Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Нурота туманидаги “Чашма” зиёратгоҳи яқинида болалар ўйнаши учун мўлжалланган батут шамолда учиб кетгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Нурота тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.
Унга кўра, кеча, 27 апрель куни соат 14:47 да туманнинг “Шаҳристон” МФЙ ҳудудида жойлашган “Чашма” тарихий-меъморий мажмуаси ҳудудида кучли шамол оқибатида тадбиркорга тегишли бўлган батут иншооти ўз жойидан силжиб, автомобиль йўлига кўчиб тушган.
Юқоридаги ҳодиса оқибатида 1 дона тунги ёритгич устуни шикастланган. Воқеа туфайли фуқаролар ва ёш болалар тан жароҳати олмаган.
Шунингдек, автотранспорт воситаларига ҳам зарар етмаган. Ҳокимлик ҳозирда ҳолат тўлиқ ўрганилиб, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилди.