“Суҳбатлар давомида ўқувчи қизларга болалар гинекологи томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши салбий оқибатларга олиб келиши тўғрисида тушинтириш берилади”. Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат юзасидан муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 238-мактабнинг 9-11-синф ўқувчи қизлари билан болалар гинекологи томонидан ўтказилган суҳбат турли хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирди.
Бугунги кунда мамлакатимизда эрта туғруқларни олдини олиш, ёшларнинг репродуктив саломатлигини асраш, жинсий зўравонликларни профилактика қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Эрта турмуш ва туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажримлар билан боғлиқ муаммоларни олдини олиш мақсадида Учтепа туман тиббиёт бирлашмаси болалар гинекологи томонидан 238-мактабнинг юқори 9, 10, 11-синф ўқувчи қизлари иштирокида ўтказилган давра суҳбати ана шундай ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
“Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш ва эрта ҳомиладорликнинг салбий оқибатлари” мавзусида ўтказилган давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари асосида ташкил қилинмоқда. Бу каби ўсмирлик физиологияси, репродуктив саломатликка оид суҳбатларни барча умумтаълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари билан режага мувофиқ ўтказиш белгиланган.
Суҳбатлар давомида ўқувчи қизларга болалар гинекологи томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши салбий оқибатларга олиб келиши, кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқиши тўғрисида тушунтиришлар бериб борилади.