Статистика маълумотларига кўра дунё бўйича 50 ёшгача бўлган эркакларнинг 70 фоизида ўткир ёки сурункали простатит кузатилади. Аксарият ҳолларда касаллик ривожланиш давридан ўтиб бўлгач, яъни безовталиклар зўрайгач мутахассисга мурожаат қилинади. Мазкур урологик касаллик асоратлари эркакнинг соғлом турмуш тарзи, жинсий ҳаёт сифатига ҳам таъсир қилгани боис бугун уни даволашнинг бир қанча усуллари жорий қилинган.
Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор, уролог-андролог Зарифжон МУРОДОВ маълумот беради.
САБАБЛАРИ НИМА?
Простатит – простата безининг яллиғланиши бўлиб, асосан 30-50 ёшлардаги эркаклар орасида кўпроқ кузатилади. Касаллик кечишига кўра ўткир ёки (3 ойдан кўп бўлса) сурункали турларда бўлинади. Простатит ривожланишининг сабаблари – кичик тоснинг веноз томирларида қон айланишининг бузилиши, ич қотиши, камҳаракатлилик, узоқ вақт жинсий алоқадан тийилиш, совқатиш, спиртли ичимликлар кабилар бўлиши мумкин.
ТУРЛАРИ
Хасталик таснифланишига кўра иннфекцион (юқумли) ва ноинфекцион (юқумли бўлмаган, простата безини озиқлантирувчи қон томирларининг димланиши натижасида юзага келади) турларга бўлинади. Инфекцион простатитда простат безига микроблар, вирус, бактерия ва замбуруғлар дахл қилади. Ноинфекцион простатит эса инфекция қўзғатувчиларсиз юзага келади.
ҚАНДАЙ БЕЗОВТАЛИКЛАР БЎЛАДИ?
Хасталик хуруж қилганида бемор ўзида турли безовталикларни сезиши мумкин. Хусусан, тос аъзоларида оғриқ, пешоб чиқариш, эакуляция (қовушиш пайтида уруғ ажралиб чиқиши) жараёнида турли муаммолар келиб чиқади. Янада аниқроқ айтганда пешобнинг узуқ-юлуқ ажралиши, қовуқ тўлиқ бўшамаслиги, бу пайтда оғриқ ҳиссининг юзага келиши, эакуляция пайти ва ундан кейин ҳам оғриқ пайдо бўлиши, гемоспермия (шахват суюқлигининг қон аралаш келиши) касалликнинг асосий белгилари саналади.
ТЕКШИРУВ
Простатит билан касалланган беморлар учун қуйидаги текширувлар кетма-кетлиги белгиланади:
– Беморнинг умумий шикоятлари;
– Физикал текширув;
– Пешобнинг умумий таҳлили;
– Венерик касалликларни истино қилиш бўйича таҳлил;
– Инфекцияга оид текширувлар ўтказилади.
Шу билан бирга мутахассис қўшимча тарзда бошқа турдаги текширувларни ҳам буюриши мумкин. Муолажадан кўзланган асосий мақсад хасталик сабабини аниқлаб, даволаш чораларини тўғри йўналтириш.
ҚАНДАЙ ДАВОЛАНИЛАДИ?
Ҳозирги кунда простатит билан оғриган беморлар учун урологик марказлар ва поликлиникаларда бир қатор муолажа усуллари тадбиқ этилмоқда. Шифокор беморнинг ёши ва ҳолатига қараб, антибактериал препаратлар ва яллиғланишга қарши дори воситалари, иммун тизимини рағбатлантирувчи, сўрдирувчи терапия, простата безини массаж қилиш, магнит ва лазер терапияси каби муолажаларни буюради. Ҳар бир бемор организми индивидуал эканлигини ҳисобга олиб, даволаш муддати ҳам турлича бўлиши мумкин. Бугунги кунда простатитни даволашда гипертермия (юқори ҳарорат таъсирида даволаш) муолажаси ҳам қўлланилмоқда. Шу билан бирга урологик марказларда, гипертермия, массаж ва магнит терапия усулларининг биргаликдаги жамланмаси ҳам фойдаланилмоқда.
ЯНА ҚАЙТАЛАНАДИМИ?
Бу савол кўпчиликни ўйлантиради. Ҳақиқатан ҳам даволангандан сўнг хасталик яна қайтаналаниши мумкинми? Мутахассислар фикрич агар соғлигингизнинг эҳтиётини қилиб, тўлиқ даволансангиз ва соғлом турмуш тарзига риоя этсангиз хасталик такрорланишининг олдини олиш мумкин. Акси бўлганда эса ...
МУОЛАЖА БИЛАН БИРГА...
– Даволаниш давомида спиртли ичимликларни истеъмол қилманг;
– Тананиннг совқотишига йўл қўйманг. Қисқа муддатли совқотиш ҳам касалликнинг зўрайишига олиб келиши мумкин;
– Жисмоний меҳнат ва спорт (сузиш ва велоспортдан ташқари) ижобий таъсирга эга;
– Сурункали ич қотиш (қабзият) простата безида қон айланиши бузади. Шу боис ичаклар юргазувчанлигига жиддий эътибор қаратинг;
– Камҳаракатлиликка йўл қўйманг.
ЭЪЛОНЛАРГА ЧАЛҒИМАНГ!
Бугун ойнаижаҳон орқали намойиш этилаётган реклама эълонларида простатитнинг осон ва самарали усуллари ҳақида кўп гапирилади. Ёдда тутинг, реклама қилинган ҳар қайси дори воситаси ҳам касалликни даволашда қўлланилавермайди. Шу билан бирга билиб-билмай дори препаратини қабул қилиш турли асоратларга олиб келиши, касаллик зўрайишига сабаб бўлиши мумкин. Фақат малакали уролог шифокоргина тўғри муолажа ва керакли дори воситаларини буюриши мумкин.