Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтгани, унда депутатлар Ҳисоб палатасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиққани ҳақида хабар бергандик.
Ҳисобот даврида Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджетининг республика ва ҳудудлар даражасида шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан назорат ташкил этилган, шунингдек бюджет маблағларининг қонун доирасида мақсадли йўналтирилиши ва самарали сарфланиши устидан текширишлар олиб борилган.
30 ЙЎНАЛИШ БЎЙИЧА 90 ТА ОБЪЕКТДА ТЕКШИРИШ
Сиддиқжон АБДУБОҚИЕВ, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси:
— 2015 йилда Ҳисоб палатаси Иш дастурига асосан, 30 та йуналиш буйича 90 та объектда назорат тадбирини амалга оширди.
Ушбу назорат тадбирларга эътиборимизни қаратадиган бўлсак, Сирдарё, Тошкент ва Кашқадарё вилоятларида маҳаллий бюджетнинг ижроси бевосита худудларга чиққан ҳолда текширилди. Текшириш натижалари буйича маҳаллий бюджетларнинг даромадларини ошириш ва харажатларини камайтириш учун кўшимча захиралар мавжуд бўлганлиги аниқланган.
Жумладан, Давлат бюджет даромадларининг бажарилиши ўрганилганда, Сирдарё вилоятида 571,2 млн. сўм, Қашқадарё вилоятида 894,2 млн. сўм ва Тошкент вилоятида 1 144,4 млн. сўм солиқ ва мажбурий тўловлар кам ҳисобланганлиги аниқланган.
Шунингдек, бюджетдан маблағ олувчи бюджет муассасаларининг ишчи ва ходимларига ҳисобланган иш ҳақларини тўлашда бюджет маблағлари ортиқча ва ноқонуний йўллар билан пластик карталарга ўтказилганлиги аниқланган.
ОРТИҚЧА ВА НОҚОНУНИЙ САРФЛАРГАН МАБЛАҒЛАР
Жумладан ҳисобот йиғилишда таъкидландики, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бюджетдан маблағ олувчи муассасаларининг ишчи ва ходимларига ҳисобланган иш ҳақларини тўлашда ортиқча ва ноқонуний сарф-харажатлар 2 млрд. 585 млн. сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари биргина соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам жами 5 млрд. 658 млн. сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган.
Шу билан бирга ушбу худудларда Давлат дастурларининг ижросини таҳлил қилиш ҳам ўрганиб чиқилди. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 25 февралдаги 41-сонли қарорига асосан, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, Тошкент ва Қашқадарё вилоятидаги "Асакабанк"дан лизинг асосида "Сувоқова" корхоналарига техникалар харид қилиш учун бюджет маблағлари ажратилган. Бироқ, Сувоқава корхоналари лизинг тўловларини ўз вақтида тўламаганлиги сабабли банклар томонидан техникалар қайтариб олинган. Бунинг натижасида бюджетдан ажратилган қарийб 1 млрд.сўм маблағ самарасиз сарфланган.
Таъкидланишича, жойларда бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликлар, бюджет интизомини бузиш ҳолатлари чуқур танқид остига олиниши билан бирга, ушбу камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилиниб, алоқадор вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар томонидан молиявий хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.
Шу каби ҳисобот давридаги аниқланган камчиликлар юзасидан амалдаги ҳуқуқий меъёрлар асосида тегишли ташкилотлар томонидан чоралар кўрилди. Жумладан 102 нафар ходим ишдан бўшатилган, 145 нафарига нисбатан маъмурий, 104 нафарига нисбатан жиноий иш қўзғатилган ҳамда 445 нафар масъул шахсларга нисбатан ҳайфсан эълон қилинди.