Тадбиркорлар томонидан пахта чигитини бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга олиб чиқишда дуч келинаётган муаммолар юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Уларда асосан вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ички ишлар органлари ходимларига вилоят ҳудудларидан пахта чигитини чиқармаслик тўғрисида топшириқ берилганлиги ва шунга кўра чегара пост хизматларидан чиқарилмаётганлиги билдирилган.
Лекин биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ушбу чигит маҳсулотини сотиб олишлари мумкинлиги қонунчилик билан белгиланган бўлса-да, ҳокимликлар чигитни фақатгина ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетмасдан ишлатиши бўйича кўрсатма берилмоқда.
Қўмита мазкур мурожаатлар юзасидан муносабат билдирди ва қонунчиликни эслатиб ўтди:
"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, тадбиркорлар қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ҳамда ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги, 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорларининг амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.
Давлат органларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекснинг 354-моддасига асосан, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига асосан, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятига оқибатда рақобат чекланиши мумкин бўлган тарзда аралашиши тақиқланади, рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситувчи ҳаракатларига, шу жумладан тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга йўл қўйилмайди.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 178-моддасига асосан, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилиши ҳолати бўйича тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган.
Мазкур ҳолат Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, барча вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва вазирликнинг вилоят бошқармаларига бундай ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан мурожаат қилинди.
Шунингдек, бугунги кунда Қўмита томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди.