2016 йилнинг ўтган даврида 7,5 минг ноқонуний “таксичилар” аниқланди

ЖАМИЯТ 07.04.2016, 09:28
2016 йилнинг ўтган даврида 7,5 минг ноқонуний “таксичилар” аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатишни янада такомиллаштиришга бағишланган видео-семинар бўлиб ўтди. 

Мамлакатимизда икки ярим мингга яқин транспорт корхонасида қарийб 61 минг транспорт воситаси мавжуд. Шундан 31,4 мингтаси енгил автомобилдир. Тармоқда 90 мингдан зиёд ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар бир транспорт воситаси муайян талабларга жавоб бериши, жумладан, лицензия карточкаси, таксометр, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган назорат-касса машинаси ва банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича тўлов терминали билан жиҳозланган бўлиши лозим. 

Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш, автотранспорт воситаларида аҳолига ноқонуний хизмат кўрсатишнинг олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. 2016 йилнинг ўтган даврида ўтказилган шундай тадбирлар давомида 7 минг 500 жисмоний шахс ноқонуний фаолият билан шуғулланаётгани аниқланган. 

Мазкур назорат тадбирлари аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини янада яхшилаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолият кўрсатиши учун яқиндан ёрдам кўрсатишга қаратилган. 

Семинарда тадбиркорлар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар ўрганилди. Иштирокчиларнинг саволларига мутасадди идоралар вакиллари жавоб қайтарди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1