Наманган вилоятининг Поп туманида амакисининг турмуш ўртоғи ва унинг икки фарзандини ўлдирган йигит умрбод муддатга қамалди. darakchi.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд материалларида қайд этилишича, ушбу мудҳиш жиноят 2024 йилнинг 9 август куни Поп туманининг Чодак қишлоғида амалга оширилган. Судланувчи А.М. ҳаётга қарши жиноятлар туркумига кирувчи жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда, яъни иккидан ортиқ шахсни, айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни, ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.
Жиноятга қадар судланувчининг отаси И.А. ўзининг укаси И.М. билан аввалдан уй-жой ва маиший низолар туфайли мунтазам жанжаллашиб келган ва оқибатда ҳар иккала оила аъзоларининг бир-бирларига нафрати ошиб борган. Марҳума аёлнинг эри ва марҳум болаларнинг отаси Россияга ишлаш учун кетган бўлишига қарамасдан, унинг оила аъзолари ўзлари яшаб келаётган хонадон орқали электр ва газ тармоғига уланган М.А. яшаб келаётган хонадонни, хонадон эгаларини огоҳлантирмаган ҳолда мунтазам газ ва электр тармоғидан ўзбошимчалик билан узиб қўйиб келган.
Судланувчи кечки соат 20:00 атрофида ўзи яшаб келаётган хонадонига келган М.А. амакиси И.М.нинг турмуш ўртоғи М.Р. томонидан электр тармоғидан узиб қўйилганидан хабар топиб, бунинг учун ўч олиш мақсадида М.Р. ва вояга етмаган фарзандларини қасддан ўлдиришни режалаштирган.
У ўйлаган режасига асосан, шу куни ўзи яшаб келаётган хонадонда рўзғор учун фойдаланиладиган пичоқни олиб, соат 20:30 атрофида қуролланган ҳолда амакиси И.М.нинг хонадонига кириб, дастлаб хонадон ҳовлисида томорқа томонига ҳаракатланиб кетаётган, И.М.нинг 2011 йилда туғилган 14 ёшга тўлмаган вояга етмаган М.М.ни орқасидан югуриб етиб олиб, уни ожиз аҳволда эканлигини била туриб, қўлидаги пичоқ билан бўйин қисмига, сўнгра қорин ва кўкрак қисмларига, ўта шафқатсизлик билан кўп маротаба санчиб, кесилган жами 29 маротаба жароҳатлар етказиб, уни қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яшаш хонаси эшигидан уни ҳаракатларини кузатиб турган, сўнг жон сақлаш учун қочаётган М.Р.ни қасддан ўлдириш мақсадида ортидан ётоқхонасига қадар қувиб етиб олиб, қўлидаги пичоқ ёрдамида М.Р.нинг бўйин ва кўкрак қисмиларига кўплаб, санчилган, кесилган жами 42 маротаба жароҳатлар етказиб, уни ҳам қасддан ўлдирган.
М.А. ўзининг жиноий ҳаракатларини тўхтатмай, унинг бу ҳаракатларидан қўрқиб, хонадон ошхонасига кириб яшириниб олган М.М.ни қасддан ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ ёрдамида ичкаридан қулфланган ошхона эшигини очаётганида пичоқ сингани учун эшикни тепиб очган ва шу хонада стол устида турган ошхона пичоғини қўлига олиб, М.М.ни қасддан ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ ёрдамида, ўта шафқатсизлик билан қорин ва кўкрак қисмларига кўплаб санчилган, кесилган жами 39 маротаба жароҳатлар етказиб, уни қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг, йигит жиноят изларини йўқотиш мақсадида М.Р.нинг телефонини ва шу хонадон ошхонасидан олган ошхона пичоғини томорқа томонига отиб юбориб, ўзи билан олиб келган синган пичоқни чўнтагига солиб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган.
Жорий йилнинг 7 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “а”, “в”, “ж” бандлари билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.