Фуқароларнинг тегишли расмий ҳужжатлари чет элда тан олиниши учун фуқаролар ҳужжатларни легаллаштириш ёки апостиллаш тартиботидан ўтишлари лозим.
Апостиль – расмий ҳужжатни имзолаган мансабдор шахснинг имзоси ҳақиқийлигини ва расмий ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус штамп. Апостиль ФҲДЁ органларидан чиқадиган ҳужжатлар, нотариал, таълим, суд, тергов ва бошқа кўплаб соҳалардаги расмий ҳужжатларга қўйилиши мумкин.
Бугунги кунда расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш тизими билан боғлиқ амалдаги ҳолат ва мавжуд муаммолар қуйидагилардан иборат:
1. Апостиль қўйиш бўйича давлат хизмати Ташқи ишлар вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари, Олий суд, Бош прокуратура ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан анъанавий тарзда (қоғоз шаклда) кўрсатиб келинмоқда;
2. Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаро давлат хизматини олиш учун Тошкентга, адлия органларидан чиқадиган ҳужжатлар учун эса – вилоят марказларига бир неча марта қатнашига тўғри келмоқда;
3. Ҳозирда, бутун республика бўйича апостиль қўйилган ҳужжатларнинг ягона реестрини (электрон маълумотлар базасини) юритиш имконияти мавжуд эмас. Ҳар бир ташкилот ўзига келиб тушган расмий ҳужжатларга қўйилган апостиллар реестрини (журналини) юритиб келмоқда;
4. Апостиль қўйиш бўйича ариза 5 иш кунидан 20 иш кунигача бўлган муддатларда кўриб чиқилмоқда;
5. Қўйилган апостилларнинг ҳақиқийлигини Интернет орқали онлайн текшириш имконияти яратилмаган бўлиб, фақатгина ваколатли органга мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.
Электрон апостиль тизимига халқаро миқёсда қарайдиган бўлсак, ушбу тизимни жорий этиш бўйича ишлар 2006 йилдан бошлаб олиб борилаётганлигини қайд этиш лозим.
Апостиль билан хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенциянинг (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) аъзоси бўлган давлатларнинг барчаси электрон апостиль қўйилган расмий ҳужжатни тан олишга мажбурдир.
Шунингдек, агар ҳужжат тақдим этган давлатда амалдаги қонунлар, қоидалар ёки урф-одатлар ёки икки ва ундан кўп давлатлар ўртасида келишувлар орқали юқорида айтиб ўтилган ҳаракат бекор қилинса ёки соддалаштирилса, шунингдек ҳужжатн легаллаштиришдан озод этса, ушбу ҳаракат амалга оширилишини талаб этиш мумкин эмас.
Халқаро ҳусусий ҳуқуқнинг Гаага Конференцияси 2009 йилда ўтказган анжуманда Махсус комиссия томонидан замонавий технологиялар ҳозирги жамиятнинг ажралмас қисми бўлганлиги, замонавий технологияларнинг ишлатилаши Конвенциянинг нормалари ижро этилишида амалий аҳамиятга эгалиги ва Конвенциянинг нормаларида белгиланган қоидалар замонавий технологияларни ишлатилишида тўсиқ бўла олмаслиги тан олинди.
Дунё бўйлаб чиқарилган электрон ҳужжатлар сонининг тез ошишини ҳисобга олганда, электрон апостиль тизимининг ривожланиши долзарб мавзуга айланди. Сабаби, Халқаро ҳусусий ҳуқуқнинг Гаага Конференцияси томонидан белгиланган қоидаларга кўра, ваколатли органлар электрон апостиль тизимини жорий этмасдан, электрон ҳужжатларга анъанавий тарзда апостиль қўйилиши ман этилади.
Расмий ҳужжатларга электрон тарзда “Apostille” махсус штампини қўйиш тартиби АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Бельгия, Корея, Грузия, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси каби мамлакатларда жорий этилган.
Гаага Конференцияси томонидан Электрон апостиль модели асосида бўлган баъзи техник жиҳатлари тўғрисидаги Меморандум имзоланган (2017 йил
18 апрелдаги 18-сон ҳужжати).
Конвенциянинг аъзоси бўлган давлатларнинг барчасида электрон апостиль тизими мазкур Меморандумда белгиланган қоидалар асосида жорий этилиши лозим.
Жами 140 мамлакат аъзо бўлган Гаага Конвенциясига асосан бугунги кунда 41 давлатда E-register тизими орқали Апостиль қўйилган ҳужжатларни текшириш, 19 давлатда E-App дастури орқали Апостилни электрон кўринишда қўйиш имконияти яратилган.
МДҲ давлатларига юзланадиган бўлса, Тожикистон Республикасида электрон апостиль тизими 2016 йилда жорий этилган. Россия Федерациясида
E-register тизими 2014 йилдан бошлаб муваффақиятли ишлаб келмоқда.
Лойиҳага мувофиқ ишлаб чиқилиши кўзда тутилган дастурий таъминот ўз ичига қуйидаги компонентларни жамлаши режалаштирилган:
- Ҳужжатларнинг Репозиторийси;
- Имзо, муҳр ва штамплар базаси;
- Электрон рақамли имзо хизмати;
- Ички/Ташқи кирувчи хатларнинг реестри;
- Тасдиқлаш кодини генерация қилиш хизмати;
- E-Register компоненти;
- E-Apostille компоненти.
Мазкур тартибни халқаро тажрибадан келиб чиқиб мувофиқлаштириш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги томонидан расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
1) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган расмий ҳужжатларга ваколатли органлар томонидан анъанавий тарзда апостиль қўйиш тартибини сақлаб қолган ҳолда электрон тарзда “Apostille” махсус штампини қўйиш тартиби жорий этилмоқда.
Бунда қуйидагилар белгиланмоқда:
ушбу давлат хизмати давлат хизматлари маркази ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши;
расмий ҳужжатдаги мансабдор шахс имзоси ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изининг ҳақиқийлиги “E-App” дастури орқали автоматик тарзда текширилиши;
ҳужжатдаги маълумотлар ҳақиқийлиги текширилганидан сўнг аризачига апостиль қўйилган расмий ҳужжат электрон тарзда юборилиши;
расмий ҳужжатга қўйилган электрон тарздаги апостиль ҳақидаги маълумотлар “E-register” дастурида жамланиши ҳамда апостилнинг ҳақиқийлиги мазкур дастур орқали текширилиши.
2) Расмий ҳужжатларга апостилни қўйиш бўйича сўровномани ваколатли идоралар томонидан кўриб чиқиш муддати 5 иш кунидан 2 иш кунига, агар мансабдор шахснинг имзо қўйиш ваколатини тасдиқлаш ва (ёки) муҳр ёки штамп босма изи намунасини талаб қилиш зарур бўлган ҳолларда эса ушбу муддат 20 иш кунидан 10 иш кунига қисқартирилмоқда.
3) Давлат хизматлари агентлиги зиммасига расмий ҳужжатларга электрон тарзда апостиль қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатишни техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи “E-App” ва “E-register” дастурларини ишга тушириш вазифаси юклатилмоқда.
4) “E-App” ва “E-register” дастурлари самарали ишлашини таъминлаш мақсадида:
давлат ташкилотлари расмий ҳужжатларни имзолаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахсларнинг имзолари ҳамда муҳр ва штампларнинг босма изи намуналарини мунтазам равишда апостиль қўйиш ваколатига эга бўлган органларга юбориши;
апостиль қўйиш ваколатига эга бўлган органлар эса ушбу маълумотларни “E-App” дастурига киритилишини ҳамда доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши белгиланмоқда.