АсосийJamiyat

Суд орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш мумкинми?

'Суд орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш мумкинми?'ning rasmi

“Даракчи” таҳририятига Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро С.Ражабовадан мурожаат келиб тушди:

— Суднинг қарорига кўра, менга 2 йил муд­датга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланганди. Ҳозирги кунда тайинланган жазонинг ярми­ни ўтаганим сабаб, ҳайдовчилик гувоҳномамни қайтариб олиш учун қандай йўл тутишим керак?  

Фуқаронинг мурожаатига жавоб олиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Жаъфар Қурбонов билан боғландик...

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 343-моддасига кўра, муайян муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс меҳнатга ҳалол муносабатда бўлса ва намунали хулқ-атвори билан ўзини кўрсатган тақдирда ҳамда суд томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосининг камида ярми ўтгач ва тайинланган жарима жазоси тўлангач, фақатгина ҳуқуқбузар ишлаб турган корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятининг судга киритган илтимосномаси мавжуд бўлгандагина сизга нисбатан жазо қўллаган маъмурий суд бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини кўриб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, фуқаро корхона, муассаса, ташкилотда ҳақиқатдан ҳам ишлаётганини тасдиқловчи ҳужжатлар: ишга қабул қилинганлиги ҳақида чиқарилган буйруқнинг нусхаси, меҳнат дафтарчасининг нусхасини илова қилган ҳолда судга тақдим этиши лозим.

  • ТАЪКИДЛАШ ЖОИЗ...

Агарда шахс 60 ёшдан ошган, яъни меҳнатга қобилиятсиз бўлса унда яшаш жойи бўйича маҳалладан берилган илтимосномага ҳам асосланиб ишни кўриш мумкин. Бордию, шахс жарима жазосини тўламаганлиги сабабли Мажбурий ижро бюросининг қарорига асосан озод килинган бўлса, унда суд томонидан тайинланган жарима тўланмаган ҳисобланади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар