АсосийJamiyat

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг парламентда доимий вакили бўлади

'Нодавлат нотижорат ташкилотларининг парламентда доимий вакили бўлади'ning rasmi

Олий Мажлис қуйи палатасининг депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, мазкур мазмундаги ҳужжат Президентнинг «2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 6181-сонли Фармонида кўзда тутилган.

 Унга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили жорий этилади.

 Доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётга тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгиланган.

 Доимий вакил фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

 Концепция доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш кўзда тутилган.

 Маълум бўлишича, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм маблағлар ажратиш белгиланган.

 Шунингдек, 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари» ташкил этилмоқда.

 " – Жамиятда фаол фуқаро сифатида иштирок этаётган ва келгусида шундай фаоллар қаторида бўлишни истаган барча ушбу Фармон ва Концепция билан яқиндан танишиб чиқиши керак, деб ўйлайман.

 Кучли фуқаролик жамиятини қурмоқчи бўлсак, бу йўлда қандай масалалар борлиги ва қанақа режалар белгиланаётганлигини яхши билиб олишимиз керак. Ана шунда ҳаракатларимиз тартибли ва самарали бўлиши мумкин", дейди депутат. 

 

    Бошқа янгиликлар