Оилада кичкинтой пайдо бўлгач оналар хонадаги розеткани, шиша ва тиғли буюмларни кўздан нари қилиб, беркитишади. Аммо боланинг соғлигига хавф солувчи бундан бошқа буюмлар ҳам борлигини улар унутиб қўйишади. Қуйида номлари келтирилган буюмлар ҳамма хонадонда мавжуд, улар туфайли болалар кўп ҳолларда шифохонага тушиб қолишади.
Маиший кимё
Агар идиш ювувчи воситани юқори токчага ёки шкаф ичига яширган бўлсангиз, бу бола уни тополмайди дегани эмас. Кимёвий восита боланинг қўлига тушиб қолса, унинг терисига, кўзига ёмон таъсир қилиши, агар ичиб қўйса, заҳарланиши ҳам мумкин. Уни яхшиси, қулфлаш мумкин бўлган жойда сақланг.
Ёшига мос бўлмаган ўйинчоқлар ва спорт инвентарлари
Агар уйда кичкина болангиздан ташқари тўнғич фарзандингиз бўлса, майда деталлардан иборат бўлган паззллар, конструкторлик ўйинчоқлари кичкинтой учун хавф туғдиради. Кичкинтойни бундай ўйинчоқлардан асраш мушкул иш. Уларнинг сафига велосипед, гантель ва бошқа спорт анжомларини ҳам қўшиш мумкин.
Аёллар сумкаси
Ишдан қайтишингиз билан сумкангизни стулга ёки полга ташлайсиз. Сумка ичидаги пардоз буюмларингиз ҳам бола учун хавфли бўлиши мумкин. Қўл учун спрей-дезинфектор, маникюр қайчиси, тирноқлар учун эговча, ҳаттоки оддийгина помада ҳам боланинг қўлига тушиб қолса, ёмон оқибатларга олиб келади.
Тувакдаги ўсимликлар
Бола тувакдаги тупроқни полга сочишидан ташқари, ўсимлик баргларини оғзига соладиган бўлса, бундан кучли заҳарланиши мумкин. Чунки кўп ҳолларда уйда ўстириладиган ўсимликлар барги заҳарли бўлади.
Уй ҳайвонларининг егуликлари
Итлар учун мўлжалланган овқат кўп ҳолларда очиқ идишда, ерда туради. Боланинг уни оғзига солиб, таъмини тотиб кўриши ҳам заҳарланишга олиб келади.
Ҳар йили минглаб болалар уйда олинган тан жароҳатлар ва заҳарланишлар билан шифохонага тушадилар. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун иложи борича болани уйда ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қилинг.
Яхшиси, уйга боланинг кўзи билан назар ташланг, сизни нима қизиқтирган бўлса, шу буюмни кўздан яширинг.





