Мамлакатимизда болаларда ўткир лимфобласт лейкоз касаллигини даволаш бўйича Москва-Берлин протоколи татбиқ этилмоқда.
Шунингдек, Россиянинг Дмитрий Рогачев номли Болалар гематология, онкология ва иммунологияси Миллий тиббий тадқиқот маркази, Германиянинг Шаритэ клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Дунё миқёсида болалар онкология ва гематология соҳасида мультидисциплинар ёндошувнинг белгиланганлиги, популяцион ва госпитал канцер-регистрларининг мавжудлиги, даволаш протоколларида замонавий молекуляр, цитогенетик текширув ва илик трансплантацисининг қўлланилиши, ўзак хўжайралари банкининг шаклланганлиги, паллиатив ёрдам тизимининг фаолияти йўлга қўйилганлиги болалар ўртасида гематология ва онкология бўйича касалланиш ва ўлим кўрсаткичини 80 фоизгача камайтира олади.
Хозирда болалардаги ўткир лейкозларда халқаро даволаш протоколлари нафақат Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам татбик этилмоқда. Соҳани етук кадрлар билан таъминлаш мақсадида ўнлаб мутахассисларимиз нуфузли халқаро клиникаларда малака ошириб қайтди. Натижада ўткир лимфобласт лейкозларда 5 йиллик яшаш давомийлиги 75 фоиз, ўткир миелобласт лейкозларда — 45 фоизни ташкил этмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги тегишли қарорига асосан Болалар миллий тиббиёт марказида умумлаштирилган болалар гематология-онкология бўлими ташкил этилиб, у ўз фаолиятини йўлга қўймоқда.
Амалга оширилаётган ҳаракатларга қарамай, бу соҳада ечимини кутаётган масалалар талайгина. Мамлакатимизда ҳар йили болалар орасида хавфли гематологик ва онкологик касалликларини аниқланиши ўртача 1100-1200 тага тенг. Ушбу кўрсаткичнинг ўзи ҳам соҳада тизимли ёрдам кўрсатиш жараёнларини халқаро стандартларга мос бўлган туб ислоҳотларни амалга ошириш нақадар муҳим эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.