2020 йил 4 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Қўқон шаҳридаги ҳолат. ИИБ ходими автомобил бошқарган ҳолатда телефонда гаплашиб кетяпти. Хўш, унга чора кўриладими?” сарлавхали видеохабар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ муносабат билдирди.
Хабар ўрганилганда, “Матиз” русумли 40C260QA давлат рақам белгили автомобил ҳайдовчиси Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори К.М. эканлиги, унинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар тўлиқ эканлиги, аммо 2020 йил 04 октябрь куни соат 08:30ларда Қўқон шаҳар Фаробий кўчаси бўйлаб автомобилда ҳаракатланиш жараёнида уяли алоқа воситасидан фойдаланиб, хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларининг 9,12-бандларини бузиб ҳаракатланганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасида “Башарти шахс бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиб, шу ҳақдаги ишлар бир вақтнинг ўзида айни бир орган (мансабдор шахс) томонидан кўриб чиқилаётган бўлса, бу шахсга нисбатан қўлланиладиган узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.” деб белгилаб қўйилганлиги сабабли профилактика инспектори К.М.га нисбатан содир этилган қоидабузарликларнинг оғирроғи бўлган, йўл ҳаракати қоидаларининг 12-бандида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни автомобил бошқариш давомида уяли алоқа воситасидан фойдаланганлиги учун тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.
"Шу ўринда, Ички ишлар бошқармаси бошқа ҳайдовчилар билан биргаликда ички ишлар органлари ходимларининг ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларига бефарқ бўлмаган фуқароларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Биз ҳамиша мана шундай ҳуқуқбузарликларга муросасиз муносабатда бўлиб, ҳамкорликда йўлларда содир этилаётган қоидабузарликларга ўз вақтида тегишли чоралар кўрамиз", - дейилади Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарида.






