АсосийJamiyat

Сенаторлар Наманганда мактаб битирувчилари билан очиқ мулоқот ўтказди

'Сенаторлар Наманганда мактаб битирувчилари билан очиқ мулоқот ўтказди'ning rasmi

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабларининг битирувчилари билан “Сенатор ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Унда Президентимизнинг Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқи ҳамда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ёш авлоднинг порлоқ истиқболини таъминлаш бўйича белгилаб берилган долзарб вазифалар, қолаверса, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунча берилди.

Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилганига ҳам ўзига хос эзгу маъно мужассам. Зеро, Учинчи Ренессанс даврига ақлу заковатли, азму шижоатли ёшлар билан пойдевор қўйилмоқда.

Очиқ мулоқотда айни шу ҳақида фикр-мулоҳазалар юритиларкан, энг аввало, ўсиб келаётган ўғил-қизлар Имом Бухорий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Ибн Сино, Фаробий, Навоий, Бобур каби буюк алломаларга бешик бўлган муқаддас заминда улғайишаётганларини, ўзликни англашлари лозимлиги қайд этилди. Бинобарин, катта ҳаётга қадам қўйиш арафасидаги ёшлар ўз олдига аниқ мақсадларни қўйиб, уларнинг рўёби йўлида “олтин”га тенг вақтларини телефон ёки интернетга эмас, илму маърифатга, китоб ўқишга сарфлашлари муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир жиҳат. Учрашувда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари эшитилди. Хусусан, Абдулбосит Қодирхонов мактабларда ўтилаётган информатика дарслари асосан назария билан чекланиб қолинаётгани, кўпроқ амалий машғулотларга урғу бериш кераклиги, бунинг учун айни пайтда компьютер техникалари билан жиҳозланган ўқув-лаборатория хоналарини кўпайтиришга эҳтиёж сезилаётганлигини билдирди.

Улуғбек Боситовнинг таклифи ҳам эътиборга молик. У битирувчи синф ўқувчиларининг танлаган касбий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда мактабларда тегишли мос фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўқитишни, фан тўгараклар фаолиятини жонлантириш лозимлиги, шунда ўқувчиларни репетиторма-репетитор юришига ҳожат қолмаслигини қайд этди.

Шунингдек, жамоат саломатлиги тиббиёт техникумларида квоталар сонини ошириш, айниқса, хорижий тилларни ўқитишда инглиз тилидан ташқари роман-герман тиллари бўйича ҳам дарсларни йўлга қўйиш, чақириққача ёшларни тайёрлаш дарсларини кўпроқ кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш каби таклифлар ўртага ташланди.

Сенат аъзолари ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва муаммоларини кўриб чиқиб, тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берди ҳамда уларнинг ижросини назоратга олди.

    Бошқа янгиликлар