"Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган" пандемия даврида қашшоқликликнинг олди қандай олиняпти?

ИҚТИСОДИЁТ 11.09.2020, 18:18
"Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган" пандемия даврида қашшоқликликнинг олди қандай олиняпти?

Айни пайтда коронавирус пандемияси ва карантин чекловлари оқибатида бутун дунёда юзага келган иқтисодий инқироз Ўзбекис­тонни ҳам четлаб ўтмади. Тараққиёт поғоналаридан кўтарилиб бораётган энг йирик соҳалар бу шароитда катта зарар кўрди. Туризм, ҳаво йўллари, транспорт, банк ва бошқалар шулар жумласидандир. 

Шундай бир даврда кунлик даромад билан тирикчилик қилиб юрган кишиларга янада қийин бўлди. Кўчма маънода, “йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган” шароитда юртимизда даромадсиз аҳолини қўллаб-қувватлаш ва қашшоқликнинг олдини олиш учун имкон қадар ёрдам кўрсатилмоқда.

АОКАда бўлиб ўтган брифингда айни пайтда инқироз оқибатларини тугатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан масъуллар изоҳ бериб ўтди. 

КРЕДИТ КЕЧИКТИРИЛСАДА, БАНКЛАР МАЖБУРИЯТИ ТЎХТАГАНИ ЙЎҚ

Беҳзод ҲАМРОЕВ, Марказий банкраиси ўринбосари:

— Ҳаммага маълумки, карантин даврида кўпчилик хўжалик юритиш субъектлари ва аҳоли даромадини йўқотди. Одамлар олдингидек ишламаяпти. Лекин уларнинг катта қисмида кредитлар бор. Албатта, даромади бўлмаган одам кредитини тўлолмайди. Қайси соҳа бўлмасин пандемия даврида катта зарар кўрган. Биз аҳолининг қайси қатлами қандай зарар кўрганини аниқлашга ҳаракат қилдик. Аммо бунинг имкони йўқ. Чунки ҳамма бир хил карантинда ўтирди. Шунинг учун ҳамманинг кредитлари бўйича тўловларни кечиктириб бердик.

Республикада октябрь ойигача кредит тўловини кечиктириш натижасида умумий миқдорда 256,5 триллион сўм кредит тўлови кечиктирилди.

Шундан 21,3 триллион сўм юридик шахсларга тўғри келади. Барча тадбиркорлик субъектларидан келиб чиқсак, 65% юридик шахс бу имтиёздан фойдаланмоқда.

5,3 триллион сўм (88%) жисмоний шахслар томонидан тўланадиган кредит тўловлари кечиктирилган.

Айни пайтда кредит даромадларидан олинадиган маблағлари кечиктирилгани билан банкларнинг ўз мажбуриятлари, яъни депозитлар бўйича тўловларнинг бирортаси тўхтагани йўқ. Негаки буларни тўхтатиш иқтисодий-молиявий оқимлар янада бузилиб, аҳвол янада ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун банклар ўз мажбуриятларини мунтазам равишда бажариб келмоқда.

Жорий йил бошида “Ҳар бир оила тадбиркор” лойиҳаси учун 4 триллион сўм ажратиш мақсад қилинган эди. Пандемия туфайли кредитлар кечиктирилиши сабаб, яна 2 триллион сўм “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури учун қўшимча йўналтирилди. Йил охирига қадар 5,5 трлн. сўм ажратилади.

Ўтган 8 ойда 3,9 трлн. сўм аҳолига дастур доирасида берилган. 

НИМА УЧУН ТАКСИЧИЛАР ЎЗ-ЎЗИНИ БАНД ҚИЛГАНЛАР РЎЙХАТИГА КИРИТИЛМАЯПТИ?

Дилшод СУЛТОНОВ, Молия вазири ўринбосари:

— Маълумки, Президентимиз қарори асосида таксичилар юридик шахс сифатида рўйхатдан ва ҳар кунлик тиббий ҳамда техник кўрикдан ўтиши лозим. Бу бўйича иш олиб боряпмиз. Гап шундаки, бундай бандлик турига давлат рухсат бергандан кейин кафолатланган бўлиши керак. Бунинг учун биз уларга имконият яратиб беришимиз шарт. 

Шунингдек, таксичиларга қўйиладиган айрим талаб­лар бор. Масалан, албатта, агрегатларга уланган бўлиши лозим. 

Тиббий ва техник кўриклар хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан муҳим. Бу дегани шуки, агар сиз таксида кетаётган бўлсангиз, ўзини-ўзи банд қилган бўлса ҳам, ким билан кетаётганингизни билишингиз шарт. Бир томонда, ўз-ўзини банд қилган киракашлар манфаати турган бўлса, иккинчи томонда жамоатчилик манфаати турибди.

Шу сабабли таксичиларга бир ойда бир ёки бошқа муддатда чуқур тиббий ва техник кўрикдан ўтиш каби нормалар қўйиляпти. Буларни муҳокама қилиб, 1-2 ой ичида биз Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритамиз. 

ИШСИЗ ҚОЛГАН АҲОЛИГА ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРИЛЯПТИ?

Темур МАҲМУДОВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи:

— Ҳозирги кунда 419 минг киши жамоат ишларига жалб қилиниб, уларга қарийб  400 миллиард сўм тўлаб берилган.

Шунингдек, пандемия даври эрта баҳор пайтига тўғри келганлиги сабаб, фуқароларнинг шахсий томорқаларини ривожлантиришга эътибор қаратилди.

Шахсий томорқасида енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, сув чиқмайдиган жойларда суғориш ускуналари ёки уруғлик кўчатлари сотиб олиш учун субсидиялар ажратилди.

Пандемия даврида 30 минг кишига 60 млрд.га яқин субсидия ажратилган. 

Буюк депрессия даврида Ўзбекистонда аҳолини, айниқса, норасмий иқтисодиётда ишлаётганларни ҳимоя қилиш учун шошилинч ва муҳим сиёсат чоралари кўрилмоқда. "Даракчи"  газетасининг навбатдаги сонида пандемия шароитида халқаро ташкилотлар ва банклар томонидан ажратилган маблағларнинг аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражаси ошиши ҳамда иқтисодиёт­нинг тушиб кетиши олдини олиш бўйича чоралар ва режаларга кенгроқ тўхталамиз.

Сизда ҳам ушбу мавзуда саволлар бўлса бизга ёзиб юборинг. 

Манзура БЕКЖОНОВА

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1