1

Юрагимда сақлаганларим: “Сени кўргани келдим, қизим...”

МУТОЛАА 07.03.2016, 11:36
Юрагимда сақлаганларим: “Сени кўргани келдим, қизим...”

Янги ҳаёт бошлаганимга ҳали кўп бўлгани йўқ, лекин жуда қийин вазиятга тушиб қолдим. Дардимни ҳеч кимга айтолмайман... Менга маслаҳат берадиганлар чиқиб қолар, деган умиддаман.

Ота-онам мен эсимни танимасимдан ажрашиб кетишган. 

— Ойи, Насибани дадасини мен ҳам дада десам майлими? – болалигимда онамга шундай савол берганимда у юм-юм йиғлаганди. 

— Йўқ, қизим, Насибани дадаси сенинг тоғанг бўлади. У кишини тоға дейишинг керак. 

— Унда менинг дадам қаерда, келсинлар...

Онамни ўша пайтда жуда қийнаганимни энди-энди англаяпман. Ёлғиз боши билан укам иккимизни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Анча йил тоғамнинг оиласи билан яшадик. Атрофимдаги болалар дада деб оталарининг бўйнига осилганида, нега менинг отам йўқ, деб ич-ичимдан эзилардим. Дадам бизни олиб кетиш учун келишини шунчалик истардим-ки... 

— Ўртоғимнинг дадаси касал бўлиб қолган экан, дўхтирлар олиб кетишибди. Бизни дадамизни ҳам дўхтирлар олиб кетган, тўғрими, опа? Тузалсалар келадилар... – эсини таний бошлаган укамнинг бу гапига мен ҳам ишона бошладим. Лекин анча йиллар ўтди ҳамки, дадамдан дарак йўқ.    

— Қизим, уйимизга меҳмон келган. Сен билан укангни кўргани...Кириб кўриш, — деди бир гал бувим. 

— Дадамми?!. Ана, айтгандим-ку, дадам бир куни барибир келади, деб. Укамни ҳам чақириб келайми? 

— Уканг аллақачон келган...

Хаёлимда дадам укамни қучоқлаб ўтирибди, деган тасаввурда шошиб меҳмонхонага кирдим. 

Тўрда бир бегона киши ўтирибди, укам эса тоғамнинг ёнида унинг пинжига киргудек бегонасираб турибди. Онам кўринмайди. 

— Салом бер, дадангга, қизим...

— Ассалому алайкум... – негадир ташқарига қайтиб чиқмоқчи бўлдим. Тушларимизга кириб, бизни маҳкам бағрига босиб эркалайдиган дадам менинг тасаввуримдаги киши эмас, қандайдир бизга умуман бегона одам экан. 

— Катта қиз бўлиб қолибсан-ку...

Орзу қилганимдек унинг қучоғига отилмадим, дадам ҳам менга талпинмади. Нега у ҳақиқий отам бўлса, бизга шунчалик бегона, деб ўзимга савол берардим улғайганим сари.   

Ота дийдорига тўймай ўсган болалигимиз ҳам ортда қолиб кетди. Укам ҳам, мен ҳам ўз ҳаёт йўлимизни топиб олдик. Бизни ёлғиз боши билан оёққа турғизган онам қанчалик қийналганини энди англаяпман. Тоғаларимдан ҳам бир умр миннатдорман. Кўнглимизни ўкситмаслик учун қўлларидан келганини қилишди улар. Мактабни тугатиб, институтга киришга тайёрланиб юрган кунларимда уйимизга бирин-кетин совчилар кела бошлашди. 

— Яхши жойдан келишди, опа. Қиз болага ҳар доим ҳам бундай жойдан совчи чиқавермайди. Узатиб юбораверинг, ўзлари ўқитиб олишади, — онамни ўртага олишди холаларим. 

— Онангни қийнама, қизим, униям ўйла. Ҳаётини сен билан укангга бағишлаб, қайта турмуш ҳам қурмади. Энди сизларнинг орзу-ҳавасингизни кўрсин. Совчиларни рад қилма...

Қариндошларимизнинг гапи тўғри эди. 

“Ўқишга кириб олсам, мени тинч қўйишади”, деб ўйлардим. Афсуски, омадим чопмади, “Яхши жой”га узатадиган бўлишди мени.

Мана, келин бўлиб тушганимга ҳам икки йилча бўлиб қолди. Тушган хонадоним жуда яхши. Қайнота-қайнонам меҳрибон, ширинсўз одамлар. Менга қилаётган эътиборларидан бир томондан ўксик қалбим қувонса, бир томондан жуда ийманардим. Ҳаётнинг менга берган туҳфасимикан бу? Отасиз ўсган қалбимни турмуш ўртоғимнинг меҳри тўлдиргандек бўлди. Мен ҳам янги оиламга бор меҳр, эътиборимни беришга интилардим. Бир йил ўтиб ўғилли бўлдик. Ҳаётнинг мазмуни, ҳақиқий бахт нималагини энди англай бошладим. Онам ҳам, келинлик хонадонимдагилар ҳам жуда хурсанд. Келинлигимда эрталабдан кечгача катта ҳовлида бир ўзим қолиб, уй юмушларини тугатганимдан сўнг зерикиб қолардим. Энди кичкинтойим билан бўлиб, кунлар қандай ўтаётганини ҳам сезмай қоляпман. Қайнона-қайнотам бозорда ишлашади, турмуш ўртоғим кичик хусусий тадбиркорлик корхонасини юритади. Моддий томондан ҳеч қандай камчилик йўқ, еганим олдимда, емагани ортимда десам ҳам бўлади. Уларга қўлимдан келганича хизмат қилишни, кўнгилларидагидек келин бўлишни истаганим учун мен ҳам тинмайман. Мени қийналиб ўстирган онамга, бувим ва тоғаларимга ҳам бир гап тегмасин, дейман-да. Турмушимизнинг иккинчи йилида қайнонам пулларини ҳам менга ишониб топширадиган бўлди.

— Ҳамма пулларни менга бериб кетишяпти. Баъзида саналмаган бўлади. “Яхшилаб тахлаб, санаб қўйинг”, дейди қайнонам. Сизга озроқ пул олиб келдим, ойи. Камчилигингизга ишлатарсиз. Уйдагилар билишмайди, — бир марта онамга озроқ пул олиб боргандим, балога қолдим.

— Бу ишни бир марта қилдинг, иккинчи марта қилма. Эрингнинг рухсатисиз унинг бир тийинига ҳам хиёнат қилма. Мен сендан пул сўрадимми? Худога шукр, шу кунгача ҳеч кимдан қарздор бўлган жойим йўқ. Жуда кунимдан қолсам, ана, ўғлим бор, кунимга ярайдиган...

Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётганди... Ярим олдин рўй берган бир воқеа сабаб ҳаловатим йўқолган. Хуллас, менинг яхши жойга келин бўлганимни эшитган отам йўқлаб келадиган бўлди. Болалигимда қанчалик зор бўлгандим унга, энди эса... Биринчи марта турмуш ўртоғим билан бирга кириб келишганида ҳушим бошимдан учай деди.

— Дастурхон туза, ойиси, меҳмон келди. Ҳойнаҳой, бу қариндошингни танимасанг керак. “Аёлингизнинг қариндоши бўламан, мени яхши танимайди”, дедилар. Уйга олиб келавердим. Тез ошга унна...

Турган жойимда анча пайт қотиб қолдим. Меҳмонхонага кириб кетган эрим мендаги ўзгаришни сезмади, яхшиям. Отамнинг бу қилиғидан хафа бўлишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмасдим. Кўнглимнинг бир бурчида “Озгина бўлсаям, менга нисбатан меҳри бор экан-ку, йўқлаб келибди, нега отасиман, деб очиқ айтавермайди. Ахир булар отасиз ўсганимни билишадику...” турли хаёллар чарх урарди бошимда. Ўша куни у кишини яхшилаб меҳмон қилиб кузатишди. Бу гапни онамга айтсам, онам ҳам жуда саросималаниб қолди. 

— У сени деб эмас, пул учун келган, болам... Олдиндан шундай одати бор, бировлардан пул олиб, бермай кетади. Бир жойда ёлчитиб ишламайди. Ундирган пулларини ароққа сарфлайди. Энди сенинг ҳаётингни бузмасайди... — онам кўксини чангаллаб йиғлади. 

Ширин оилам бузилишини ўйлаб, мен ҳам қўрқиб кетдим. 

— Эримга айтаман, у одам ҳеч қандай қариндошиммас, уни яқингизга йўлатманг, дейман...

— Ишқилиб ёмонлиги тегмасин-да...

Бир умр кутиб яшаган, меҳрига зор бўлган одамимни энди ўзимдан узоқлаштиришим керак. Бир томондан виждоним ҳам қийналади. Ахир нима бўлганда ҳам у менинг отам-ку. Эримга ҳаммасини очиқчасига айтиб берсам, мени қандай қабул қиларкан. Қайнота-қайнонам-чи, улар нима дейишади? 

— Нима бўляпти сенга, бирор жойинг оғримаяптими? — бир нуқтага тикилиб қолганимни кўрган эримнинг меҳрибончилигидан кейин кўнглим бузилиб кетди. Қанийди унга кўнглимда кечаётган ҳамма гапни  айта олсам? 

Яқинда ҳовлимиз дарвозаси тақиллади, бориб очсам, остонада дадам турибди. Вужудимни қалтироқ босиб қолди. 

— Сени бир кўриб кетай, деб келувдим, қизим, — дадамнинг гапидан кейин ўзимда журъат топиб, уйга таклиф қилдим. 

— Мени кечир, қизим, сениям безовта қиляпман. Нима қилай, кўргим келди-да... Айниқса ўғлингни соғиндим. Невара ширин бўлади, деганлари рост экан-да... 

Дарҳол дастурхон тузаб, меҳмон қилдим. Бирор соат ўтириб, кетишга чоғланди. 

— Келганимни уйингдагилар билмай қўяқолсин... - деди кетаётиб. 

Негадир отамга жуда раҳмим келди. 

— Тўхтанг, — уйга кириб бир даста пул олиб чиқиб, узатдим. Индамай олди. Онамга ўхшаб уришиб бермади. 

Шундан кейин ҳам икки-уч бор йўқлади отам. Мен эса икки ўт орасидаман, эримга, қайнота-қайнонамга дадамни таништирайми ёки... Улар қандай қабул қилишаркан?..

Мактубни МОҲИТОБОН оққа кўчирди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1