Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатларни шакллантирувчи, демократик сиёсий тизимнинг таркибий тузилмаларини ҳамда фуқаролик жамиятининг асосларини яратувчи, инсон ҳуқуқлари кафолатларининг тизимини қарор топтирувчи, хуллас, бутун ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг ҳуқуқий негизини барпо этувчи Конституция, конституциявий қонунлар, кодекслар ва кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Мазкур қонунчилик базаси бугунги кунда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қиляпти. Шу билан бирга, мустақиллик йилларида яратилган миллий қонунчилигимизни халқаро андозаларга ва нормаларга уйғунлаштириш ҳамда ижтимоий ҳаёт билан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, миллий ҳуқуқ тизимимизда юзага келаётган коллизион ҳолатларни олдини олиш ва бартараф этиш ва ниҳоят шу асосда қонунчиликни қўллаш самарадорлигини ошириш борасида айрим муаммолар юзага келаётганлигини ҳам эътироф этиш жоиз.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларга алоҳида тўхталиб, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритди.
Жумладан,бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиши, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилиниши ҳамда “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозимлиги Президент томонидан таъкидлаб ўтилди.
Навбатдаги муҳим масала–фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши бўлди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши ҳудудларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек,суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.
Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилишидир. Инвесторлар ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкинлиги тартибининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этди.
Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмай, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалга оширилган ишлар ва белгиланган вазифаларнинг ҳуқуқий асосларидан бири бу “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-662-сонли қонуни бўлди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, инвесторлар ҳуқуқларини янада ишончли химоя қилиш ва рақобат тўғрисидаги низоларни кўриб чиқишга қаратилган механизмлар жорий этилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси “Инвестициявий низолар бўйича ишлар” номли 27-1-модда билан тўлдирилди ва унга кўра, инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар киради.
Шунингдек, рақобат тўғрисидаги ишлар, яъни 27-2-модда билан тўлдирилди ва унга кўра, рақобат тўғрисидаги ишлар бўлиб юридик шахслар, шу жумладан чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган, маъмурий суд судловига тегишли низолар ҳисобланади.
Шу билан бирга, мазкур кодекснинг 28-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, эндиликда инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилади.
Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонига асосан, Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилди.
Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (кейинги ўринларда — йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.
Қонун нормаларига бундай ўзгартиришларнинг киритилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини, шунингдек инвестиция муҳитини янада яхшилашга, инвесторлар, айниқса йирик инсвесторларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли химоя қилиш механизмларини кенгайтиради.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар Мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Бу эса, ўз навбатида судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларга риоя қилган ҳолда адолат тамойилидан оғишмай амалга ошириш масъулиятини янада оширади.
Сухроб Талипов ва Маъруф Эргашев, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси






