АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов ОАВ вакиллари ва блогерларнинг суд жараёнларида иштирок этиш тартиби ва судьяларга нисбатан нохолис айбловлар юзасидан баёнот берди.
Матбуот котибининг таъкидлашича, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 68-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади.
️ОАВ вакилларининг суд жараёнларини видеотасвирга тушириш тўғрисидаги илтимосномаси қандай ҳолларда суд томонидан қаноатлантирилади ва аксинча қачон рад этилади?
" – Бу борада судлар Олий суд Пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида” ги қарорининг 14-бандидан ўрин олган тушунтиришга риоя қиладилар.
“Очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
- ️фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
- ️жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан” дея белгилаб қўйилган.
Жиноят кодексининг 236-моддасида “Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, деб белгилаб қўйилган.
Судьянинг рухсатисиз суд жараёнларини видеотасвирга олишга ҳамда трансляция қилишга уриниш билан боғлиқ жараёнлар ҳам суд ишларини ҳал этишга аралашишнинг бир кўринишидир.
Демак, судларга ҳурматсизлик кўрсатадиган, суд мажлиси тартибига риоя этмайдиган, суднинг рухсатисиз суд жараёнларини видеотасвирга олишга уриниб, судьянинг фармойишларига бўйсунмайдиган шахслар бундай хатти-ҳаракатлар салбий оқибатларга, хусусан, маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини унутмасликлари керак", – дейди Азиз Обидов.






