Оғу сабаб хазон бўлган умр

МУТОЛАА 21.01.2016, 16:17
Оғу сабаб хазон бўлган умр

— Икки ойдан буён ота уйимдаман. Ёшим эндига ўттиздан ошди. Қизим тўрт, ўғлим эса икки ёшда. Болаларимни бағримга босиб, остун-устун бўлиб кетаётган (аслида ҳаммаси анча олдин барбод бўлган) тақдирим қаршисида ожизман. Ота ҳам, онам ҳам, умуман мени билган кишиларнинг ҳаммаси эрим билан ажрашишимни маслаҳат беряпти.

Ўзим ҳам тўғриси шу қарорга келдим. Болаларим учун шундай қилмоқчиман. Мен ҳам оилам бутун бўлишини, фарзандларим бошида отаси борлигини ҳис қилиб яшашини истайман... Истардим... Аммо эрим нопок йўлидан қайтишни истамайди... Ирода тугул хоҳишнинг ўзи йўқ унда, бу заҳри қатлдан қутулиш учун...

Аслида аввал бошдан оилам омонат устунлар асосига қурилган экан. Энди-энди ота-онам ҳам мени шоша-пиша турмушга узатганидан пушаймон.

Неъмат ака билан совчилар орқали танишганмиз. Кенжа ўғил, отаси анча йиллардан олдин дунёдан  ўтиб кетган экан. Доим қайнонам билан яшашни истаганман. Онам ҳам “Болаларингга бувиси бош бўлади, уй қиламан деб, сарсон бўлмайсан”, дея  совчиларни маъқул кўрди. Ёшим йигирма бешда бўлса ҳам, таниган-танимаганларнинг “Ҳалиям оила қурмадингизми?” деган саволларидан ўзим ҳам чарчагандим. Хуллас, бир ой ичида тўйимиз бўлиб ўтди.

Аввалига эримнинг менга бўлган муносабати унча ташвишланмасдим. “Тўйимиз тез фурсатда бўлиб кетди, севишмай оила қурганимиз шундай бепарвороқ бўлса керак”, деб ўйлардим. Яна у киши оиласида жуда эркатой экан. Отасидан эрта айрилгани, кенжатой бўлгани учун акалари ҳам, опаларим ҳам барча истакларига қулоқ соларкан. Оғзига ёқмайдиган овқат пиширсак, ичмай, шартта ўрнидан туриб кетарди. Мен эса унинг бу одатидан хижолат бўлардим. Қайнонам бўлса, дарров менга юзланарди-да:

— Меҳрибон, туринг, гўшт қовуриб беринг, ўғлим маставани хушламайди, — дерди.

Рости, бу менга эриш туюларди. Нега эрим онаси, акаси ичиб ўтирган таомдан юз ўгиради? Олти киши ўтирган дастурхонга қошиғини отиб, ўрнидан жаҳл билан туриб кетади?

Бу кичкинагина мисол. Аммо ана шундай қилиқларига ҳамма индамай чидарди. Ярим кечаси маст-аласт уйга келса ҳам, ҳеч ким миқ этмасди. Қўлида бирор ҳунари йўқ, икки сўм пул топмайдиган бу одамнинг қовоғига барча қараб туришга мажбур эди. ҳайрон қолардим. Сабабидан хабар топганимдан кейин даҳшат исканжасида қолдим.

Бир куни эримнинг чўнтагидан шприц топиб олдим. Ҳайрон қолдим. “Бетобмисиз? Бирор жойингиз оғрияптими?” деган саволимга эса “ишинг бўлмасин”, деган қўрсдан-қўрс жавоб олдим. Аммо юрагимга ваҳима оралади. Ҳамширамасманми, ундаги ўзгаришлар, ўзини тутишлари, баъзида хонани ичидан қулфлаб қамалиб олишлари кўнглимга гумон оралатди. Юрагим остида ураётган юракчани ўйлаб, бир ўзимни овутсам, бир даҳшатга тушардим. Тахминларимни охири юрак ютиб, қайнонамга айтдим:

— Ойижон, ўғлингиз мени қўрқитаяпти. Ўтган ҳафта  чўнтагидан шприц топиб олдим. Соғлигини сўрасам, жаҳли чиқди. Тунов куни эса хонага қамалаб олди. Кайфияти йўқдир-да, деб ўйлагандим. Аммо хона ичидан қулфлигига шубҳаланиб қолдим. Нима бўляпти, тушунмаяпман, — дедим.

У кишининг юзлари оқарди, кўзлари ҳайратдан катта-катта бўлиб кетди. Бу кўринишидан “Демак, қайнонам ҳам бехабар экан-да! Қўрқитиб юбордим ойижонни ҳам”, деб ўйладим. Афсус у менинг хабар топганимдан ташвишланган экан.

— Вой, келинжон, хавотирланманг. Жиянингизнинг мазаси бўлмади, шунга дорихонага чиқарганимда укол олиб келганди. Биттаси чўнтагида қолиб кетгандир-да, — деди ва  менга қайғурган киши бўлиб қўшиб қўйди, - Сиз ҳозир иккиқатсиз. Шунгаям ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган бўлиб қолгансиз. Ўзингизни, асабингизни асранг. Болага ёмон таъсир қилмасин тағин. Ўзи сизга бир-икки кун онангизникида туриб келасизми, демоқчи эдим. Овсинингизнинг боласи касал. Шамоллаб қолибди. Сизга юқиб қолмасин, — деди.

Бу гапдан ҳайратим янаям ошди. Овсинимнинг болалари чопқиллаб ўйнаб юрибди-ку. Кейин кўнглим нохушлиги тарқар, деб уйимга кетишга рози бўлдим.

Хуллас, бир йил давомида менинг тахминларимни ҳамма рад этди. Шукрки, Худо асради — қизим соғ-омон туғилди. Қайнонам эса бундан руҳланиб, туғруқхонадан чиққан куним қаттиқ гапирди менга:

— Индамасам, ўғлимни гиёҳвандга чиқариб қўярдингиз. Мана, қизингизнинг тўрт мучаси соғ, — деди.

Аммо бу қувонч кўпга чўзилмади. Чақалоғим икки ойликдан ошганда, эрим бир куни кечаси  жазавага тушиб қолди. Унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетдим. Қайнонамни уйғотиб, “Тез ёрдам” чақиришини сўрадим. Аммо у киши “Сиз болангизга қаранг”, деди-да, қайноғам ёрдамида эримни хонадан олиб чиқиб кетди. Эртаси куни қайнопам келди. Уйдагилар меҳмонхонага кириб олиб анча гаплашишди. Бир пайт қайнопамнинг қаттиқ-қатитқ гапираётгани қулоғимга чалинди:

— Қачонгача яшириб юрасизлар? Касални барибир иситмаси ошкор қилади. Нима, маҳалла-кўй болангизнинг аҳволини билмайди, деб ўйлайсизми? Бу ёқда келиннинг ҳаётини барбод қиляпмиз, ойи. Ўзи уйлантиришдан олдин сизларга айтувдим, даволатайлик деб. Кўнмадинглар, — деди.

— Мен нима қилай? Болам-ку! Менга осон тутманглар. Аҳволини кўриб куйиб кетяпман. Ҳозир келин билса, кетиб қолади. Кейин ҳамма гапиради-да “Ана эри наркоман бўлгани учун ажрашди”, деб.

Бу гапдан кейин устимдан қайноқ сув қуйилгандек бўлди.

— Бу боласи-ку, соғлом туғилди. Аммо яна ҳомиладор бўлса-чи? Униси ногирон туғилса-чи? Кейин додингизни кимга айтасиз? Даволатамиз, тамом-вассалом, — деди қайнопам.

Кейин эрим даволаниш учун диспансерга ётди. Мени қайнонам ёнига чақириб, анча дарди ҳасрат қилди. “Ўғлим адашиб кириб қолди. Ҳали яхши бўлиб кетади”, деди. Уч кун турли ўйлар қуршовида қолдим. “Нима қилсам экан?  Отамга айтсам, ўша ондаёқ олиб кетади. Ажрашсам, кейин нима қиламан? Бу ерда қолсам, эрим тузалармикан?”

Охири бироз чидашга қарор қилдим. Тўғриси, эримнинг тузалишидан умид қилгандим. Бироқ эрим иродасизлик қилди. Неча бор даволаниб чиқишига қарамай, бу йўлдан қайтмади. Бу орада яна ҳомиладор бўлиб қолдим. Ўғлим эса юракда туғма нуқсон билан туғилди. Ана шундагина менинг кўзим очилди. Ўзимча ажрашмайман, чидайман, деб юраверибман. Натижада болагинам хасталик билан дунёга келди. Ота-онам ҳаммасидан хабар топди. Ва мени уйга олиб кетишди. Олти ойча ота уйимда яшадим. Кейин яна қайнонам эримнниг даволанаётганини рўкач қилиб, ялиниб-ёлвориб олиб келди. Турмуш ўртоғим бир-икки ойча яхши юрарди-ю, кейин яна эски дарди қўзғарди. Энди оиламиз жанжалхонага айланганди. Бундай ука акасининг ҳам жонига текканди. Ахир шунча ишласа ҳам, пул топса ҳам, бири икки бўлмас, топгани нобакор укасига сарф бўларди. Менинг боламнинг дори-дармони эса отамнинг бўйнида эди. Икки ой олдин эса эримнинг яна гиёҳванд модда қабул қилаётганини билиб қолдим. Кайф устида у , чирқиллаб йиғлаётган боламизга ҳам, зор қақшаётган менга ҳам эътибор бермасди.

— Бир кун ўзингизнинг ҳам, бизнинг ҳам бошимизга етасиз, — дедим чидолмай.

— Менга барибир, — деб қўлини силтади у.

Мен эса болаларимни олдим-да, уйга келдим. Яқинда ўғлимни операция қилдирдик. Эрим бирор марта боласининг ҳолидан хабар олмади. Уни кутаётганим ҳам йўқ. Ажрашишга қарор қилиб бўлдим.

Юрагимдагилар тўкиб солишдан мақсад, ҳаётингизда муҳим қарорларни шошиб қабул қилманг. Болаларингизни ортиқча эркалатиб, талтайтириб юборманг. Оғу сабаб бир аёлнинг гулдек умрини хазон қилманглар...

Шоира ВАФОЕВА ёзиб олди

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1