1

Хотира заифлашуви билан ҳазиллашманг

САЛОМАТЛИК 04.01.2016, 12:00
Хотира  заифлашуви  билан  ҳазиллашманг

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуқаҳҳор Фозилов маслаҳат беради.

Ҳар нарсани ёддан чиқариб қўявериш тиббиёт тилида деменция дейилиб, кўпинча кексалик ёшида учрайди, шунинг учун “қариялар деменцияси” деб ҳам аталади. Деменция касаллигида когнитив (билиш) фаолиятининг бузилиши муҳим аҳамиятга эга, чунки бунда бош миянинг теварак атрофдаги ҳодисаларни англаб етиш ва унга муносабат билдириш қобилияти издан чиқади.

БЕМОР  МАЪЛУМОТЛАРНИ  ЎЗЛАШТИРОЛМАЙДИ  

Ёшга алоқадор когнитив кўникмаларнинг ёмонлашиши тахминан 30-35 ёшлардан сўнг бошланади, 45-60 ёшлар оралиғида янада сезиларли тус олади. Бу вақтда оператив хотира (қисқа муддатда эсда сақлаш) ҳажми камаяди, бу шунга олиб келадики кексалар янги билимлар ва маълумотларни ўзлаштиришда ёшлар ҳамда ўрта ёшлиларга нисбатан анча қийналишади.

Агар қуйидаги ҳолатлар кузатилса, кексаларга деменция ташхисини қўйиш мумкин:

- қисқа ва узоқ вақтлик хотира бузилишлари;

- мулоҳаза юритишнинг бузилиши (бунда бемор ўзича режалар туза олмайди, атрофдагиларнинг муносабатларини холисона баҳолашга қийналади);

- шахсиятдаги (феъл-атвордаги) ўзгаришлар;

- уй юмушлари ва касбга оид ишларни бажара олмай қолиш.

Деменция ривожлангани сайин бемор бошқалар кўмагига муҳтож бўлиб қолади. Уларни худди болаларни парваришлагандек парвариш қилиш лозим бўлади.

САБАБ ва ОҚИБАТЛАРИ   

  • Касалликнинг енгил даражасида бемор жамоа билан мулоқот қилишида ва касбий фаолиятини бажаришда бузилишлар кузатилсада, у фикр-мулоҳаза юритиш қобилиятини сақлаб қолади, шахсий гигиенага амал қилади.
  • Ўртача даражадаги деменцияда беморни ўз ихтиёрига қўйиш хатарли, уни тез-тез назорат қилиб туриш керак.
  • Касалликнинг оғир даражасида бемор суҳбатдошининг гап-сўзлари мазмунини англаб етмайди, ўзи ҳам ўйлаганларини гапириб беролмайди, ҳатто шахсий гигиенага лоқайд бўлади. Бундай вақтда унга алоҳида парвариш зарур .

Касалликка қуйидагилар сабаб бўлади:

- неврологик ва қон-томир касалликлари,( бош мия томирлари атеросклерози);

- ички аъзолар касалликлари (сурункали жигар ва буйрак етишмовчилиги);

- интоксикация (спиртли ичимликларга ружу қўйиш, мишяк ва азот бирикмалари билан заҳарланиш);

- доимий равишда дори-дармонлар (масалан кўп миқдордаги уйқу дориси) ичиш.

АҚЛНИ  ЧАРХЛАШ  УЧУН

* Мева-сабзавотлар, зайтун ёғи, балиқни кўпроқ ейиш, туз ва ҳайвон ёғларини кам истеъмол қилиш деменциянинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.  

*  Жисмоний ҳаракатлар ҳам танада, ҳам қон айланишини рағбатлантиради, организмнинг аъзоларига кислород ва барча озиқ моддалар етказиб берилишига кўмаклашади.

* Турли витаминлар (С, Е, В сингарилар) ҳам қарилик деменциясини бартараф этишда муҳим саналади. Қон-томир касалликлари, яъни холестерин миқдорининг юқорилиги ва гипертензия, қандли диабет, кашандалик деменция хавфини оширади ва касаллик кечишини оғирлаштиради.

МУҲИМ ТАВСИЯЛАР

Хотира заифлашуви билан кечадиган ҳамда ўта оғир оқибатларга олиб келадиган деменция касаллиги туфайли азоб чекишни истамаган кексалар қуйидаги маслаҳатларга амал қилишлари лозим:

- интеллектуал машғулотлар (яъни китоб ё газета ўқиш, кроссворд ва жумбоқлар ечиш, умуман севимли машғулотлар) билан банд бўлинг;

- хотирани машқ қилдиринг, яъни бир қанча шеърларни овоз чиқариб ўқиб, сўнг ёддан такрорлашга ҳаракат қилинг;

- эслаб қолишингиз зарур бўлган муҳим кунлар, саналар ёки бажариладиган юмушларни махсус дафтарчага ёзиб боринг;

- ўз вақтида дам олиб, тўйиб ухлашга одатланинг;

- ҳаётдан завқланиб, фарзандлар ва набиралар камолидан мамнун бўлиб яшанг.

Г.ЖАМИЛОВА ёзиб олди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1