АсосийDunyo

Кабиса йили касофатлар йили(ми?)

'Кабиса йили касофатлар йили(ми?)'ning rasmi

Одатда ҳар тўрт йилда бир келадиган кабиса йили бошқаларидан бир кунга кўплигини  айтмаганда, у қадар жиддий фарқланмайди. Бу  шунчаки астрономик ҳисоб-китоблар бўйича уч  йилдан  ортиб қолган соатлар, дақиқалар ва сонияларнинг йиғиндиси натижасида тўртинчи йилнинг бир кунга  узайишидир.  

Тарихга назар соладиган бўлсак, бу йилда урушлар, табиий ва ижтимоий офатлар, ҳалокатлар  бошқа йилларга қараганда кўпроқ бўлганини сезиш мумкин.  Якунланаётган 2020 йил ҳам шу каби хуш ва нохушг воқеалар билан ёдда қолмоқда.  

  Коронавирус пандемияси  

Коронавирус туфайли келиб чиққан янги касалликнинг илк белгилари ўтган йилниг охирларида аниқланган бўлса, 2020 йил 22 мартга келиб, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти расман пандемия бошланганини эълон қилди. Ўтган ойлар давомида дунёнинг 200 дан ортиқ давлатида қисқа вақт мобайнида миллионлаб одам бу касалликни юқтириб олди. Сўнгги соатларда бутун дунёда  78  митллионга яқин кини коронавирусга чалинган,  шу пайтга қадар бу хасталкдан вафот этганлар сони 1,7 миллион нафарга етди.  

Пандемия туфайли дунё мамлакатлари кўрган зарар миқдори бир неча триллион долларни ташкил этади.  

Ҳозирча ушбу касалликка қарши Ер юзида бир қатор вакциналар ишлаб чиқарилган. Кўпгина давлатларда оммавий эмлаш ҳам бошлаб юборилди. Аммо, ҳозирча бу тадбирларнинг самараси сезилгани йўқ. Мамлакатимизда ҳам 76 мингдан ортиқ  киши коронавирус билан оғриб, шундан 73, 5 минг  киши тузалиб чиқди. Афсуски, 612 нафар инсон нобуд бўлди.  

   Табиий офатлар

Тугаётган йил сайёрамиз аҳли учун анча мураккаб келганини тан олиш лозим. Чунки, дунёнинг ўнлаюб мамлакатлари турли зилзилалар, тошқинлар, тўфону тўзонлардан зарар кўрди. Жумладан Туркиянинг Измир вилоятида 31 октябрда юз берган зилзила туфайли 91 киши нобуд бўлди, минглаб уйлар харобага айланди. Франция ва Италияда октябрь ойида юз берган сув тошқини ва кучли ёмғирлар ўнлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди. Июль ойида Европанинг қатор давлатларида рўй берган қурғочилик қишлоқ хўжалигига мисли кўрилмаган даражада зарар етказди. АҚШ, Португалия, Грецияда юз берган ўрмон ёнғинлари ҳам катта талофатларга, инсонлар фожеасига сабаб бўлди.  

Жумладан, мамлакатимизда Сардоба туманида қурилган сув омборининг емирилиши оқибатидан вилоятдаги бир қатор қишлоқлар сув остида қолди, бир қатор ҳамюртларимиз ҳалок бўлди. Шунингдек, Бухоро вилоятида кучли шамол юзлаб хонадонларнинг мол-мулкига жиддий зарар етказди.  

  Байрут харобалари

Шу йилнинг 4 август куни Ливан пойтахтида Байрутнинг денгиз портида юз берган кучли портлаш 200 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлди. Бу фақат расмий рақам. Ундан зарар кўрганларнинг умумий сони 300 минг кишини ташкил этмоқдла.  

2750 тонна аммиак селитраси сақланаётган ушбу омборнинг портлаши ортидан пойтахтнинг катта қисми яроқсиз ҳолга келди. Россия, Франция Италия, Эрон ва бошқа мамлакатлардан Ливанга инсонпарварлик ёрдамлари жўнатилди. Мазкур фожиа ортидан мамлакатда бир қатор ҳудудларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.  

 Қорабоғда нима гап?

27 сентябрь куни Арманистон қуролли кучларининг Озарбойжон ҳудудига ўт очиб, ўқ отишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни қўпол равишда бузганига жавобан, Озарбойжон кучлири қўшни давлат томонидан босиб  олинган қишлоқларни озод қилишга киришди.  

Икки ойдан кўпроқ давом этган муҳорабада ҳар икки томон катта зиён кўрди. Биргина Озарбойжон ҳарбийлари орасидан   2802  нафар киши ўлдирилган. Арманистон қурбонлари сони 3300 дан ошиб кетган. Мазкур ҳарбий тўқнашувлар оқибатида Арманистон томонидан босиб олинган Тоғли Қорабоғ вилояти ва унга туташ еттита туман Озарбойжонга қайтарилди. Шунингдек, минтақада тинчликни сақлаш мақсадида Россия ҳарбийларидан иборат тинчликпарвар кучлар Тоғли Қорабоғ ҳудудига киритилди.  

 Франциядаги қарама-қаршиликлар

16 октябрь куни Франциянинг Париж шаҳри яқинидаги шаҳарчада тарих ва география фани ўқитувчиси Самюэль Патининг 18 ёшли ўқувчи Абдулла Ансоров томонидан ўлдирилиши ҳам Европадаги нотинчликнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди. Самюэль Пати томонидан дарс пайтида ўқувчиларга ислом пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)нинг «Шарли Эбдо» журналида босилган карикатурасининг кўрсатилиши унинг фожиасига сабаб бўлди. Ўқитувчининг дафн маросимида Франция Президенти ислом дини ва мусулмонларга нисбатан билдирган танқидий фикрлари дунёнинг турли минтақаларида мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлди.  

Туркия Президенти Ражаб Таййиб Эрдоғаннинг даъвати ортидан кўпгина давлатларда одамлар француз маҳсулотларига бойкот талаб қилиб чиқишди.  

Шу билан бирга мамлакатда исломий қадриятларнинг тартибга солиниши ҳақида қонун лойиҳаси муҳокамага киритилиши ҳам оловга ёғ сепгандек бўлди.  Франция, Австрия ва бошқа бир қатор мамлакатларда яна терактлар содир этилди. Жумладан Франциянинг Ницца шаҳридаги черковда  тунислик Иброҳим ал-Ависауи  уч кишининг умрига зомин бўлди. Шунингдек, 2 ноябрь куни Австриянинг Вена шаҳрида албан миллатига мансуб Фейзулай Куйтим кўчада одамларни ўққа тутиши оқибатида 20 киши жароҳатланди, 4 киши вафот этди.  

   Беларусда сиёсий беқарорлик

Жорий йилнинг 9  август куни ўтказилган Беларусда Президент сайловида амалдаги давлат раҳбари 80 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб ғалаба қозонгани унинг асосий рақиби Светлана Тихановская тарафдорларининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Намойишчилар сайлов натижаларига шубҳа билдириб, мамлакатнинг йирик шаҳарларида норозилик намойишларини ўтказишди.  

Бу намойишлар бир неча ой давом этди. Сайловдан сўнг мамлакатни тарк этган Светлана Тихановская ташқаридан ўз тарафдорларини қўллаб-қувватлаб турди. У Лукашенкодан қамоқдаги намойишчиларни озод қилишни ва қайта сайлов ўтказишни талаб қилди, Акс  ҳолда норозилик гнамойишлари тўхтамаслигини билдирди.  Бир қатор Европа мамлакатлари раҳбарлари Беларусдаги сайлов натижаларини тан олишмади.  

Аммо, Адександр лукашенко бу тартибсизликларга  эътибор бермай, уни ғарб давлатларининг ғирром сиёсати деб баҳолади ва мухолифатчилар қўйган шартларни тан олмади. Беларусь раҳбарияти мухолифат тарафдорларининг аксариятини қўлга олиб, асоссиз хибсга олганликда, уларга нисбатан тазйиқ ўтказганликда айбланмоқда.  

   Бу ҳали ҳаммаси эмас

Албатта, бундай нотинчликлар, сиёсий ўзгаришлар, офатлар ва талофатларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Айрим хорижлик таҳлилчилар 2020 йил бошқа йиллардан кўра ҳар жиҳатдан оғир, машаққатли кечганини айтишмоқда. Бу ҳолатини кабиса йилининг бошқаларга нисбаан бирмунча оғир кечиши билан изоҳлаётганлар ҳам йўқ эмас.  

Тарихда кабиса йилларида юз берган фожеаларг истаганча мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, 2012 йилдаги «Титаник» кемасининг чўкиб кетиши, 1948 йилдаги ашхобод зилзиласини, 2000 йилдаги «Курск» кемаси ҳалокатини, 2004 йилдаги Беслан фожеасини ана шу рўйхатга киритиш мумкин. Аммо, бундай фожеалар албатта бошқа йилларда ҳам учраши мумкин.  

Дарвоқе, муқаддас динимиз нуқтаи назаридан турли ирим-сиримларга ишониш, шумланиш ножоиз эканини ҳам унутмаслик керак. Нима бўлганда ҳам, навбатдаги кабиса йили ортда қолмоқда ва у инсоният учун  нисбатан қийин кечаётганини ҳам айни ҳақиқат. Майли, муҳими, кириб келаётган 2021 йилда бундай кўнгилсизликлар асло юз бермасин!

                                                                                                                                                          Рустам ЖАББОРОВ тайёрлади.

    Бошқа янгиликлар