1

С гепатити жигар циррозига олиб келадими?

САЛОМАТЛИК 21.01.2016, 14:02
С гепатити жигар циррозига олиб келадими?

“Қон таҳлили топширганимда менда С гепатити аниқланди. Ҳозир даволанаяпман. Эшитишимча, С гепатити бора-бора жигар  циррозига айланиши мумкин экан. Ҳақиқатан ҳам шундайми?”

Ҳанифа Ёрбобоева. Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор, инфекционист-гепатолог Нигора Сабирова маълумот беради.

С гепатитига тиббиётда “мулойим қотил” дея таъриф берилади. Боиси, унинг вируси қон орқали юққач, бир неча йиллар давомида организмни ишғол қила боради ва деярли ҳеч бир безовталик сезилмайди. Дармонсизлик, лоҳаслик мунтазам давом этса-да, бу С гепатити билан боғлиқ эканлиги кишининг хаёлига келмаслиги ҳам мумкин.

Қандай юқади?

С гепатити перентерал механизмли вирус турига киради. Бу турдаги гепатит фақат касалланган бемор қони орқали юқиши мумкин. С гепатити вируси пирсинг, татуировка асбобларининг дезинфекция қилинмаганлиги боис, санитария талабларига риоя қилинмайдиган тиббиёт марказлари, дезинфекция тўлиқ бажарилмайдиган стоматологик хоналар, санитария меъёрларига мос келмайдиган маникюр-педикюр хизматлари, устара ҳамда бемор фойдаланган тиш чўткалари орқали юқиши мумкин, деб тахмин қилинади.

Нега вакцина йўқ?

Юқорида айтилганидек, вирус яққол аломатларсиз кечгани боис, ўз вақтида аниқлаш мушкул. Шунинг учун ҳам сурункали тусга ўтиб кетиш эҳтимоли юқори. Вируснинг ўзгарувчан хусусияти туфайли унга қарши вакцина ишлаб чиқиш айни дам муаммо саналади. Бироқ ўз вақтида аниқланган касалликни замонавий препаратлар ёрдамида ривожланишдан тўхтатиш ва асоратларининг олдини олиш мумкин.

Тасодифан маълум бўлса...

Одатда  вирус юққанидан сўнг белгилари юзага чиққунига қадар 2-26 ҳафтагача вақт ўтиши мумкин. Баъзан касаллик аломатлари сезилмагани боис, бемор вирус ташувчи эканлигини билмайди, ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Тасодифан бошқа касалликларга қон таҳлили топширганидагина вирус ҳолати маълум бўлиши мумкин. С гепатити ўткир ва сурункали турларга ажратилади. Ўткир турида бемор 2-3 ҳафта мобайнида бўғимларда оғриқ, умумий ҳолсизлик, меҳнат лаёқатининг сустлашиши, ҳазм тизимининг бузилиши каби белгиларни  сезиши мумкин. Камдан-кам ҳолларда тана ҳарорати кўтарилади. Сурункали турида эса бемор асосан руҳий депрессия, стресс ва тез чарчаш каби безовталиклардан шикоят қилади.

Марҳамат, таҳлил жавобингиз...

С гепатити вирусига таҳлил топширишдан аввал мутахассис кўригидан ўтилади. Умумий безовталиклар, бемор шикоятлари ўрганилгач, қоннинг умумий, биокимёвий ва вирусологик таҳлил намуналари учун йўлланма берилади. Бу ишда сизга шифокор инфекционист-гепатологлар кўмак беришади.

Ҳар бир беморнинг умумий ҳолати, касаллик кўриниши, даражасидан келиб чиқиб тўғри олиб борилган муолажа касалликдан соғайиш эҳтимолини оширади. Даволаш вақти С гепатитига қарши муолажа қилиниб, қонда вирус кўпайиши тўхтатилади. Шу тариқа жигар циррозига ўтиш даври ҳам бартараф этилади. Бу ўзига хос цирроз профилактикасидир. Ҳар бир организм ўзига ҳос бўлгани боис, муолажа 12 ҳафтадан 48 ҳафтагача давом этиши мумкин. Қонда вирус аниқланганидан эътиборан бемор шифокор рўйхатига олинади ва муолажадан кейин ҳам ҳар 6 ой-1 йилда тиббий кўрикдан ўтиб туриши мақсадга мувофиқдир. Касаллик кутилмаганда авж олмаслиги ва қолаверса, жигарда ўзгаришлар бор-йўқлигидан бохабар бўлиш учун шифокор назорати фойдадан ҳоли бўлмайди.

Қай ҳолларда юқмайди?

Ҳаво орқали, бемор билан сўзлашганда, акса урганда, қўл билан кўришганда, умумий идиш-товоқлардан фойдаланганда юқмайди. Зеро, вирус фақат қон орқали ўтиши мумкин. Агар оилангизда С гепатити билан касалланган беморлар бўлса, унинг шахсий гигиена нарса-буюмлари алоҳида тутилишига диққат қилинг. Беморнинг тана аъзоси тирналиб кетса, қон кетмаслиги учун тиббий боғламлар билан зарарсизлантиринг. Ерга оққан қон томчиси бўлса,  сув билан артиб олинг. Кийимга теккан қон томчисини эса хлор солинган сувда 30 дақиқа ушлаб, сўнг чайиб олсангиз бўлади.

Циррозга айланадими?

Жигар циррози жигар ҳужайраларининг сурункали зарарланиши ва аста-секин қуриб бориши билан намоён бўладиган хасталик. Кўпинча С гепатитига чалинган беморлар жигар циррози келиб чиқишидан хавфсирашади. Тўғри, уларни ҳам тушуниш мумкин. Бироқ С гепатити бор дегани, албатта цирроз бўласиз дегани эмас! Қачонки, қонда вирус борлиги кеч аниқланса, ножўя омиллар, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, тартибсиз ва носоғлом ҳаёт тарзи жигар циррозига олиб келиши мумкин.

С гепатити эр ёки хотинда бўлса, бир-бирига юқиш эҳтимоли қай даражада? Мазкур саволга жавобан мутахассислар қуйидаги фикрни билдиришди: агар эр ёки хотин жинсий аъзоларида шамоллаш бўлса, қонда ТОРЧ инфекция кузатилса, соғлом турмуш тарзига риоя қилинмаса, тартибсиз жинсий ҳаёт олиб борилса, бир-бирига юқтириш эҳтимоли ортади. Борди-ю касалланган эр (ёки хотин) даволовчи шифокор кўрсатмаларига амал қилиб, жинсий ҳаёт тарзини ҳам соғлом қоидаларга риоя қилган ҳолда олиб борсалар, хавф омилини олдини олиш мумкин.

Маълумотларга кўра, С гепатити аёлларга нисбатан эркакларда кўпроқ учрайди.

С гепатити билан касалланган аёл фаразандли бўлса, болани кўкрак сути билан эмизиши мумкин. Бунда касаллик кўкрак сути орқали юқмайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1