“Болам талвасага тушиб қолди”

САЛОМАТЛИК 19.01.2016, 13:44
“Болам талвасага тушиб қолди”

«Кенжам киндик ўқига ўралиб туғилган. Шифокорлар болани шамоллатманг, ҳарорати кўтарилса, талвасага тушиб қолиши мумкин, деб огоҳлантиришганди. Икки ҳафта олдин томоғи оғриб, бирдан тана ҳарорати кўтарилди-ю, кутилмаганда талвасага тушиб қолди. Жуда қўрқиб кетдим... Наҳот бу туғруқ асоратидан бўлса?»

Маъмура, 32 ёш, Тошкент вилояти

Болаларда асосан қисқа талваса кузатилиб, одатда талвасасиз ёки камроқ талвасали кўринишларда ўтади. Болаларда талваса хуружини келтириб чиқарувчи омиллар:

  • Хомиладорликнинг оғир ўтганлиги (кечки токсикоз, камқонлик, онанинг инфекцион касалликлар билан оғриши, қўғаноқ сувининг ифлосланиши);
  • Туғруқнинг қийин кечгани (хомила туғруқ йўлларида туриб қолиши, болада кислород етишмаслиги юз берган бўлса);
  • Гўдакда калла ички босимининг ортиши (черепной);
  • Боланинг инфекцион касалликлар билан хасталаниши;
  • Марказий асаб тизимининг меъёрида ривожланмагани;
  • Гемолитик хасталик асоратида келиб чиқувчи талваса хуружи;
  • Асфикция билан туғилиш асоратида юзага келадиган хуружлар учраб туради.

Гоҳида талваса хуружлари 2-3 ёшдан ошган болаларда ҳам кузатилади. Бунда асосан бирон касаллик асоратида тана ҳароратининг ортиши ёки организмдаги бошқа ўзгаришлар сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, бола руҳиятидаги кескин ёки кучли руҳий мувозанат бузилиши ёки асаб қўзғалишлари ҳам талвасани келтириб чиқариши тахмин қилинади.

Хуруж тўсатдан бошланадими?

Аксарият ота-оналар талваса хуружи билан тўқнаш келишганида назоратни йўқотиб қўйишади. Чунки бу вақтда боланинг умумий ҳолатида рўй бераётган ҳодисалар тасаввуримиздан анчайин йироқ. Хўш, талваса бошланаётганини қандай билиш мумкин? Аввало боланинг умумий ҳолатига диққат қилинг. Айрим ҳолларда ҳуруж кутилмаганда юз берса, гоҳида баъзи белгилар билан дарак  беради. Масалан, аксарият ҳолларда боланинг қўл-оёқ мушаклари таранглашиб, ҳаракатсиз кўринишга келади. Бунда қўл ва оёқ бармоқлари жуда қаттиқ букилган ҳолатга келиб қолиши ҳам мумкин. Бошини орқага ташлайди, кўз соққаси катталашади. Тишлари зичлашиб, лаблари қаттиқ сиқилади. Хуруж авж олганида эса оғиздан кўпик ажралиши ҳамда бола ҳушини йўқотиши ҳам мумкин. Хуруж вақти нафас олиш мароми бузилгани боис лаб ранги кўкимтир тусга киради. Бундан ташқари талвасага учраган бола пешоб ажралишини ҳам назорат қилолмайди. Кутилмаганда бошланган хуружлар одатда 45-60 сония давом этади. Аммо боланинг ўзига келиб, умумий аҳволи ўнгланиши учун 15-20 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт талаб этилиши мумкин.

Одатда талвасани ўтказган болакай ҳолсиз, ланж, инжиқ бўлиб қолади. Ётоқлайди, диққатни жамлаши қийинлашади, нима рўй берганини эслолмаслиги ҳам мумкин. Бу хуруждан кейинги меъёрий ҳолатдир.

Ташхис қўйиш учун   

Талваса хуружи қайталанмаслиги учун аввало унинг характери, куннинг қайси қисмида рўй бергани, такрорланиш мароми, ҳолати, даражаси каби омиллар ўрганилади. Бунинг учун эса ота-оналардан суриштирув ўтказилиб, шунга кўра дастлабки ташхис хулосаси тайёрланади. Боланинг ёшидан келиб чиқиб, ЭЭГ (электр энцефолография текшируви), гўдак ёшдаги болаларда нейросонография, 1 ёшдан ошган, катта лиқилдоғи ёпилган бўлса, магнит резонанс томография таҳлиллари ўтказилади. Шу билан бирга қон таҳлили ҳам бажарилиб, минерал моддалар таҳлили, айниқса, кальций ва магний миқдори аниқланади.

Даволаш мумкин ва шарт 

Талваса хуружидан сўнг зарур текширувлар ўтказилгач, шифокор томонидан индивидуал тартибда муолажа тури белгиланади. Бунда боланинг ёши, мавжуд касалликлар, туғма ривожланиш нуқсонларининг бор-йўқлиги, хуруж тури ва даражаси каби омиллар назарга олиниб, зарур препаратлар буюрилади. Асосан талвасага қарши препаратлар тавсия этилиб, бола шифокор назоратида 2 йилдан 5 йилгача бўлиши мумкин. Агар талваса хуружи тана ҳароратининг кўтарилиши билан кечган бўлса, таҳлил хулосасидан сўнг зарур дори воситаси тайинланиши мумкин. Тутқаноқ хуружини келтириб чиқарувчи эпилепсия касаллиги аниқланса, ундан ҳам хуруж турига кўра препаратлар буюрилиши мумкин.

Биринчи ёрдам 

Энг аввало ота-оналар таҳликага тушиб қолмасликлари лозим. Тутқаноқ хуружи бошланганини пайқашингиз билан болани очиқ ҳаво олиб чиқишга ҳаракат қилинг. Бунинг имкони бўлмаса, хонани шамоллатинг. Хуруж вақти оғиз сўлаги нафас йўлларига кетиб қолмаслиги учун болани ёнбошига ётқазинг. Баданини сиқиб турган кийимлардан бўшатинг. Имкон қадар эркин нафас олиши учун замин ҳозирланг. Шундан сўнг хуруж ўтиб кетишини кузатиш қолади, холос. Боланинг оғзини ушлаб туриш, тили  ичига  кетиб қолмасин деб, қошиқ ёки бармоқ тиқиш мумкин эмас. Бу билан болага озор етказганингиз қолади. Бироз сабр қилиб, ваҳима қилмасангиз хуруж ўтиб кетади. Сўнг шифокор кўригига олиб боришингиз мумкин.

Иккинчи тоифали шифокор, болалар неврапатологи Гулноза Тоирова тавсиялари асосида тайёрланди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1