Ёхуд гуруч ортидан сув ичаётган курмаклар...
Сўнгги вақтларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Албатта,айни пандемия даврида республика аҳолисини муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш куннинг долзарб масаласи бўлиб турган бир вақтдабу халқимизнинг турмуш-тарзига, яшаш шароитига таъсир кўрсатмай қолмайди...
Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан ўтказилган "Республика аҳолисини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш” мавзуида ўтказилган очиқ мулоқотда айтилишича, 2020 йил май ойидан бошлаб жаҳонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг пасайиши ўсиш тенденциясига ўзгарди.Бу ҳолат ўтган йилги март-апрель ойларида дунё бўйлаб коронавирус тарқалишининг кескин ошиши билан изоҳланмоқда.
ШАКАРНИНГ ҲАМ ОЗИ ШИРИН
“Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари сизни қониқтиряптими?” – деган савол билан аҳолига мурожаат қилдик. Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровномалар натижасига кўра, 51% сўровнома иштирокчилари: “Нархлар жуда қиммат”, 38% и эса, “Қиммат бўлса-да, олишга мажбурмиз”–деган жавобни белгилаган.
Тошкент бозорларида олиб борган суриштирувларимиз давомида харидорларга худди шу савол билан юзланганимизда, “Иложимиз қанча, бўш қоп тик турармиди?” – деган жавобни олдик.
Сотувчиларнинг сўзларига қараганда, бу вазиятда ваҳима қилиш ноўрин. Агар харидорлар озиқ-овқат маҳсулотлари харидига керагидан ортиқ мурожаат қилмаса, бозордаги нархлар ҳар сафар янги қийматни кўрсатмаган бўларди. Чунки, бир турдаги маҳсулотларга оз муддатда талабнинг ошиб кетиши баъзи тадбиркор ва олиб-сотарлар нафсини “қитиқлаши” табиий. Шу ўринда савол туғилади: нархлар бу зайил ўсишда давом этаверса, харидорлар “дод” ини кимга айтсин?!
АВВАЛ ЁҒ, НАВБАТ ЭНДИ САБЗАВОТЛАРГА КЕЛДИМИ?
Газетамизнинг аввалги сонларида ёғ нархининг кўтарилиб кетиши юзасидан таҳлилий мақола берган эдик. Суриштирувимизда маълум бўлдики, нархи тебранаётган фақатгина ёғнинг ўзи эмас. Мисол учун ички бозордаги 1 кг. картошка (эскиси)нинг ўртача нархи йил бошида 3000-3500 сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, маҳсулотни 5000 сўмдан камига топа олмайсиз. Янгиси эса 7000-8000 сўм атрофида. Эски сабзиларнинг нархи эса, 4500-5000 минг сўмгача тебранмоқда.
Йил бошидан буён эмас, бир ойнинг ичида кузатилган бундай ўсишга нима сабаб? Ёғ ва шакарнику импорту экспорт сабаблари билан хаспўшлашни амалладик, сабзавотлар нархининг ўсишига нима дейсиз? Ахир уни ўзимизда етиштириш имкониятлари етарли-ку…
МАСЪУЛЛАРГА МУРОЖААТ
Маълумки, пандемия инсонларнинг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон аҳолиси умумий даромадларининг ўсиш суръати 105,0 % ни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб, бу кўрсатгич 4,3 %га пасайган. Бундан ташқари, юртимизда ишсизлик ҳажми ҳам етарлича ортган.
Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги берган маълумотларга қараганда, бугунги кунда умумий 1 558,4 киши ишсиз. Тақдим этилаётган маълумотлардан маълумки, бу муаммони бартараф этиш учун мутасаддилар томонидан ҳаракатлар бўляпти. Аммо ишсиз одамлар иш топгунга қадар уларнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини ким таъминлаб беради? Масъуллар бу саволга жавоб беришса ва нарх-навонинг ўсиб бориш тезлигини назоратга олишса, мақсадга мувофиқ бўларди…
Манба: "Даракчи" мухбири