1

Шавкат Мирзиёев Афғонистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

ЖАМИЯТ 10.02.2021, 16:19
Теглар: Шавкат Мирзиёев, Афғонистон
Шавкат Мирзиёев Афғонистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди. 

Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Президент Ашраф Ғани давлатимиз раҳбарига Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалаларида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун биродар Афғонистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Трансафғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Президентлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, янги “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.

Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.

Бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирлар ва мулоқотлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Президентлар “Йўл харитаси” ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини бердилар.

Ўзбекистон ва Афғонистон етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтди.

Шарҳлар

Япония Афғонистонга 106 млн долларлик ёрдам юборди

12.12.2022, 21:45

Толибон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки Япония ҳукуматига ўз мамлакатига кўрсатган 100 миллион доллардан ортиқ ёрдам учун миннатдорчилик билдирди, дея ёзмоқда "zamon.uz".Маълум қилинишича, Ташқи...
Ўзбекистон ТИВ 35 кишини ҳалок қилган Афғонистондаги портлаш юзасидан баёнот берди

01.12.2022, 08:37

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Саманган провинциясида содир бўлган террорчилик хуружи юзасидан баёнот берди.Баёнотда Айбак шаҳридаги асосан ёшлар қурбон бўлган портлаш кескин қораланган. Шунингдек, бундай...
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга туркман халқи алоҳида қадрлайдиган алабай зотли кучук совға қилди (видео)

21.10.2022, 13:45

Туркманистонга расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакат Парламентининг юқори палатаси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди, дея хабар бермоқда Прехидент матбуот хизмати. Давлатимиз раҳбари...
"Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш ва у ерда тинч ҳаётни тиклаш муҳим". Шавкат Мирзиёев Остонадаги саммитда нутқ сўзлади

13.10.2022, 11:20

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш VI саммитида нутқ сўзлади. Ўзбекистон раҳбари Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш ва...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1