июндан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Хитойга визасиз сафар қилиш имкониятига эга. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим кучга кириши учун давлат ички процедуралари тугалланди.
Кўрсатилган халқаро шартноманинг қоидаларига биноан, битим 2025 йил 1 июндан эътиборан кучга киради ва у Ўзбекистон ва Хитой фуқароларининг икки давлат ҳудудига ўзаро визасиз сафарларига доир масалаларни тартибга солади.
Ўзаро битимга мувофиқ, томонлар давлатлари фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун ҳар бир алоҳида бўлиш муддати 30 кундан ошмайдиган муддатда ва ҳар қандай 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда виза талабларидан озод қилинади.
Бунда томонларнинг давлатлари ҳудудига ҳар бир кириш ва бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги лозим. Агар фуқаролар 30 кундан ортиқ қолишлари керак бўлса, улар кириш визасини олдиндан олишлари лозим.
Визасиз режим меҳнат фаолияти, ўқиш ва медиа фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, бошқа томон ваколатли органларининг олдиндан розилигини талаб қиладиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Кўрсатилган битим Хитойнинг Гонгконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига ташриф буюришга нисбатан амал қилмайди.