Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия (ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар) қилинган фуқароларга 2 йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди. Бу ҳақда бугун, 13 май куни қабул қилинган “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида сўз боради.
Қарорга мувофиқ, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши оқибатида депортация қилинган, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга доир маълумотлар Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади.
Ягона маълумотлар базасига электрон реестр сифатида қуйидагилар киритилади:
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларидан олинган маълумотлар;
- Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган шахслар ҳақидаги маълумотлар;
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналаридан (вакилларидан) олинган маълумотлар.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.
Бунда реадмиссия қилинган фуқароларга чет элга чиқиши учун биометрик паспорти расмийлаштириб бериладиган истисно ҳолатлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Маълумот учун, реадмиссия қилинган шахслар – Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги халқаро келишувлар асосида, ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар. Яъни, агар бирор ўзбекистонлик фуқаро чет элда ноқонуний қолган, визаси тугаган, депортация қилинган шахс Ўзбекистон томонидан қабул қилинади – бу жараён реадмиссия деб аталади.