2021 йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзақов АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг (DFC) ижрочи директори Адам Болер билан учрашди. Бу ҳақда Инвеститсиялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар бермоқда.
Учрашувдан кўзланган мақсад А.Болернинг 2020 йилнинг июлида Тошкент шаҳрига амалга оширган ташрифи чоғида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган "Марказий Осиё инвестициявий шериклиги" ташаббусини йўлга қўйиш.
1 миллиард доллардан кам бўлмаган ҳажмда маблағлар жалб этилишини кўзда тутувчи ушбу ташаббус Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига инклюзив, ошкора ва барқарор инвестициялар ўсишини рағбатлантириш учун восита бўлади.
Лойиҳа доирасида энергетика, инфратузилма объектлари, фармацевтика ва кимё саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги аниқ лойиҳаларни молиялаштириш масалалари тўғрисида келишилди.
Шунингдек, «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича минтақавий лойиҳани биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хорижий томон лойиҳанинг Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация алоқаларини мустаҳкамлаш ва минтақа давлатларининг барқарор ривожланишидаги аҳамиятига юқори баҳо берди.






