар кунгидек Шоҳидани кўргани чиқди.

-Қани, бугун нималар қилдинг? — сўради у Шоҳидадан.

-Бугун фариштанинг бошидаги гулчамбарни тикиб тугатдим, — мақтанди Шоҳида.

-Яша! — мақтаб қўйди уни Нодира. Лекин оқ матодаги ҳар бир катакни топиб, игна санчиш учун матони кўзига яқинлаштирганча икки букчайиб ишлаётган Шоҳидага раҳми  келди. — Лекин ўзингни чарчатма, дам олиб-дам олиб тиккин, — деб тайинлаб қўйди.

У Шоҳидага осон бўлсин учун оқ матодаги суратнинг устидан яна бир марта қалам югуртириб чиқди. Шу маҳал Малоҳат кириб келди.

— Нодирахон, бунга эрмак топиб берганингиз яхши, — деди у Шоҳидага боши билан имо қилиб. — Лекин бизни ҳам ўйланг-да.

Нодира тушунмай унинг оғзига тикилди.

- Нега ҳайрон бўласиз, Шоҳида сизга ўхшаб соппа-соғ эмас. У ҳадеб игнанинг тешигига  термулиб, бор кўз нурини ҳам йўқотса-ю, буткул кўр бўлиб қолса, нима қиламиз? Кимга жабр, менга жабр бўлади!

Аёл Шоҳиданинг олдида унинг нуқсони ҳақида гапиргани Нодирага ғалати туюлди.

-М-мен, бу ёғини ўйламапман, — деди у хижолат бўлиб.

-Албатта, ўйламайсиз-да. — пичинг қилди Малоҳат. — Сизга нима, эртага эгангиз чиқса, эрга тегиб кетадиган одамсиз...

Нодира қизариб кетди. Малоҳат йигирма тўртга кирса ҳам турмушга чиқмай юрган қизга атайлаб писанда қилганди.

-Опамдан мен илтимос қилдим, — гапга аралашди Шоҳида.  — Бекор ўтиргандан кўра, бирор ҳунар ўрганганим яхши-ку!

-Ҳунар ёмон демаяпман. Кўзинг яхши кўрмаса, игнани йўқотиб қўйсангу, укаларингнинг бирига кириб кетса нима бўлади? Игна одам танасига киргандан кейин қон билан бирга югуришини биласанми?

-Опам менга магнит обкелиб берган, — Нодирани оқлашда давом этди Шоҳида. — Мабодо игна қўлингдан тушиб кетса, ўрнингдан қимирлама, атрофингда магнит айлантирсанг, йўқотган игнанг топилади, деган.

Малоҳат нима дейишни билмай қолди. Кейин “ҳамма балони билади булар” деб тўнғиллаганча чиқиб кетди.

Кўнгли ғаш бўлган Нодира бироз гаплашиб ўтиргач, уйига кетди. Офтоб қайтгунча тикиш-бичиш  қилган Шоҳида, дадаси укаларини олиб боғчадан қайтгач, игна-ипини  йиғиштириб қўйди.

-Ўзимнинг чевар қизим, — бошини силади дадаси унинг каштасини қўлига оларкан.

-Нодира опам чизиб бердилар. Агар бир ой ичида тикиб бўлсам, Наврўз байрамига бағишлаб ўтказиладиган кўргазмага қўяр эканлар, — қувончидан ичига сиғмай мақтанди Шоҳида.

-Улгурасан, агар улгурмасанг мана ойинг ёрдам беради. Шундайми ойиси?

Малоҳат ичидан зил кетса-да, ўлганини кунидан жилмайди. Шоҳида дадасининг қўлидан каштани олиб жойига қўйиш учун кетаркан беш ёшли синглиси унга эргашди. Қизалоқ худди Шоҳидага ўхшаб бошини қуйи солиб, қўлларини икки томонга ёйиб юраётганини кўриб, Малоҳат қизининг елкасига мушт туширди:

-Сенга неча марта айтаман букчаймай юр, деб.

Қизалоқ елкасини ушлаб йиғлаб юборди.

-Нима қипти опамга ўхшаб юрсам?.. Опам пингвинга ўхшаб юришларини яхши кўраман...

-Опаси пингвинга ўхшаб юрармиш! — жаҳлдан бўғриқди Малоҳат. — Опангни кўзи кўрмагани учун оёғининг тагига қараб юради! Шунисига ҳавас қиляпсанми? Кўр бўлмоқчимисан?

Шоҳида ток ургандек сесканиб кетди.

-Малоҳат! — бақирди эри жаҳл билан.

-Нима Малоҳат? Эркатойингизни кўнглига тегади деб ўз қизимга ҳам гапира олмайманми энди?! Рўзғор ишларига қарашгин десам, кўзини баҳона қилади. Лекаин аллақаёқдаги кераксиз ишларга қолганда кўзлари кўриб қолармиш! Анови қариқизнинг гапи гап бўлиб қолган бунингиз учун!

Малоҳат жаҳл билан эшикни қарсиллатиб чиқиб кетди. Орага ўнғайсиз сукунат чўкди.

     Шоҳида ўгай онасининг тихирлик қилишига қарамай, тикишдан бош кўтармади.

“Эплайман! Менинг ҳам қўлимдан нимадир келиши керак-ку!”, ўйларди у. — “Ногирон одаммасми? Агар ўз онам тирик бўлганида, кўзимга нур, юрагимга қувват бўларди.  Онам учун ҳам мен ҳаракат қилишим керак! Бундан кейин ҳеч кимнинг эътирозига, камситишига эътибор бермайман!” Бир қарорга келган Шоҳида эртаси куни нафақа пулини Нодиранинг қўлига тутқазди ва турли рангдаги энг сифатли иплар ва бошқа иш қуроллари олиб келишни тайинлади.

Бир ойлик нафақа пулидан қуруқ қолгани Малоҳатга қаттиқ алам қилди. У эрини ўгай қизига қарши қайраб кўрди лекин иш бермагач, “бир кун сен шапкўрни боплайман, шошмай тур” деб юрагига тугиб қўйди ва шундан кейин Нодиранинг ишларига аралашмади.

Наврўз байрамига бағишланган ҳунармандлар кўргазмасига Нодира ўз ўқувчилари билан қатнашиши керак эди. У мактабдан, тўгаракдан ортиб Шоҳидага ҳам кўмаклашар, кўргазмага ҳеч бўлмаса иккита каштаси тайёр бўлиши учун жон куйдирарди.

-Бўлди, кеч бўлиб қолди, кўзингни зўриқтирма, — деди Нодира Шоҳиданинг қўлидан ишни олиб. — Иккинчи каштани битказа олмадик. Биттаси билан қатнашсанг ҳам бўлади.

-Улгурсам яхши бўларди, — деди афсус билан Шоҳида.

-Эрталаб тайёр бўлиб тургин, сени ўзим билан олиб кетаман, — Нодира шундай дея қиз билан хайрлашиб чиқиб кетди.

Кўчага кам чиқадиган, чиққанда ҳам дадасининг етовида юрадиган Шоҳида эртага одам гавжум кўргазмага боришини, ўз қўллари билан тиккан иши бошқаларники қаторида кўргазмага қўйилишини ўйлаб ҳаяжонланганидан туни билан ухлолмай чиқди. Тонгга яқин кўзи илинган экан Малоҳатнинг овозидан уйғонди.

-Шоҳида, турмайсанми? Бугун кўргазмага боришинг керак-ку!

Шошиб ваннахонага ўтган Шоҳида оёғи тагида турган нам совунни кўрмади...

Гурсиллаган товушни эшитиб дадаси югуриб келганда Шоҳида ваннахонада ҳушсиз ётарди.

“Тез ёрдам” ходимлари боши ёрилиб, қўли синган Шоҳидани олиб кетишаётганда уларга дуч келган Нодира ҳайратдан қотиб қолди.

-Насиб қилмаган экан, опа... — шивирлади Шоҳида кўз ёшларини яшириб.

Нодира “Тез ёрдам”ни кузатиб бўлгач, Малоҳатга юзланди. Малоҳат унга тантана қилгандек қараб турарди. Нодиранинг юрагига шубҳа ўралади.

-Шоҳида доим эҳтиёт бўлиб юрарди, шу бугун йиқилгани ғалати, — деди у Малоҳатнинг кўзига тик қараб

-Ҳа, жуда ғалати, — деди чўзиб Малоҳат. — Худойим ҳар ким ўзи ўрнини билсин дегандир-да.

-Шоҳиданинг кашталарини беринг, ўзи бормаса ҳам кўргазмага қўяман, — деди аламини ичига ютиб Нодира.

-Вой, бошимизга ташвиш тушиб турганда қаёғдаги кашталарни сўрайсиз-а. Кашталари қаерда туришиниям билмайман, — деди аёл ва эшикни қарсиллатиб ёпди.

Нима қилишни билмай ҳафсаласи пир бўлганча зинадан тушаётган Нодира кимдир отини айтиб чақираётганини эшитиб ортига ўгирилди.

Остонада беш-олти ёшлардаги қизалоқ турарди.

-Мана буни олинг, опамнинг кашталари, — деди қизалоқ шошиб Нодиранинг қўлига ғижимланган мато парчаларини тутқазаркан. — Эрталаб ойим тахмоннинг орасига яширганларини кўриб қолувдим... Мен кетдим, ойим билсалар, ўлдирадилар... — қизалоқ шундай деганча эшик ортига ўтиб кўздан йўқолди.

Нодира қўлидаги кашталарга бир муддат тикилиб турди-да кейин миясига келган фикрдан хурсанд бўлиб шошилди.

Наврўзга бағишланган кўргазмада қўли гул болалар яратган буюмлар орасида Шоҳиданинг бошига гулчамбар таққан фаришта тикилган ҳамда бир жуфт кабутар тасвирланган, тугалланмаган кашталарга алоҳида жой ажратилган бўлиб, уларнинг тепасида “Бу кашталарни кўзи ожиз қиз Шоҳида тиккан. Ўзи касалхонада бўлгани сабаб кўргазмага қатнаша олмади” деб катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилганди. Байрамда қатнашганларнинг ҳеч бири бу кашталарнинг ёнидан бефарқ ўтмади.

Эртаси куни эса Шоҳида ётган палата гулларга ва мактубларга  тўлиб кетди. Шаҳардаги барча мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари ҳатто ҳокимият вакиллари ҳам бир кўзи буткул ожиз иккинчиси хира кўрадиган бу қизнинг санъати ва иродаси қойил қолишар, қўлларидан келганча ёрдамлашишга ваъда беришарди...

Дилфуза СОБИРОВА

 

 

 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1