1

Тақдирдан куйган аёлнинг кечинмалари

МУТОЛАА 19.01.2016, 14:58
Тақдирдан куйган аёлнинг кечинмалари

Мен буларни бир умр юрагимда сақлаб юришим ҳам мумкин эди. Аммо ўйлаб қолдим, бундан не наф? Қалбимни ҳуфтон, дилимни вайрон қилиб турганидан фойда кўряпманми? Албатта, йўқ. Ундан кўра менинг ҳолимга тушганлар ўқиб, хулоса чиқарса, тўғри йўл топса яхши эмасми?

Ўйлайманки, менинг кимлигим, қаерда яшашим ўқувчи учун муҳим эмас. Асосийси, ҳаётдан топганларим уларга нимадир беришида.

Мен ўн тўққиз ёшимда турмушга чиққанман.

— Жуда бой оила экан, — деди онам келажагимни ўйлаб. — Ҳеч нарсага зориқмайсан, уй-жой қурай деб қайғурмайсан. Шунинг учун ҳаммасига кўз юм.

Мен “кўз юмишим” лозим бўлган — турмуш ўртоғимнинг илгари ҳам уйлангани эди.

— Буткул, ажрашиб кетибди-ку! Энди у аёлнинг ҳам, йигитнинг ҳам йўллари сира туташмасмиш. Мени десанг, тег. Роҳат-фароғатда яшайсан! — деди онам розилигимни олишга уриниб.

Эндигина ўн тўққизга қадам қўйган қиз нима деб қаршилик кўрсата олардики, мен рад эта олсам. Узатишди. Ростдан ҳам бой-бадавлат оила. “Ҳеч нарсадан ками йўқ” дея таърифлашган бу хонадонда фақат меҳр-оқибат етишмаслигини борганим заҳоти сездим. Икки йиллик бефарзандлигим эса буни янада исботлади. Қайнонам кўз очирмасди:

— Шунча шароит билан ҳам бола туға олмасангиз, а? Нима бало, иккинчи марта ҳам “оғзим куйди”ми, дейман! Қаратинг, ўзингизни! Кундошингиз келиши билан ҳомиладор бўлганди. Наҳот, невара қуча олмайман-а?

Бу гаплари дилимни оғритади деб ўйлашмас, юзингда кўзинг борми, демай гапираверарди. Шукрки, икки йил ўтиб бўйимда бўлди. Ўғлим туғилди. Шунча сабрсизликка яраша Худойим ҳам “Ол, қулим!” дедими, тўнғичим ярим ёш бўлмасдан туриб яна ҳомиладор бўлдим. Ўзини шунчалар болапарвар қилиб кўрсатган қайнонам бу хабардан гезариб кетди:

— Нима? Сабримни синаяпсизми? Битта чақалоқ етади ҳозирчага. Боринг, онангизникига бориб олдириб келинг!

— Туғилгунича, бу ҳам катта бўлиб қолади-ку!

— Йўқ, боринг!

Ноилож онамникига бордим.

— Ношукрлик қилма, болам. Кечагина тирноққа зор бўлиб йиғлаб юрганинг эсингдан чиқдими? Болани берган — ризқини ҳам беради. Бу туғилгунича, каттанг чопқиллаб қолади. Бир айтинг, қайтиб оғззингга олма, — ортимга қайтарди онам.

Мен бу қайнонамнинг истаги эканлигини айта олмадим.

— Онангиз пулини қизғандими? Болани ўзи боқмайди-да, а? Шунинг учун туғавер, дейди! — қайнонамнинг жағи-жағига тегмай қолди.

Ҳар куни бир гапни такрорлар, камига атай рўзғордаги оғир ишларни қилдирарди: ер чопдим, қоп-қоп сабзавот кўтардим...

Охир-оқибат бу соғлиғимга ва фарзандимга таъсир қилди. Ўн саккиз кун шифохонада ётдим. На қайнонам, на эрим хабар олди. Шундан оғриниб уйга боришни истамадим.

— Қизим, ўз уйинг — ўлан тўшагинг. Ўз уйингга бор. Сени қувиб солишмайди-ку, — дея онам уйга боришимга ундади.

— Итни ҳам ҳайдасанг, кетади. Бу эса яна қорнини қаппайтириб келяпти, — дея қарши олди қайнонам.

Бизга ажратилган уйга кирсам ҳеч нарсамиз йўқ. Ҳайрон бўлдим.

— Энди алоҳида яшаймиз. Ҳамма нарсани ўша жойга кўчирдим, — деди эрим.

Қувонишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмадим. Сўнг эрим ўша айтган ижара уйига олиб борди. Эски чойхона экан. Жуда чет жойда.

— Нарсаларни жойлайвер, келаман, — дедя у ўғлим иккимизни ташлаб кетди.

Очиғи, қаерга келиб қолганимни ҳам аниқ билмасдим. Эрталабгача кутдим. Турмуш ўртоғимдан дарак йўқ. Ўғлим оч қолиб йиғлай бошлади. Сал нарида қурилаётган иморат устидаги усталар ёнига бордим.

— Фақат бординг бор эди. Бизга ўзимизга лойиқ овқат олиб келишади-да, — дея улар ўғлимга бодринг беришди.

Ўзим емасам ҳам ўғлимга илиндим. Узоқроққа экилган маккажўхори думбулини эгасидан сўраб олиб, қайнатиб ўғлимга бердим. Ҳамон дадаси биздан хабар олай демасди. Кетай десам, қўлимда пул йўқ. Яна, кетганим заҳоти келиб қолса, гап эшитмай деган ҳадик билан кутиб бир ҳафтани ўтказибман. Бу орада бир дўконга бориб, аҳволимни тушунтириб ўғлим учун печенье ва егуликлар олиб турдим. Охири ўша дўкон эгасидан пул олиб, қайтдим. Турмуш ўртоғим билан яна келганимизда чойхона эгаси келиб қолди.

— Бўш ётган ер бор. Шунга ул-бул экасизми? — деди у бизга қараб.

Эримдан аввал мен рози бўлдим. У айтган ерга помидор экиб, челаклаб сув қуйиб парваришладим. Бирданига ҳеч ким йўқламайдиган, ҳатто эрим ҳам кам келадиган бу маконимизга қайнонам ҳам, қариндошлари ҳам кела бошлади. Чунки экиним ҳавас қилгулик даражада бўлганди. Афсуски, иккинчи ўғлим туғилиб, уларни териб, сота олмадим. Барчасини турмуш ўртоғим ва қайнонам саранжомлади. Жуда катта даромад қилдик. Аммо у пуллардан менга бир чақа ҳам теккан эмас.

Яна эски ҳаммом, эски тос. Аввалгидек, ўғилларим билан хор-зорликда яшай бошладим. Эрим бизни буткул ташлаб қўйганди. Иложсизликдан болаларимни онамга ташлаб, ишладим. Бу орада қайнонам йиқилиб, кўзи кўрмай қолибди,  тўшакка михланибди. Ишлаб юрган чоғимда бу ҳақда эшитиб қолдим.

— Қайнонанг оғир ётганмиш. Хабар ол, — яна насиҳат қилди онам.

Ишонасизми, борсам шифокор ёнимга югуриб келса, денг:

— Сиз унинг  кими бўласиз? Биз бу беморга уйга кетишга рухсат бергандик, шундан буён ҳеч ким йўқ.

Қотиб қолдим. Наҳот, шунча бойвачча ўғиллар биргина онанинг ҳолидан хабар олишга, уйга олиб кетишга ярамади?

— Ойи, мен келдим, — дедим қайнонамнинг бошига бориб.

Жавоб ўрнига қайнонамнинг кўзларида дув-дув ёш кўрдим. Юрагим алланечук бўлиб, йиғлаб юбордим.

— Йиғламанг, ойи. Сизни олиб кетаман. Ўғлингизга ҳозироқ бориб айтаман.

Йиғлай-йиғлай шифохонадан чиқиб, эримни изладим. Топгач, барча дилимдагиларни тўкиб солдим:

— Мени ўйламадингиз, майли. Болаларингизни ташлаб қўйдингиз, хўп. Лекин онангиздан нега хабар олмадингиз? Боринг, олиб келинг. Майли, менинг ёнимга олиб келинг, ўзим қарайман!

Афсуски, қайнонам эрим бориши билан вафот этибди. Шундан сўнг умр йўлдошим бизни буткул унутди.

— Ўз уйимизга фақат ўзим сиғаман. Укам сени ва болаларингни киритмайди, — деди ҳатто юзимга.

Ундан бирор ёруғлик чиқмаслигига кўзим етгач, ўзим туман ҳокимлигига бориб, арзимни айтдим. Шукрки, қулоқ тутадиганлар бор экан. Ер беришди. Энди топганимни тўплашга, ўзимизга бошпана қуришга ҳаракат қилдим. Чайлада яшаб, уй кўтара бошладим. Бундан хабар топган эрим яна пайдо бўлди. Номардни қарангки, болаларим ризқидан қирқиб олган қурилиш молларимни сотишга тушибди. Ортиқ чидай олмадим. Ажрашишга қарор қилдим:

— Сиз на оилани, на болани, на онани билдингиз! Сиздан ҳеч қандай умид йўқ! Кетинг, ҳаётимни яна дўзахга айлантирманг!

Бунга чидай олмаган эрим менга туҳмат қилди. Кўчага чиқиб, мен ҳақимда “суюқоёқ” деб гап тарқатди. Ундан буткул совидим. Энди орамизга ҳеч нарса қолмаганди. Яқинда  у учинчи бор уйланди. Энг даҳшати, атай мен уй қурган маҳалладаги ресторанда тўй қилди. Машинада чунонам шовқин солиб ўтдики, уйимиз ёнидан.  Мен-ку, майли... Унинг зулмларига, нодонликларига кўникиб қолганман. Аммо фарзандларим-чи? Улар энди гўдак эмас. Катта бўлиб қолишди. Уларга қараб эзилиб кетдим...

Айтмоқчи бўлганим, қизини турмушга бераётганларга мен яққол мисолман! Асло бойликка учманг! Мана, мен бой хонадонга тушдим, аммо нонимни ҳам ўзим топдим, уйимни ҳам ёлғиз бошим билан қурдим. Бахт — бойликда эмас, шуни асло унутманг, азиз оналар! Қизларингизнинг ҳаётини саробга алмашманг!

Н.Усанбоева оққа кўчирди

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1