2021 йил 26 январь куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилди. Унда сенаторлар, Қўмита эксперт гуруҳи аъзолари, Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, қолаверса, 2020 йилда қабул қилинган Президентимизнинг фармон ва қарорлари, таълим-тарбия соҳасини такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишларида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг умумий ўрта таълимга оид қисми ижроси юзасидан халқ таълими вазири Ш.Шерматовнинг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда таълим соҳасига берилаётган эътибор натижасида халқ таълими тизимида қатор ижобий ишлар амалга оширилган.
Жумладан, олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2020 йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган мактаб битирувчилари сони 2 баробарга ошиб, абитуриентларнинг 23 фоизини ташкил этган. Ажратилган давлат квотасининг 34 фоизини (2019 йилда – 23 %) мактаб битирувчилари эгаллаган. Шу билан бирга, умуман битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган мактаблар сони 3 бараварга (2019 йилда - 2126 та, 2020 йилда – 692 та) камайган.
Тизимдаги педагог-кадрларнинг сифат таркиби яхшиланиб, олий тоифали ўқитувчилар сони 9,4 фоиз, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 6 фоизга ошган.
Бундан ташқари, 2020 йилда математика фанидан 56 та, кимё-биология фанидан 28 та, информатика ва АКТ 14 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилган.
2020–2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинган.

Мажлисда сенаторлар томонидан соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Хусусан, 2020 йилда 175 мактаб таълим сифати қониқарсиз, деб баҳоланганлиги сабабли аккредитациядан ўтмаган. Ўқувчиларнинг умумий ўзлаштириш даражаси Сирдарё вилоятида 60,7 фоиз, Тошкент вилоятида 62,4 фоиз, Жиззах вилоятида 62,7 фоиз, Андижон вилоятида 64,2 фоиз, Наманган вилоятида 64,4 фоизни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан паст даража қайд этилган. Назорат ишлари ўтказилган умумтаълим фанларидан ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси физика фанидан 54,6 фоиз, кимё фанидан 54 фоиз натижага эришган.

Шунингдек, педагог кадрлар қайд этган натижалар 2019 йилга нисбатан таққослаб ўрганилганда барча ҳудудларда натижаларнинг пасайганлиги кузатилган. Натижалар Тошкент вилоятида ўртача 54,2 балл, Сурхондарё вилоятида 51,7 балл, Қашқадарё вилоятида 50,5 баллни ташкил этиб, ўртача кўрсаткичлари бўйича сўнгги икки йилда ҳам республикада охирги ўринларда бўлиши, ушбу вилоятларда педагогларнинг ўз устида ишлашлари ва уларнинг малакасини оширишларига етарли эътибор қаратилмаётганлигидан далолат бермоқда.

Бундан ташқари, мажлисда халқ таълими соҳасида педагог ходимлар томонидан содир этилган жиноятлар, меҳнат муносабатларидаги низолар ҳамда вояга етмаганларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Мажлис иштирокчилари томонидан келгусида умумий ўрта таълим соҳасини ривожлантириш, Мурожаатномада белгиланган устувор вазифаларни сифатли бажариш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ва Қўмита қарори қабул қилинди.







