АсосийSUG'DIYONA

Кейт Уинслет: “Леонардо Ди Каприо билан қалин дўстмиз”

Актриса Кейт Уинслет ўзи, ҳаёти ва ижоди ҳақидаги саволларга қисқа, аниқ ва лўнда қилиб жавоб берди.

  •  “Муви 43” фильми негадир ўзини оқламади. “Нега жиддий актриса бундай аҳмоқона комедияда ўйнашга розилик билдирди?” деган танқидлар “ёмғир”и остида қолдим. Лекин мен комедиядаги иштирокимдан заррача афсусланмайман. Хью Жекман билан янги қиёфада чиқдик, бу — ажойиб тажриба!
  • Ҳамкорликда ишлаган барча режиссёрлардан миннатдорман. Улардан 3 тасини алоҳида таъкидламасам бўлмайди. Питер Жексон 17 ёшимда фильмига таклиф этган. Сабр билан тўғри йўлга йўналтирарди. Жеймс Кэмерон “Титаник”дек катта фильм олишига қарамай, ҳар бир деталга синчков эди. Энг Ли эса сўзини ҳавога совурмайдиган режиссёр. Қисқа ва лўнда гапирувчи ўз ишининг устаси!
  •  Гўзаллик ҳақида гап кетганида онам доим “Қошингни терма, кейин аввалги “форма”сига қайтаролмайсан”, дерди. Шунинг учун съёмка жараёнида визажистларнинг қошимга тегишига йўл қўймайман.   
  •  Леонардо Ди Каприо билан “Титаник”да танишганмиз. У вақтлари жуда ёш эдик.  Биз қалин дўстмиз, деярли ҳар куни қўнғироқлашамиз. Бир-биримизга кўнглимиздаги дард-у қувончларни тортинмай тўка оламиз. Лео Жеймснинг қатъий талаблари ва съёмка жараёни қийинчиликларига дош беролмай, ҳар куни елкамга бош қўйиб йиғларди.
  • Ота-онам 40 йилдан ортиқ бахтли ҳаёт кечиришган. Тақдирим уларникидек бўлмаслиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган... Нега  омадсиз турмушим омма эътиборини тортишига тушунмайман. Ахир ёлғиз менинг тақдирим шундай эмас-ку!  
  • Уч фарзандим мени сира асабий кўришмаган. Она сифатидаги руҳий ҳолатим уларга салбий таъсир этишини доим ёдда тутаман. Қанчалик тушкун кайфиятда бўлмайлик, фарзандларимизга буни кўрсатишга ҳаққимиз йўқ!  
  • Оч қолмаслигимиз учун отам нима ишлар қилмади... У кишини кўргим келса, жуда эрта уйғонишимга тўғри келарди. Автоҳалокатда бир оёғидан айрилгач, 11 ёшимда реклама орқали пул топишни бошладим. 16 ёшимда мактабни ташлаб, оилани боқишимга тўғри келди. Хайриятки, севимли касбим орқали оғир кунларни енгиш насиб этди. Аслида жуда ночор оила эдик, ота-онамиз ёнимизда экани боис ўзимизни бойдек ҳис этардик...
  • Касбим учун фарзандларимни қурбон қилолмайман. Тўхтовсиз фильмларда иштирок этиб, фарзандларимни бир суратга олиш майдончасидан иккинчисига етаклаб, уларни қийнашни истамайман! Фарзандларимни вояга етказиш учун ҳатто театрда ишлашдан бош тортдим. Рости, энага ёллашга ҳушим йўқ.

    Бошқа янгиликлар