АсосийSport

Самвел Бабаян шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди

Йигирма уч ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ташкил этилган навбатдаги ўқув-машғулот йиғини доирасида иорданиялик футболчиларга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди.

Унда Самвел Бабаян шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. 64-дақиқада Игорь Сергеев рақиб дарвозасини аниқ нишонга олган бўлса, орадан тўрт дақиқа ўтиб Маҳмуд Ал Мардий ҳисобни тенглаштирди. 78-дақиқада яна Игорнинг ўзи иорданияликлар дарвозасини ишғол қилиб, терма жамоамиз ғалабасини таъминлади.

Ўзбекистон футбол федерациясидан маълум қилишларича, мазкур ўйин Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Қатарда бўлиб ўтадиган 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати олдидан сўнгги назорат учрашувидир. Футболчиларимиз 9 январь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига йўл олишади.

Осиё чемпионати баҳслари 12-30 январь кунлари бўлиб ўтади. Чемпионатда совринли ўринларни қўлга киритган учта терма жамоага XXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берилади.

Терма жамоамиз қитъа чемпионатида “С” гуруҳида Ироқ, Жанубий Корея ва Яман олимпия терма жамоалари билан куч синашади. Футболчиларимиз дастлабки учрашувни 13 январь куни Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўтказади.

    Бошқа янгиликлар