АсосийJamiyat

Тошкентда ЙТҲни суратга олган автобус ҳайдовчиси танқид остига олинди (Фото)

Тошкент шаҳри Ганга майдонига олиб чиқадиган туннелда бугун тонги соат 5:00 лар атрофида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда Facebook`нинг “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари хабар бермоқда.

Суратларда Matiz автомобилининг ағдарилиб кетганини кўриш мумкин. Йўл-транспорт ҳодисаси фақат Matiz иштирокида содир бўлгани айтилмоқда. Изоҳларда аксарият интернет фойдаланувчилари ҳайдовчи тезликни оширгани сабаб, бошқарувни йўқотиб, ағдарилиб кетганини тахмин қилмоқда. Суратларда ҳодиса жойига барча тезкор хизматлар — ЙПХ, тез тиббий ёрдам хизматининг етиб келгани акс этган.

Интернет фойдаланувчиларининг диққатини жалб этган яна бир ҳолат—мазкур суратларнинг йўловчи автобус ҳайдовчиси томонидан олиниб, ижтимоий тармоққа жойлангани бўлди. Фойдаланувчилар автобус ҳайдовчиси қачон суратга олиб, қайси пайтда тармоққа жойлаганини муҳокама қила бошлади. Улардан бири ҳайдовчи светофорнинг қизил чироғида ёки бекатлар оралиғида суратга олган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурди. Аммо суратларда у ерда на светофор ва на бекат борлигини кўриш мумкин. Суратларни гуруҳга жойлаган фойдаланувчининг шахсий саҳифасига кириб кўрганимизда ростан ҳам у автобус ҳайдовчиси эканлигини гувоҳи бўлдик. Унинг саҳифасида ҳайдовчининг 118-сонли автобус ҳайдаши маълум бўлди.  

Ҳайдовчи интернет фойдаланувчиларининг танқидларидан тўғри хулоса чиқариб,ўзи ва автобус ичидаги йўловчилар ҳаётини хавф остига қўювчи бундай ҳаракатларни амалга оширмайди, деган умиддамиз.

   

Бошқа янгиликлар