1

“Бўйним оғрияпти, наҳотки бу миозит?”

САЛОМАТЛИК 12.01.2016, 11:45
“Бўйним оғрияпти, наҳотки бу миозит?”

Гоҳида бўйиннинг орқа соҳасида санчиб оғриш юзага келиб, бир неча кун тинчлик бермайди. Шифокорлар фикрича бўйин мушакларида ҳосил бўлган оғриқ яллиғланиш ёки бошқа касалликлар асоратида келиб чиқиши мумкин. Хусусан, миозит ҳасталиги айнан мана шундай ҳолатларда тилга олинади.

Келиб чиқиш сабаби

Маълумотларга кўра ҳар бир инсон умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлсада бўйин миозитига дуч келади. Аммо аксарият ҳолларда касаллик кўп ўтмай қайталанади. Эндигисида эса оғриқ ҳисси икки карра кучли ва яллиғланиш турли асоратларни келтириб  чиқариши мумкин. Хўш, миозит келиб чиқишига нима сабаб бўлади?

елвизак;

грипп, тез-тез шамоллаш асорати;

бўйинни кескин ҳаракалантириш ёки шу соҳага тегишли тан жарохати олиш;

кучли стресс (асабийлик ўта жиддий тус олганда бўйин мушаклари сиқилиб қолиб, яллиғланиш юз беради)

 Оғриқ йўналишига эътибор беринг

Елвизак, шамоллаш ёки асабийлашиш асоратида келиб чиқувчи миозитда асосан тунда уйқу вақти ёки эрталаб кўзингизни очишингиз билан оғриқ юзага келиши мумкин.

Бордию, миозит бўйиндаги тан жароҳати ёки кескин ҳаракатланиш сабаб юз берса, шу ондаёқ оғриқ қўзғалиши ёки кечга бориб, номоён бўлади.

Миозитни бўйин соҳасидаги бошқа ҳолатлар билан фарқлаш учун оғриқ йўналишига диққат қилинг: ҳасталикда оғриқ бўйиннинг бир тарафида бўлиб, елка ва қулоқ остигача давом этади. Баъзида эса оғриқ ҳисси чап (ўнг) қўл бўйлаб тарқалиб, бармоқ учигача етади. Айрим ҳолларда қўл мушакларига кўчган оғриқ бармоқлар увишишига олиб келади.

Даволанамиз

Бўйинда юзага келган оғриқ икки кунга чўзилдими,  албатта шифокорга боринг. Бунда сизга терапевт, ревматолог ёки невролог мутахассислар ёрдам беришади. Муолажа давомида имкон қадар бўйинни кескин ҳаракатлантирмаслик лозим. Агар ўз вақтида мурожаат этсангиз оғриқ ҳисси 3-5 кунда бартараф бўлиши мумкин. Даволанишнинг муҳим шартлари эса қуйидагилар:

хотиржамлик – имкон қадар асабийлашмасликка ҳаракат қилсангиз, тана мушаклари ҳам таранглашмайди. Уйқу вақти ҳам ўзингизга қулай ҳолатни танлаб, бўйинга зўриқиш тушмаслигига диққат қилинг;

Яллиғланишга қарши тавсия этилган препаратларни белгиланган вақт бўйича қабул қилинг. Оғриқ чекиниши билан муолажани тўхтатиб қўйманг! Зеро яллиғланишга қарши препаратлар белгиланган тартибда қўлланилсагина, ижобий натижа беради.

Мумкин эмас!

Оғриқни енгиллаштириш илинжида бўйинда машқ бажариш;

Спиртли боғлам, иссиқ компресс, суртма ёрдамида уқалаш тавсия этилмайди!

Иссиқ ҳаммом, бассейн, сауна ҳам ман этилади.

Олий тоифали шифокор терапевт Нодира Ҳамроева тавсиялари асосида тайёрланди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1