"Даракчи" таҳририятига Навоий вилоятида яшовчи фуқаро В.У.дан мурожаат келиб тушди:
— Ажрим ҳақидаги қарордан кейин апелляция муддати 20 кун экан. Жиноят, маъмурий, иқтисодий ишларни кўришдаги апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш муддатлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз,илтимос.
Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро суди раиси вазифасини бажарувчиси Маликахон ЗАКИРОВА билан боғландик...
- ФУҚАРОЛИК СУДЛАРИГА
ФПКнинг 383-моддасига кўра, тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.
Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.
ФПКнинг 385-1-моддасига мувофиқ, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан 1 ой ичида берилиши мумкин.
Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган апелляция шикояти (протести) апелляция шикоятини (протестини) берган шахсга қайтарилади.
Ўтказиб юборилган муддат, агар муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра 1-инстанция судининг ажримига биноан тикланиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги масала ушбу Кодекснинг 155-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинади.
400-моддага кўра, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар 1-инстанция судининг ажримлари устидан суд томонидан ажрим чиқарилган ёки юборилган кундан эътиборан 20 кун ичида апелляция инстанцияси судига қуйидаги ҳолларда суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида шикоят қилиши ва прокурор протест келтириши мумкин:
1. Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда;
2. Суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ҳолларда. Биринчи инстанция судининг бошқа ажримлари устидан хусусий шикоят (протест) берилмайди, бироқ бундай ажримларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.
Шу кодексининг 405-1-моддага кўра, кассация шикояти (протести) бериш муддати кўрсатилган бўлиб, унда Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига эътиборан 1 йил ичида берилиши мумкин.
Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра, кассация инстанция судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан 3 ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин. Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
- МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА
МЖтКнинг 324-1-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан суднинг қарори чиқарилган шахс, жабрланувчи, уларнинг қонуний вакиллари, адвокат, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли. Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан шикоят (протест) иш билан бирга 3 сутка ичида апелляция инстанцияси судига юборилиши лозим.
МЖтКнинг 324-3-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан 20 сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган тақдирда, апелляция шикояти (протести) берувчи шахснинг илтимосномасига кўра, қарорни чиқарган суд, агар муддатнинг ўтказиб юборилганлиги сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномани рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.
МжТКнинг 324-12 -моддасига кўра, кассация шикояти (протести) бевосита Олий судга берилади.
Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан 6 ой ичида берилиши мумкин.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган ҳолларда, кассация инстанция суди кассация шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига асосан, агар уни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ўтказилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 203-моддасида, агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан 1 ой ичида берилиши мумкин.
Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
226-моддасига кўра, "Кассация шикояти (протести) бевосита Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Шу кодексининг 227-моддасида, кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан 1 йил ичида берилиши мумкин. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.
- ЖИНОЯТ СУДЛАРИГА
ЖПКнинг 497-4-моддасига кўра, апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин.
Ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат ичида иш суддан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Тарафлар шу вақт мобайнида иш билан суд биносида танишишга ҳақли.
Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга хабар қилинади.
497-5-моддага кўра, апелляция шикояти ёки протести бериш муддатини тиклаш тартиби кўрсатилган. Унда, хукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш муддати узрли сабабларга кўра, ўтказиб юборилган ҳолларда апелляция шикояти ёки протести бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳукм чиқарган судга муддатни тиклаш сўралган илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин. Зарур ҳолларда, бу масала илтимоснома берган шахснинг иштирокида ҳал қилинади.
497-11-моддага кўра, иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан 20 кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши мумкин. Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади. Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ва протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин. Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, агар ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақли.
498-моддасига кўра, 1-инстанция судининг апелляция тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари, ажримлари кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин.
Кассация инстанцияси судининг қарорлари ушбу Кодекснинг 497-19-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра такроран кассация тартибида қайта кўрилиши мумкин.
Ушбу кодексининг 500-моддасига кўра, кассация шикояти, протести бевосита кассация инстанцияси судига – Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади. Агар шикоятда, протестда қуйидаги масалалар қўйилган бўлса, ишни кассация тартибида қайта кўришга фақат ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг 1 йил ичида йўл қўйилади:
1. Оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги тўғрисида;
2. Жазони кучайтириш тўғрисида ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгартиришлар ҳақида;
3. Оқлов ҳукмини ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажримни бекор қилиш тўғрисида.
- ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРГА
ИПКнинг 259-моддасига асосан «Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақлидир. Прокурор, юқори турувчи прокурор фақат прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.
262-моддасига кура, Агар қонун ҳужжатларида бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
ИПК нинг 283 моддасига кўра, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади»;
285-моддасига кура, кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин»;
Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “ Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги N ПФ-6034 Фаромнига мувофиқ суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатилиб, Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилинган.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА