Бугун, 11 август куни кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида ISO 9001 «Сифат менежменти тизими» халқаро стандарти сертификатини Адлия вазирлигига топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Сифат стандарти бўйича халқаро сертификат олинди. Ўзи у нима беради? Тадбир давомида мана шу каби масалалар ҳақида айтиб ўтилган.
Маълум бўлишича, ISO 9001 стандарти асосан бошқариш механизми. Ушбу стандартнинг мақсади – хатолар ва нуқсонларни камайтириш, йўқ қилиш ва олдини олишдан иборат. Стандарт маҳсулот ва хизматларнинг сифати билан эмас, балки бошқарув тизимининг сифатига бевосита боғлиқ.
Шунга кўра, Адлия вазирлиги томонидан ўз фаолиятига халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, муқаддам Адлия вазирлиги Ўзбекистонда давлат бошқарув органлари орасида биринчи бўлиб Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритган эди.
Ушбу сертификатни қўлга киритиш учун Адлия вазирлиги қандай ишларни амалга оширади?
Биринчидан, Адлия вазирлигининг иш фаолияти жараёнлари ва уларнинг натижасини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳар ярим йиллик якуни бўйича вазирлик иш фаолияти жараёнлари ва уларнинг натижалари олдиндан белгиланган мезонларга кўра баҳолаб борилади.
Иккинчидан, барча йўналишлар бўйича эришилиши лозим бўлган кўрсаткичлар белгилаб олинди. Мазкур кўрсаткичларга эришилиши ҳолати ҳар ҳисобот даврида мониторинг қилиб борилади.
Учинчидан, Адлия вазирлигининг иш фаолиятини амалга оширишда ташқи ва ички имкониятлар ва хавф-хатарлар, манфаатдор томонлар ва уларни талаблари аниқлаштириш бўйича таҳлил ўтказилиб, фаолия сифатига таъсир қилувчи хавф-хатарларни камайтириш ва сифатни янада ошириш бўйича иш режалар ишлаб чиқилди. Бунда, иш фаолият ҳар ҳисобот даврида аудитдан ўтказилиб, сифатга таъсир қилувчи омиллар бартараф қилиб борилади.
Тўртинчидан, анъанавий тарзда ҳисоботдаги кўрсаткичларни миқдоридан келиб чиқиб баҳолашдан воз кечилиб, ҳар бир соҳа бўйича алоҳида мақсадли мезонлар белгилаб олинди ва ушбу мезонларни этишилганлигига қараб баҳолаш тизими жорий қилинди.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда 170 дан ортиқ мамлакатдаги 1 миллиондан ортиқ фирма ва ташкилотлар ушбу сертификатга эга бўлган.