Тошкент шаҳри дунёдаги энг тирбанд шаҳарлар рейтингида 195-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Numbeo сайти эълон қилган 2025 йилнинг дастлабки ҳисоботида маълум қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон пойтахти 127 трафик индекс кўрсаткичини қайд этган. Бу индекс қуйидаги омилларни ўз ичига олади: қатнов вақти, тирбандликда ўтказилган вақт учун норозилик кайфияти, ҳавога чиқариладиган чиқинди газлар ва транспорт тизимидаги самарасизлик.
Портал маълумотларига кўра, Тошкентда бир манзилдан иккинчи манзилга етиб бориш учун ўртача 35,4 дақиқа вақт сарфланади.
Тирбандликлардан норозилик даражаси бўйича пойтахтга 610,4 кўрсаткич берилган. Бунда манзилга етиш вақти 25 дақиқадан ошган ҳар бир дақиқа учун кўрсаткич баллари қўшилган. Бу борада бош шаҳар дунёдаги 142-ўриндаги шаҳар сифатида баҳоланган.
Тирбандлик индексини баҳолашда шаҳар транспорт тизимидаги муаммолар мавжудлиги ва ҳавога чиқарилаётган чиқиндилар миқдори ҳам инобатга олинган. Тошкент жамоат транспортида муаммолар мавжудлиги қайд этилган ва шаҳар бу борада (182,4 балл) дунёда 133-ўринда.
Тошкентда тирбандликлар оқибатида ҳаво заҳарланиши индекси дунё шаҳарларига нисбатан анча паст — 260-ўрин. Ўзбекистон пойтахти 2856 балл билан бу борада Қозоғистоннинг Олмаота, Остона, Туркиянинг Истанбул, Анқара шаҳарларидан яхшироқ натижа қайд этган.
Тирбанд шаҳарлар бўйича рейтингдан Марказий Осиёдан Қозоғистоннинг икки шаҳри Олмаота ва Остона ҳам ўрин олган.
Олмаота шаҳрида тирбандлик индекси бошқа шаҳарларга нисбатан анча баланд — 110 ўрин. Остона шаҳри 217-ўринда қайд этилган.
Ушбу рейтингга Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон шаҳарлари киритилмаган.
Numbeo ҳисоб-китобларига кўра, Лагос (Нигерия), Сан Хосе (Коста Рика) ва Лос Анжелес (АҚШ) дунёдаги энг тирбандлик даражаси юқори шаҳарлар сифатида қайд этилган.