АсосийSUG'DIYONA

Беш қитъанинг беш хил тўйимли нонуштаси

Ҳар бир халқнинг ўз севимли таоми мавжуд, аммо ҳар қандай миллатни ҳам бир нарса – эрталабки нонуштанинг инсонга кун бўйи куч-қувват бағишлаши учун тўйимли бўлиш зарурияти бирлаштиради. Қовурилган тухум, сули ёрмали бўтқа, бутерброд, сарёғ, мураббо суртилган булочкалар дунё халқларининг севимли таомига айланиб улгурган. Эрталабки нонушта дастурхонини оддий овқатлар билан эмас, дунё таомлари билан безашни истаган инсонлар учун беш қитъанинг беш хил таоми рецептларини эътиборигизга ҳавола этамиз.

Европа. Ирланд скирлиси

Ирланд ошхонаси ўзининг оддий ва тўйимли овқатлари билан машҳур. Улар гўшт, балиқ, ўрмон реза меваларидан унумли фойдаланишади. Зумрад орол аҳолиси ўз анъаналарига содиқ қолишган, улар яратган овқат рецептлари тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. Қувноқ ирланд халқи тўйимли нонушталарни хуш кўради. Сизга тавсия этмоқчи бўлган скирли, яъни гўштли сули ёрмали бўтқа шулар жумласидандир.

Керакли масаллиқлар:

  • қийма — 500 г
  • сули ёрмаси — 200 г
  • сарёғ — 200 г
  • пиёз — 3 дона
  • туз ва зираворлар таъбга кўра
  • қовурилган тухум ва исмалоқ хоҳишга кўра

Тайёрлаш:

  1. Пиёзни майда тўғраб, сарёғда қовурамиз.
  2. Пиёзга қийма, туз, зираворларни қўшиб, қовуришда давом этамиз.
  3. Сули ёрмаси блендерда майдаланади ва қиймага қўшиб, бир неча дақиқа давомида қовуриб олинади (сув қўшса ҳам бўлади).

Жанубий Америка. Колумбия чангуаси

Шакиранинг қуёшли ва қайноқ ватани ўз ошхонасида испан ва маҳаллий ҳинду халқларининг тарихий анъаналарини сақлаб қолган. Маҳаллий аҳоли дуккакли ўсимликларни, маккажўхорини, гўшт ва сабзавот маҳсулотларини севиб истеъмол қилади. Колумбиялик ҳар бир инсоннинг севимли нонуштаси бу – сутли чангуа шўрвасидир.

Керакли масллиқлар:

  • сув — 500 мл
  • сут — 500 мл
  • кашнич — таъбга кўра
  • яшил пиёз барглари — 5 та шох
  • картошка — 1 дона
  • майда тўғралган саримсоқ пиёз
  • тухум — 4 дона.
  • эритилган сарёғ — 1 ош қошиқ
  • туз ва мурч таъбга кўра
  • зира

Гарнир учун:

  • юмшоқ пишлоқ (кубик шаклида тўғралади)
  • кашнич
  • майда тўғралган пиёз
  • тухумда қовурилган тостер нони

Тайёрлаш:

  1. Кастрюлга сув, сут, сарёғ, туз, картошка, саримсоқ пиёз, кашнич солиб, ўн дақиқа қайнатинг.
  2. Қайнаб чиққан шўрвага тухумни шундай чақингки, ичидаги сариғи оқиб кетмасин.
  3. Шўрвадаги тухум пишиб чиққунча, қозон қопқоғини бир неча дақиқа ёпиб туринг.
  4. Ҳар бир ликопчага майда тўғралган кўк пиёз, кашнич, кубик шаклида тўғралган пишлоқ солиб чиқинг. Кейин кастрюлдан пишган тухумни ҳам олиб, ликопчаларга тақсимланг, устидан шўрва қуйинг.
  5. Шўрвани тухумда қовурилган тостер нонлари билан бирга дастурхонга тортинг.

Америка. Мексика чилакилеси


Мексикаликлар тўйимли, ўз навбатида осон тайёрланадиган, сабзавотлар, аччиқ зираворлар қўшилган таомларни севиб тановул қилишади. Уларнинг эрталабки анъанавий нонуштаси бу тўйимли чилакилесдир. Мексикалик деҳқонлар оғир меҳнат юмушларини бажаришса-да, бу таом истеъмолидан ўзларини тетик ва бардам ҳис қилишган.

Керакли масаллиқлар:

  • маккажўхори чипслари  — 13-14 дона
  • томатли соус — 2 пиёла
  • сув — 1/2 стакан
  • қайнатилган товуқ — 300 г
  • қирғичдан ўтказилган чедер пишлоғи — 2 пиёла
  • помидор — 1 дона
  • пиёз — 1 дона
  • сметана — 2 ош қошиқ (таъбга кўра кўпроқ қўшса ҳам бўлади)
  • тухум — 1 дона

Тайёрлаш:

  1. Идишга сув, соус, майдаланган товуқ гўштини солиб, паст оловда қайнатинг. Товуқ гўшти пишган бўлса-да, бу аралашмани яхшилаб қайнатиб олиш керак.
  2. Аралашмага маккажўхори чипсларини солиб, аралаштиринг. Чипсларнинг юмшаб, эриб кетишига йўл қўйманг. Идишни оловдан олиб қўйинг.
  3. Аралашмага ярим чашка пишлоқ солинг.
  4. Аралашмани микротўлқинли печга қўйиш учун ликопчага солинг.
  5. Помидор ва пиёз қўшинг.
  6. Устига қолган пишлоқни сепинг.
  7. Ликопчани бир дақиқага микротўлқинли печга қўйинг, агар усти қизғиш тусга кирмаган бўлса, яна бирор дақиқа узоқроқ қўйишингиз мумкин.
  8. Таом таёр бўлгач, уни микротўлқинли печдан олиб, 10 дақиқа совутинг. Кейин унга сметана қўшиб, дастурхонга тортиш олдидан устига қовурилган тухум қўйинг.

Мексика нонуштаси тайёр, Buenos días, amigos!

Осиё. Ҳиндча дахи барай йогурти

Ҳинд ошхонасининг асосини сабзавотлар, ёрмалар, сут-қатиқли маҳсулотлар ташкил этади. Ҳиндлар асосан вегетариан бўлиб, соғлом турмуш тарзини кечирадилар. Ҳинд миллатининг нонуштаси енгил, тўйимли ва энг асосийси фойдали бўлиши лозим. Эрталабки нонушта учун кечқурун тайёрлаб қўйилган дахи йогурти бизга жуда қўл келади.

Керакли масаллиқлар:

  • сут — 500 мл
  • йогурт — 2 ош қошиқ
  • мевалар — таъбга кўра
  • кўкатлар — таъбга кўра

Тайёрлаш:

  1. Сут қайнаб чиққандан кейин ҳам беш дақиқа давомида араштириб турган ҳолда қайнатамиз.
  2. Сутни Цельсий ҳарорати бўйича 47 даражагача совутамиз (тезроқ совутиш учун сутли идишни тоғора ичидаги совуқ сувга солиш ҳам мумкин).
  3. Стерилланган банка ичига 2 ош қошиқ йогуртни солиб аралаштирасиз, сўнг совутилган сутни қуямиз.
  4. Банкани 5-6 соатга олиб қўямиз.
  5. Эрталаб дастурхонга тортишдан олдин майдаланган мевалар, кўкатлар билан безаймиз.

Африка. Миср фули

Миср ошхонаси деганда яқин Шарқ, араб ошхонасини тушуниш мумкин. Улар ширинликларни, ёрмаларни, дуккакли маҳсулотларни севиб истеъмол қилишади, нонуштада эса “фуль” деб аталувчи таомни тановул қилишни хуш кўришади. Уни алоҳида иссиқ ҳолда, баъзан нонга қўшиб тортишади. Бу таомни кечқурун тайёрлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Керакли масаллиқлар:

  • қуруқ ловия — 2 стакан
  • қизил ясмиқ дони (чечевица) — 2 ош қошиқ
  • помидор — 1 дона
  • пиёз — 1 дона
  • сабзи — 1 дона
  • саримсоқ пиёз — 2 палла
  • нон — 1 дона (таъбга кўра)

Тайёрланиши:

  1. Кечқурун ловия ювилиб, идишга солинади. Устидан сув қуйиб, бир соат ивитилади.
  2. Идишдаги ловия устига сув, ясмиқ дони, бутун помидор, саримсоқ пиёз паллачалари ҳам бутунлигича солинади. Сув қайнаб чиққач, яна ўн дақиқа қайнатилади.
  3. Кейин олов пасайтирилиб, идишнинг қопқоғи ёпилади ва паст оловда 6 соат давомида қайнатилади.
  4. Эрталаб ловия тайёр бўлгач, 2/3 стакан миқдорда қайноқ сув қуюлади ва тайёр ҳолга келгунча қайнатилади. Сўнгра дастурхонга тортилади.

Ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар, эрталабки нонуштангиз мазали, тўйимли ва хайрли бўлсин!

    Бошқа янгиликлар