АсосийJamiyat

Қарздор ота 27 млн. сўм алиментни тўламаганлиги сабабли қамоққа олинди

'Қарздор ота 27 млн. сўм алиментни тўламаганлиги сабабли қамоққа олинди'ning rasmi

Бувайда тумани, Озод қишлоғида яшовчи У.Жўраев ва О.Жўраева турмуш қуришиб икки нафар фарзандли бўлишган эди, бироқ У.Жўраевга энди бу турмуш ёқмай қолиб (судда келтирган важи) хотини билан ажрашди, болаларини эса тирик етим қилди.

Мажбурий ижро бюросининг Даракчига берган маълумотига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди 26.11.2015 йилда У.Жўраевдан икки нафар фарзанди учун алимент тўлаш мажбуриятини белгилаган бўлсада охириги маротаба 2018 йил январь ойи учун тўловни амалга ошириб, кейин кўздан ғойиб бўлди. Ижро ҳужжати бўйича унга нисбатан давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинди.

Ҳар қандай қидирув тадбирлари самара бермади. Карантин эълон қилинган мавсум давомида ҳам уни яшаш манзилида аниқлаш имкони бўлмади, фақатгина Озод маҳалла фаоллари ёрдамида унинг тунда уйга келаётганлиги аниқланиб, қидирув гуруҳи ходимлари томонидан тунда яшаш уйида қўлга олинди.    

Қарздор 2018 йил февраль ойидан 2020 йил сентябрь ойига қадар ҳисобланган 27 млн 232 минг 5085 сўм алимент пулини шунчаки тўлаб қўйишдан бош тортди ва Бағдод туман маъмурий суди томонидан  унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддаси бўйича тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, У.Жўраевнинг яшаш уйида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида эҳтиёжидан ортиқча бўлган алиментни ундиришга қаратиш мақсадида жиҳозлар ва ашёлар хатлаб олинди. Қарздор 15 сутка қамоқ жазосини ўташи давомида алиментни тўлаш йўлларини ўйлаб кўриши аниқ, чунки алимент тўламаган тақдирда уни навбатда жиноий жавобгарлик кутиб турибди.

    Бошқа янгиликлар