Юрагимда сақлаганларим: “Севганимга уйландим, аммо бахтли бўлолмадим”

МУТОЛАА 10.03.2016, 12:31
Юрагимда сақлаганларим: “Севганимга уйландим, аммо бахтли бўлолмадим”

Ҳаммаси ойим мени огоҳлантирмай аммам билан бир қизникига совчиликка борган кундан бошланди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилган исмини сир тутишимизни истаган йигит. — Тўғриси,  бунақа  учрашувларга чиқавериб, юрагимни “жиз” эттирган қизни тополмагандим. Ёшим йигирма еттига қараб кетган бўлсада, бирорта қизни кўз остимга олиб қўймаганимдан хафа бўлдим. Яхши ўқишим, зўр мутахассис бўлишим керак, ундан кейин қизлар масаласини кўриб чиқсам бўлади, дердим. 

Учрашувга чиққан қизларнинг қайсидир жиҳатлари менга маъқул келмас, учрашувдан кейин уларга қайтиб қўнғироқ қилмасдим,  қизларнинг ўзи тушуниб олишарди. 

Ойимнинг айтишича, қиз  хушрўйгина, бухгалтерия йўналишида ўқир экан. Отаси хусусий фирмада ишлар, онаси олди-сотти билан шуғулланаркан. Эртаси кун югур-югурлар билан бўлиб, учрашувга  беш дақиқа кечроқ келдим. Қиз белгиланган жойда кутиб турарди.  Очиғи, уни кўришим билан қалбимда ғалаён кўтарилди. Биринчи учрашувдаёқ икки соатдан ортиқроқ  айланибмиз. Хуллас, қиз мени гўзаллиги,  ақл-заковати,  тарбияси, ҳаёси  билан ўзига тамоман мафтун қилганди. Лекин унинг хийла ўйчанлиги, паришонлиги ҳам эътиборимдан четда қолмади. 

Уйга хурсанд бўлиб қайтдим. Онамнинг ҳам севинчи ичига сиғмасди.  Эртасидан  икки тараф тўйга тараддудни бошлаб юборишди. Орадан бир ойча вақт ўтди.  Бу орада Севинч билан ҳар куни гаплашиб, ора-сирада учрашиб турдик. Бир куни уйга келсам, онам тушкун кайфиятда ўтирибди. 

-  Ўғлим негадир кўнглим чопмаяптида шуларга, уларнинг оиласи бизга сал тўғри келмайдими, дейман-да? 

-Нима бўлди, ойи? -дедим  устимдан бир челак сув қуйилгандек бўлиб. - Ахир ўзларинг топган қиз. Уларни умидвор қилиб қўйгансизлар. Тўй тараддудини кўриб юрган пайтда, бирдан... тинчликми?

-  Болам... тўғрисини айтсам қизнинг ўзи ёқмайроқ турибди.  Кўзлари жуда бежо...  Баъзи таниш-билишларнинг айтишича, ўзиям  сал ғалатироқмиш... Ҳар қалай, кўнглим ғаш. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да.

-  Бу ҳақда олдинроқ ўйлаш керак эди, - дедим тунд кайфиятда. –Бирини иши тўғри келмаса, бошқасини ёши, яна  бирни кўзи бежо, ғалатироқ... Сизларга қанақаси ёқади ўзи?, - дея зарда билан чиқиб кетдим. Эшик ортидан  онамнинг йиғиси эшитилди...

Барибир, онамни норози қилиб уйланолмаслигимни билардим. Шу боис уларга ён беришга мажбур бўлдим. Ниҳоят...  қиз тарафга тўйдан айниганимизни билдирдик. Бу хабарни эшитиб Севинчнинг ота-онаси саросимага тушиб қолишди. Айниқса, онаси...

- Нега? Бирор ёмон гап эшитдингларми?  Қизимиз кўр, кар бўлмаса, чиройи, ақли жойида бўлса? Ниятинглар қатъий бўлмаса, совчи юбориб нима қилардинглар? Энди қизимизнинг тақдири нима бўлади? Билиб қўйинглар ким қизимни дилини оғритса ҳеч қачон кўкармайди!

Бундай  гаплардан  табиийки, онамнинг кўнгли баттар эзилган. Шунда синглим орага тушди. Менга бахтим учун курашишим кераклигини айтиб, ўзимга ишончимни оширди. Ота-онамга ҳам бу ишимиз тўғри эмаслигини, бир қизни бахтсиз қилиб қўйишимиз мумкинлигини қаттиқ уқтирди. Ўзим ҳам Севинчни ўйлаб, ҳаловатим йўқолган, усиз ҳаётимни тасаввур қилолмасдим. 

Ниҳоят, ота-онам тақдирга тан бергандек бўлишди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб дадам билан бош эгиб бордик. Табиийки, улар ҳам биздан хафа бўлишганини яшириб ўтишмади. Қисқаси, тўйимиз бекаму-кўст ўтди. Ҳаммаси изига тушганидан барча хурсанд. Фақат онам игна устида тургандек, қил устида юргандек эди...

Тўйни эртаси куни Севинч уй юмушларини бажариб юриб бирдан хонага отилиб кирди. Ортидан югурдим. Кўзлари жуда ғалати, юзлари ҳам шишиб кетгандек, қўлларини бир-бирига ишқалаб турарди. Юзидан эса куляптими, йиғламоқчими - билиб бўлмасди.  Назаримда онамга ҳам шунақа кўринган бўлса керак, деган хаёл миямни чангитиб ўтиб, юрагим зириллаб кетди. Нима гаплигини сўрасам:

-Мазам бўлмай кетяпти, шунақа вақтлар мени ҳамма ёлғиз қолдириши керак, ҳатто сиз ҳам...- деди.  Мен ҳам индамай чиқиб кетдим. Онамга ҳам уни безовта қилмасликни тайинладим. Шом тушишидан сал аввал уйга келдим. Қарасам, онам ошхонада овқат тайёрлаётган экан. 

-  Ие, келинингиз қани, ойи? Нега сиз..?, - сўрадим ажабланиб.

-   Келинни икки марта чақирдим. Чиқмади. Чарчагандир-да... 

Хонага кирсам Севинч ҳалиям ухлаб ётган экан. Уйғотмоқчи бўлдим, аммо қимир этмади. Туртишда давом этдим. Йигирма  дақиқаларда зўрға уйғотдим.

-  Вооойй... Кечиринг, билмай қолибман... - деди хижолат бўлиб. 

-  Майли, ҳечқиси йўқ...тезроқ чиқақол энди, - деб  хонадан чиқдим. Ҳовлида синглимни кўрдим. Севинчнинг аҳволини сўради. Сал тоби қочибди, ҳозир чиқади ” дедим. Овқат сузилди ҳамки у чиқмасди. Синглимни юбордим. У ҳам ичкарида қолиб кетди. Хавотир олиб, кирсам яна ҳалиги ҳолат. Кўзлар бежо... Зум ўтмай ортимиздан онам кирди.

-   Қизим тузукмисиз? Нима бўлди?, - сўради онам хавотирланиб. 

-  Ҳаммаси яхши. Фақат, кўз олдим қоронғилашиб кетяпти,- деди Севинч. 

-  Чарчагандирсиз, эртагача кўрмагандек бўлиб кетасиз, -деди ойим. 

Синглим ҳам уйига кетди. Севинч келинлик одати бўйича тонг саҳарда туриб, ҳовли супуриши керак. Тонгги  олтида соат жиринглади. Аммо, Севинч қимир этмади. Ҳар қанча уринмай, ҳаракатларим бекор кетди. Сўнг токчада турган сувни олиб юзига сепдим. Жим.  Бир ярим соат ўтди... 

- Болалар тонг ёришиб кетди, турақолинглар, - дея эшикни таққиллатиб кетди онам. Ўзим туриб, ташқарига чиқдим. Ювиниб, укаларим билан нонушта қилдим. Аксига олиб, бугун якшанба, онам ишга бормайдилар.

- Келин тузукми? - сўради онам. Нима дейишимни билмасдим. 

-Унчамас... Ҳозир чиқади. 

Овқатланиб бўлгач, хонамга кирдим. Бир соатча ўтганидан кейин секин кўзини очди.  Ҳаммаёғи  ҳўл бўлиб кетганидан ажабланмай, ийманибгина, менга қаради.

-  Кечири-и-инг... Яна ухлаб қолибман-даа..-  деди эркаланган товушда. 

- Сенга нима бўляпти Севинч? Қанча сув сепсам сезмадинг, тушунмай қоляпман,- дедим ҳайратимни беркитолмай. 

-  Очиғи... сал эскичага алоқам бор. Кечаси билан уйқум келмади, тонгга яқин ухлаб қолибман,- деди йиғлаб.

“Бечора... ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолат шекилли...” деган ўй кечди хаёлимдан. Сўнг “ҳаммаси жойида, сиқилма ойимга ўзим тушунтираман” деб тинчлантириб қўйдим. Шунда бирдан синглим келиб қолди. Уларни ёлғиз қолдириб, ташқари чиқдим. 

Бир оздан кейин Севинч синглим  билан кулишиб чиқиб келди. Бундан кўнглим ёришди. Кечгача уй юмушларини қилишди. Кечга яқин Севинч яна хонамизга кириб кетди. Юрагим зириллаб кетган бўлса-да,  ортидан киришга юрагим бетламади. 

Бироздан кейин синглим ҳам кетмоқчилигини билдирди ва хайрлашгани Севинчнинг ёнига кирди.  Зум ўтмай “Акааа!!!” деган қичқириқ овози юрагимни тилиб кетди. Ортидан югуриб кирдим. Не кўз билан кўрайки Севинч очиқ дераза олдида киприк қоқмай, тахтадек қотиб турарди...

Ойим келиннинг онасини чақиришни тайинладилар. Қайнонам овозимни эшитиши билан:

- Вой шўриим яна бошладими? Ўзи,  шундан қўрққандим. Ҳозир борамиз, - дея телефонни ўчирди. Ҳаялламай келиннинг отаси ва опаси кириб келишди. Опа кира солиб  мурда каби оқариб кетган, сезилар-сезилмас нафас олаётган синглисига ташланди. 

- Севинч тур! Ваъда бергандинг-ку! Нега яна ухлаб қолдинг! Тур, турақолсангчи, - дея синглисини шапатилай кетди. Синглим опани аранг ушлаб қолди.  

Ота-онам қайнотам билан меҳмонхонага кириб кетишди. Бу гал қайнотамнинг боши хам.  Отам  “сиқилманг, кўргулик” дедилар холос.  Онам қандай қилиб бу дарддан қутулиш чорасини топиш мумкинлигини маслаҳат солдилар. Қайнотам тўйдан аввал ҳам бу ҳолат икки марта бўлгани, бироқ  докторлар  соғлом дея хулоса берганини  айтди. Биз барибир ишонқирамай эртаси кун доктирга кўрсатишни режалаштирдик. 

Шифокор уни текширувдан ўтказиб соғлом эканини тасдиқлади. Бироқ,  шифохона коридорига чиққанимизда Севинч ўзини яна ғалати тута бошлади. Уни эшик олдидаги стулга ўтқаздим. У бир дам ерга термилиб турди-ю, кўзини юмиб яна ухлаб қолди. Бу ҳолатни кўрган ота-онам ҳайратдан ёқа ушлашди. 

Ўша куни уни  бир нечта доктор текшириб, бир тўхтамга келишолмай ҳар хил фикр билдиришди. Биттаси    соғлом деса, яна бири руҳий касаллик аломатлари сезиляпти деди. Шундан кейин келинни уйга олиб кетиб бир хафта қилмаган амалимиз кўрсатмаган дўхтиримиз қолмади. Бироқ зиғирча фойдаси бўлмади.  Онам бу ҳақда аввалроқ айтмагани учун келин томонни айблади. Келин тараф бизни... Хуллас, бу катта низога айланиб кетди...

Мен тамомила гангиб қолгандим. Кимнинг ҳолига ачинишни билмасдим. Бахтим сароб бўлиб чиққани учун ўзимгами? Ҳали бахт нелигини англамай туриб, бахтсизликка рўбару келган жуфти ҳалолимгами? Орзу-ҳаваслари рўёга айланган ота-онамгами?...

Баъзан бир савол юрагимни ўртайверади? Нега ўз орзу-ҳавасларимизни рўёбга чиқариш учун бошқаларни ҳаётини барбод қиламиз? Ахир мен унга ишониб, ўз тақдиримни боғламоқчи бўлгандим. Нега бу ҳақда мени, ота-онамни аввалдан огоҳлантиришмади? Ахир инсон тақдири, ҳаёти ўйинчоқ эмас-ку?

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1