1

Карамдан тайёрланадиган мазали таомлар рецепти

СУҒДИЁНА 26.03.2016, 13:20
Теглар: Маҳсулот, Таом
Карамдан тайёрланадиган мазали таомлар рецепти

Карам — ҳар бир аёл кундалик таомномасига қўшиши керак бўлган асосий ва фойдали маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Қуйида сизларга карамдан тайёрланадиган таомлар рецептини тавсия этамиз. 

Карамли пхали
“Пхали” грузинча сўз бўлиб, баргли карам ва сабзавотли газак деган маънони билдиради. Пхалини лавлаги, кўк ловия, исмалоқ, турли сабзавот ва кўкатлардан ҳам тайёрлаш мумкин. Агар унга ёнғоқдан тайёрланган ўткир зираворлар қўшилса, ўзгача таъм беради. 

Пхали 40 дақиқада тайёр бўлади.

Керакли масаллиқлар: 

  • 1,5 кг карам
  • 300 грамм ёнғоқ
  • бир боғ кинза
  • 3-5 бўлакча саримсоқпиёз
  • 1 дона бош пиёз
  • ярим чой қошиқ кориандр
  • туз таъбга кўра
  • 1 ош қошиқ виноли сирка
  • қалампир таъбга кўра
  • анор доначалари

Йирик қилиб тўғралган карам барглари қайнатиб олинади. Жудаям пишириб юборманг. Қайноқ сувдан олгандан кейин сувини сириқтириб, совитинг. Ёнғоқ, кинза, саримсоқпиёз ва бош пиёзни гўштқиймалагичдан ўтказинг (блендердан фойдаланиш ҳам мумкин). Ҳосил бўлган аралашмага туз, зиравор, сирка қўшинг. Карамни ҳам гўштқиймалагичдан ўтказинг, агар суви чиқадиган бўлса, сириқтириб олиб ташланг. Ёнғоқли аралашмага карамли аралашмани қўшиб, устини анор доначалари билан безатиб, бир неча соатга музлаткичга солиб қўйинг. Пхали — жуда мазали совуқ газак ҳисобланади. Уни нонга суртиб ейиш мумкин (грузин лаваши бўлгани маъқул) ёки алоҳида таом сифатида ҳам дастурхонга тортиш мумкин.

“Коул Слоу” салати 

Америкаликларнинг севимли салати бўлмиш Cole slaw оддий ва жуда тез тайёрланади. Уни тайёрлашда карамдан ташқари янги узилган сабзавотлар (сабзи, сельдерей) ва олма ҳам ишлатилади. Бу салат жуда фойдали бўлиб, унга уй шароитида тайёрланган майонездан ташқари табиий йогурт ёки ёғсиз сметана қўшиш мумкин. Салатни тайёрлаш учун 10 дақиқа вақт кетади. Керакли масаллиқлар:

  • Карам ¼
  • 1 дона олма
  • 2 боғ сельдерей
  • 1 дона сабзи
  • 3 ош қошиқ майонез
  • лимон ½ дона
  • туз, шакар таъбга кўра 

Барча сабзавотларни оқар сувда яхшилаб ювинг. Сельдерейнинг устки пўстлоғини арчиб, баргларини олиб қўйинг. Кейин унинг танасини сомонча шаклида, баргларини эса майдалаб тўғранг. Сабзини ҳам сомонча шаклида тўғраб олинг ёки қирғичдан ўтказинг. Карамни ҳам майда тўғранг. Олмани пўстлоғи ва ўзагидан тозалаб, қирғичдан чиқаринг ёки сомонча шаклида тўғрашингиз мумкин. Барча тўғралган масаллиқни идишга солиб, яримта лимон шарбати, таъбга кўра туз, шакар, майонез солиб, яхшилаб аралаштиринг. “Коул Слоу” салати тайёр! Ёқимли иштаҳа!     

Карамли котлетлар

Агар карамни блендерда яхшилаб майдалаб олсангиз, жудаям мазали карамли котлетлар тайёрлашингиз мумкин. Сабзавотли массани шаклга келтириш учун озгина ун ёки манний ёрмасидан фойдаланиш мумкин. Уни тайёрлаш учун 25 дақиқа вақт кетади.

Керакли масаллиқлар:

  • Карам ½
  • 2 дона тухум
  • 2,5 ош қошиқ ун
  • 1 боғ петрушка
  • туз, қалампир таъбга кўра

Карамни блендерда майдалаб олинг, агар блендер бўлмаса, майда қилиб тўғраш ҳам мумкин. Унга майда тўғралган петрушка солинг. Алоҳида идишга тухум чақинг, ун, таъбга кўра туз, қалампир қўшинг. Бу аралашмани майдаланган карамга яхшилаб аралаштиринг. Қиздирилган товага бир ош қошиқдан (ёки қўлингизни ҳўллаб, думалоқ шаклга келтиришингиз ҳам мумкин) карамли массани солиб, қовуриб олинг. Карамли котлетларни сметана билан бирга, устига кўкат сепган ҳолда истеъмол қилиш мумкин. Ёқимли иштаҳа! 

Қийма қўшиб димланган карам

Тушлик ёки кечки овқат учун ажойиб ва мазали таом. 30 дақида тайёрланади.

Керакли масаллиқлар:

  • 250 грамм карам
  • 300 грамм қийма
  • 100 грамм томат
  • 80 грамм сабзи
  • 50 грамм пиёз
  • бир боғ петрушка
  • туз ва зираворлар таъбга кўра

Товани баланд оловга қўйиб 2 ош қошиқ ўсимлик ёғи солинг. Ёғ қизигандан кейин халқача шаклида тўғралган пиёзни 3 дақиқа давомида қовуринг. Кейин сомонча шаклида тўғралган сабзини, қиймани, таъбга кўра туз ва зираворларни қўшиб, қовуришда давом этинг. 7 дақиқадан кейин тўғралган карам, томат солинг. Агарда карамнинг шарбати кам бўлса, ярим стакан сув қўшишингиз мумкин. Ҳаммасини яхшилаб қовуриб олгач, тованинг қопқоғини ёпиб, паст оловда 15 дақиқа димланг. Тайёр бўлган таомнинг устига кўкатлар сепиб, дастурхонга тортишингиз мумкин. Қийма солиб димланган карам тайёр! Ёқимли иштаҳа!

Шарҳлар

​​Аҳоли саломатлиги учун маҳсулотлар хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан тамғаланади

11.11.2020, 21:22

"Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги Президент қарорида қайд этилишича, озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори инсон соғлиғи учун хавфсиз...
​«Осиё» салати — бақлажон ва нўхатдан!

30.06.2017, 15:55

Зарур масаллиқлар: 200 гр. қайнатилган нўхат, 2 донадан бақлажон, помидор ва булғор қалампири, 3 бўлак саримсоқпиёз, 2 ош қошиқ соя соуси, ўсимлик ёғи, лимон шарбати,...
​«Ёз» пироги — олма ва творогнинг ажойиб уйғунлиги

24.06.2017, 11:23

Зарур масаллиқлар: хамирига: 270 гр. ун, 180 гр. сариёғ, 80 гр. шакар, 1 дона тухум, ярим чой қошиқ хамирюмшатгич, туз; ичига солишга: 750 гр. творог,...
​Ўрикли чизкейк — ёз ёздек ўтсин!

23.06.2017, 11:11

Зарур масаллиқлар: 300 гр. творог, 200 гр. ўрик меваси, 200 мл. сметана, 180 гр. шакар, 100 граммдан увадаланувчи печенье ва сариёғ, 2 дона тухум, пичоқ...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1