АсосийIqtisodiyot

Марказий банкнинг тахминлари ўзини қанчалик оқламоқда? Ёхуд 2021 йилда инфляция даражаси бир хонали сонга тушадими?

'Марказий банкнинг тахминлари ўзини қанчалик оқламоқда? Ёхуд 2021 йилда инфляция даражаси бир хонали сонга тушадими?'ning rasmi

Ўзбекистонда бу гал ҳам асосий ставка 14 фоиз даражада қолдирилди. Бу Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш бўйича жорий йил бошидан буён қабул қилган тўртинчи қароридир. Аниқроғи, 21 январь, 11 март ва 22 апрель кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда ҳам шундай тўхтамга келинган эди. Базавий инфляция даражаси пасаювчи трендга ўтган бир шароитда нега бундай қарорга келинди?

Марказий банкдан маълум қилишларича, айрим товар гуруҳлари бўйича нархлар ўсиши юқори даражада сақланиб қолаётган, иқтисодий ва инвестициявий фаоллик жадал суръатда тикланаётган ҳозирги шароитда йил якунига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида шундай қарорга келинди. 

ТАХМИНИЙ НАТИЖАГА ҚАЙ ДАРАЖАДА ЭРИША ОЛЯПМИЗ? 

Марказий банк йил бошида инфляция 2021 йил якунлари бўйича бир хонали сонга тушишини маълум қилганди. Яъни базавий прогнозларга кўра, инфляция кўрсаткичи 9,0-10,0 фоизгача пасайиши керак. Шу маънода, ушбу мақсадга қай даражада эриша оляпмиз? Май ойида йиллик инфляциядаражаси апрелдагига нисбатан бироз тезлашиб, 10,9 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўсиши тезлашгани бунга катта таъсир кўрсатди. Дарҳақиқат, ўтган ойда истеъмол товарлари баҳосидаги ўзгаришлар яққол сезилди. Айниқса, ўсимлик ёғи, шакар ва гўшт маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада қимматлашди. Бу аввало, жаҳон бозоридаги тебранишлар, қолаверса, қиш-баҳор мавсумида кузатилган ўзгарувчан об-ҳаво шароитлари таъсири биланизоҳланмоқда. Сабаби, ноқулай об-ҳаво таъсирида мева ва сабзавотлар ҳосилининг кечикиши, боз устига, ҳосилнинг аввалги йилларга қиёсланганда кам бўлиши кутилмоқда. 

НАРХЛАР ОШИШИДА ЁҒ МАҲСУЛОТЛАРИ ЕТАКЧИ... 

Давлат статистика қўмитасидан тасдиқлашларича, нархлар ошиши бўйича ёғ маҳсулотлари етакчилик қилди. Гап шундаки, қўмита томонидан эълон қилинган 2021 йилнинг май ойида истеъмол секторидаги инфляция даражасига кўра, ўтган ойда товарлар ва хизматлар ўртача 0,5 фоиз қимматлашди. Йил бошидан эса нархларнинг ўсиш даражаси 4,6 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида ёғ-мой маҳсулотлари 26,1 фоиз кўтарилиб, ўтган беш ойда нархлар ошиши бўйича етакчи ўринга чиқиб олди. Йиллик нисбатда эса 1,5 баробарга қимматлашган. 

ҲОЗИРГИ ХОЛАТ УМУМИЙ СУРЪАТГА ТЕНГЛАШДИ 

Марказий банк таҳлилига кўра, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва хизматлар тарифларининг йиллик ўсиши умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатди. Умуман олганда, мавсумий омиллар таъсирчанлиги юқори бўлган мева-сабзавотлар ва тартибга солинадиган нархлар чиқариб ташлаб ҳисобланган базавий инфляция даражаси йил бошидан (12,1 фоиз) босқичма-босқич пасайиб, май ойида йиллик 10,9 фоизни ташкил этди. Бу умумий инфляция суръатлари билан тенглашди, деганидир. 

АҲОЛИНИНГ ИСТЕЪМОЛ ФАОЛЛИГИ ОШМОҚДА

Коронавирус инқирози ва унинг оқибатлари ҳали буткул бартараф этилмаган бўлса-да, миллий иқтисодиётда ўнгланиш кузатила бошлади. Шу йилнинг январь-апрель ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоиз, кўрсатилган хизматлар ҳажми 19,8 фоизга ошгани тикланиш жадаллашганини тасдиқлаб турибди. Қувонарлиси, аҳолининг истеъмол фаоллиги ошиши баробарида, савдо ва пуллик хизматлар ҳажми ҳам ортмоқда. Ўтган беш ой якунлари бўйича тижорат банклари кассаларига савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми 19,6 трлн. сўмни ташкил этди. Таққослаш учун келтирамиз, 2019 йилнинг ушбу даврида бу борадаги кўрсаткич 11 трлн. сўм, 2020 йилнинг тегишли даврида эса 6,1 трлн. сўмга тенг бўлган. Шу боис йил охиригача иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омил фискал рағбатлантириш бўлиши кутилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида ташқи иқтисодий шароитлар иқтисодиётимиз учун мўътадил бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Экспортдан тушумлари ҳажми (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) 3,9 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йил мос давридаги кўрсаткичдан (2,5 млрд. доллар) 1,5 баробарга, 2019 йилдагидан (2,8 млрд. доллар) 39 фоизга юқори бўлди. Кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми эса 2,6 млрд. долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (1,8 млрд. доллар) нисбатан 43 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (2 млрд. доллар) нисбатан 30 фоизга ўсди. Булар, ўз навбатида, ички валюта бозорида таклиф ҳажмининг барқарор бўлиши ва миллий валюта курси шаклланишида муҳим роль ўйнади.

ГЎШТ ВА САБЗАВОТЛАР ЯНА ҚИММАТЛАШАДИМИ?

Инфляцияни оширувчи ва пасайтирувчи омиллар таҳлили охирги ойларда инфляцияни оширувчи омиллар вазнининг нисбатан юқори эканлигини кўрсатмоқда. Хусусан, кейинги ойларда инфляцион омиллар, асосан, жаҳон бозорларидаги муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари динамикаси, мевалар таклифи, автомобиль ёнилғиси ва қурилиш моллари бозорларидаги тенденциялар билан боғлиқ бўлади. Бундан ташқари, кузатилаётган ўзгарувчан об-ҳаво шароитлари, айниқса, сув ресурсларининг камлиги чорва озуқаси нархларига ва такрорий сабзавот экинларини экиш жараёнига таъсир кўрсатиб, пировардида гўшт маҳсулотлари ва сабзавотлар нархларига оширувчи босим кўрсатиши мумкин.

САБЗИНИНГ НАРХИ "САКРАБ" КЕТДИ ВА ТОРТИЛИБ ҚОЛДИ

Ҳозирданоқ айрим сабзавот турлари нархи кескин ошиб кетгани прогнозлар ўзини оқлаётганини англатади, албатта. Охирги бир-икки ҳафта ичида ўзбек ошхонасидаги энг талабгир маҳсулотлардан бири бўлган сабзининг нархи “сакраб” кетгани бунга мисол бўла олади. Негаки, бугунги кунда унинг килоси 7-11 минг сўмдан сотилмоқда. Боз устига, деҳқон бозорларида ушбу маҳсулотнинг тортилиб қолгани кузатиляпти. Ваҳоланки, Давлат статистика қўмитаси 2 июнь ҳолатига кўра, республика бозорларида сабзининг баҳоси 2 500 сўмдан бошланишини расман эълон қилган эди. Афсуски, бугун минимал нарх ўша пайтдаги максимал нарх — 7 минг сўмдан ҳам ўзиб кетди. Бу каби омиллар таъсирини камайтириш учун, аввало, истеъмол бозорларида рақобатни рағбатлантириш, бозорлар ва савдо тармоқлари кўламини кенгайтириш, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришҳамда етиштириш имкониятларини кенгайтириш, ер майдонлари ҳамда сув ресурсларини ажратиш — бундай тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бериши айтилмоқда. Шу маънода, Президентимиз кўрсатмаси билан ғалладан бўшайдиган қарийб 100 минг гектар ер майдонлари озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун ишсиз аҳолига бўлиб берилаётгани, сув танқислигини таъсирини камайтириш учун қудуқ қазишга 200 миллиард сўм ажратилаётгани диққатга сазовор. Энди ҳамма гап ўша ерлардан унумли фойдаланиш, барқарор сув таъминотига эришиш ва мўл ҳосил етиштиришда қолди. Бинобарин, йил охиригача инфляцион кутилмаларнинг пасайиши, биринчи навбатда, асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг барқарорлашиши ҳамда иқтисодиётда ялпи истеъмол ва таклифнинг ўзаро мувозанатлашувига боғлиқдир. 

Асрорбек НЕЪМАТОВ, “Даракчи” газетаси 25 (1152) 24 ИЮНЬ 2021 Й.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар