АсосийSalomatlik

Болаларда кўп учрайдиган маймоқлик касаллигининг белги ва шакллари қандай?

'Болаларда кўп учрайдиган маймоқлик касаллигининг белги ва шакллари қандай?'ning rasmi

Болаларда кўп учрайдиган ортопедик хасталиклардан бири маймоқлик ҳисобланади. Ушбу касалликнинг белгилари, ташҳислаш усуллари қандай? Уни даволаш учун нима қилиш керак? ССВ матбуот хизматининг шу каби саволларига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Болалар травматология  ва ортопедияси бўйича бош маслаҳатчиси Абдухалил ХУДЖАНОВ жавоб берди.  

—  Маймоқликнинг ташҳислаш усуллари қандай?

—  Ушбу хасталик диогностикаси мураккаб эмас. Агар болада тўғма маймоқлик мавжуд бўлса, туғруқхонанинг ўзидаёқ илк аломатларини илғаш мумкин. Яъни малакали доялар чақалоқ оёқларининг тузилишидан келиб чиқиб ортопед кўригини тавсия этишади.  

Туғруқхонадан чиққач, роппа роса бир ойдан сўнг болани ортопед-шифокорга олиб борган маъқул. Мутахассис маймоқликнинг тури ва даражасини аниқлаб, аввалига даволаш гимнастикаси ҳамда уқалаш машқларини тавсия этади. Шу тариқа болакайни гипс қўйишга босқичма-босқич тайёрлаб бориш лозим, чунки  дабдурустдан гипс қўйиш кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Маймоқлик уч асосий белгига кўра тасдиқланади: супинация — оёқ панжасининг ўз ўқи атрофида айланиши, эквинус – оёқ панжасининг пастга тушиши ҳамда оёқ олди қисмининг ичкарига томон бурилиши.  

Мана шу аломатлар биргаликда намоён бўлсагина маймоқлик ташҳиси қўйилади. Оёқни ичкари тарафга буриб қадам ташлаш боладаги рахит аломати  ёхуд тизза, сон-чаноқ патологиясидан дарак бўлиши ҳам мумкин.  

—  Маймоқликнинг қандай шакллари бор?  

— Маймоқликнинг туғма шаклидан ташқари иккиламчи кўриниши ҳам мавжуд. Бу, асосан, неврологик касалликлар ва жароҳатдан кейинги нотўғри суяк битиши асоратидир. Маймоқлик ҳар икки ёки бир оёқда бўлиши мумкин. Шуни ёддан чиқармаслик керакки, ҳатто икки томонлама маймоқликда ҳам болакай тўлиқ соғайиб кетади!

Даволаш гимнастикаси ва уқалаш муолажаларидан сўнг оёқ суяги гипс боғламини қўйишга тайёр ҳисобланиб, асосий муолажа бошланади. Аввалига гипс боғлами ҳар ҳафтада бир маротаба алмаштириб турилади. Баъзи болаларда гипс муолажаси бир икки ой қўлланса, айрим беморлар учун олти-етти ой керак бўлади.  

Бу боланинг организми, касаллик даражаси ва қолаверса, ота-онанинг парвариши, эътиборига боғлиқ. Гипс боғлами босқичма-босқич янгилаб борилаётган пайтда муолажанинг бирортасини ҳам кечиктириш, ўтказиб юбориш ярамайди. Шунинг учун бундай пайтда ота-онадан фарзанди саломатлигига эътиборлироқ бўлиш талаб этилади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар