Ижтимоий тармоқларда фуқаро Д.Худайқулов номидан Бош прокуратура ходимининг Олий суд ходимлари билан тил бириктириб, фуқароларнинг мурожаатларини бизнесга айлантирганлиги ва бошқа ҳолатлар ҳақидаги хабарга Бош прокуратура расмий муносабат билдирди.
Аниқланишича, аввлроқ фуқаро Д.Худайқуловнинг ўзига нисбатан бўлган маъмурий иш бўйича чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб йўллаган мурожаатлари Бош прокуратурада кўриб чиқилган.
Иш ҳужжатларига кўра, фуқаро Д.Худайкулов 12.10.2018 йил “Нексия” русумли автотранспорт воситасини бошқариб келиб, бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши тарафига ўтиб кетган ҳамда қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган Ж.Салаев бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситаси билан тўқнашиб, йўл транспорт ходисасини содир этган.
Шунингдек, Д.Худайкуловнинг орқасидан ҳаракатланиб келаётган “Матиз” русумли автотранспорт воситаси ҳайдовчиси С.Ражапов унинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситасининг орқа қисмига урилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Урганч туман маъмурий судининг 11.10.2019 йилдаги қарори билан Д.Худайқулов МЖтКнинг 133-моддаси, С.Ражапов МЖтКнинг 134-моддаси ва 135-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида, яъни 552.000 сўмдан жарима жазоси тайинланган.
Шу билан бирга, ушбу қарорда Д.Худайкуловдан Ж.Салаевнинг фойдасига автотранспорт воситасига етказилган зарар учун 1.778.000 сўм, С.Ражаповдан Д.Худайкуловнинг фойдасига 264.000 сўм моддий зарар ундириш кўрсатилган.
Хоразм вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 16.01.2020 йилдаги қарори билан биринчи инстанция суди қарори ўзгартирилиб, Д.Худайкуловга нисбатан тайинланган жарима жазоси энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида, яъни 184.300 сўм этиб белгиланган.
Судда Д.Худайкуловнинг содир қилган ҳуқуқбузарлиги ишда тўпланган тушунтириш хатлари, йўл-транспорт ходисаси чизмаси, фотосуратлар ҳамда бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
Хоразм вилоят прокуратураси томонидан ҳуқуқбузар Д.Худайкуловнинг айблилик масаласи далиллар билан тўлиқ тасдиқланмаганлиги асос қилиниб, ишнинг унга оид қисмини тугатиш ҳақида Олий судга назорат тартибида протест келтириш масаласини кўриб чиқиш бўйича Бош прокуратурага тақдимнома киритилган.
Бироқ, тақдимномада келтирилган важлар иш ҳужжатларида ўз тасдиғини топмаганлиги боис, тақдимнома қувватланмасдан қайтарилган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан Д.Худайкуловнинг мурожаати асосида ушбу маъмурий иш қайта ўрганиб чиқилиб,
Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига протест келтириш учун асослар аниқланмаган.
Шу ўринда Ўзбекистон қонунчилигида ёлғон ва нотўғри ахборотларни тарқатганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланганлигини, шунингдек, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқлари қаторида мажбуриятларини ҳам тўлиқ англаб етиши лозимлигини билдириб ўтамиз.






