1

Қашқадарёда йигит севгилисининг эрини пичоқлаб ўлдирди

ЖИНОЯТ 22.09.2021, 15:45
Қашқадарёда йигит севгилисининг эрини пичоқлаб ўлдирди

Қашқадарёда йигит рашки унинг қотил бўлишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Олий суд Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Воқелар ривожига кўра, Қарши туманида яшовчи Шерзод Мейлиев бундан роппа-роса олти йил бурун қўш­ни Нишон туманидаги қишлоқлардан биридан истиқомат қиладиган Нигора Ботирова билан телефон орқали танишиб қолади. Ке­йин­чалик улар учрашгач, бир-бирларини ёқтириб қолишади ва Шерзод Нигорага уйланадиган бўлади.

Бироқ уларнинг ота-онаси бундан бехабар эди. Бу орада Шерзод ишлаш учун чет элга жўнаб кетади. Бўйи етиб кол­ган қиз эмасми, орадан кўп ўтмай Нигорани ҳам сўраб, сов­чилар кела бошлади.

Тоғли туманда яшайдиган узоқроқ танишларидан келган совчиларга Нигоранинг ота-онаси розилик беришади. Албатта, бунга Нигора қаттиқ қаршилик кўрсатади, лекин ота-онаси ўз билганидан қолмайди.

Хуллас, Нигора ота-онасининг қистови билан Баҳром исмли йигитга узатиладиган бўлди. Нигоранинг яқинлари куёв бўл­миш Баҳром илгари уйлангани, аммо фарзанд кўрмагани туфайли ажрашганини билишган, фақат буни тўй арафасида Нигора айтишади.

Оила узоқ бормайди, Нигора тўрт ойдан сўнг ота хонадонига қайтиб келади. Аммо у бошидан кечирган бу савдоларни чет элда ишлаб юрган Шерзодга айтмайди, унинг қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўяди. Шерзод эса, бу воқеалардан танишлари орқали хабар топади ва Нигоранинг ўзи билан гаплашиб, аниқлик киритишга аҳд қилади. Ке­йинчалик Нигоранинг ўзидан барчасини эшитгач, Шерзоднинг кўнглида Баҳромга нисбатан тийиқсиз алам пайдо бўлади. Чет элдан қайтиб келгач, Нигорадан Баҳромнинг яшаш манзилини сўраб олади. У Нигоранинг гапига ишониб-ишонмай ўзи ҳам Баҳромнинг яшаш манзили ҳамда унинг касб-корини танишларидан сўраб-суриштиради.

Шундан сўнг Шерзод Баҳромдан қандай ўч олиш ҳақида ўйлай бошлайди.

Аммо буни ёлғиз ўзи эплай олмаслигига кўзи етгач, шерик излашга тушади.

Кўп ўт­май жиноий шерик ҳам топилади. Қарши шаҳридаги қурилишларда бирга ишлайдиган Рустам Расулов аввалига унинг таклифига рози бўлмайди, аммо кейинчалик Шерзоднинг ваъдаларига учиб, розилик беради.

Шундан сўнг улар жиноий қилмишга обдон ҳозирлик кўришади. Шерзод иккита катта ошхона пичоғи ва махсус қўлқоплар сотиб олади. Ўша кун кечки пайт Шерзод жияни Шуҳратга телефон қилади ва ёқилғи олиб беришини айтиб, уларни узоқ бир манзилга олиб боришини илтимос қилади.

Кеч соат 21.00 ларда Шуҳратнинг «Ласетти» русумли автомашинасида учаласи Баҳром яшайдиган қиш­лоқ томон йўл олишади. Йўл-йўлакай Шерзод Шуҳратга ваъда қилган ёқилғини автомашинага қуйдириб беради.

Йўлда Шерзод автомашинанинг ор­қа ва олди рақамини ечиб олади.

Жиянининг бундан ажабланганини кўргач, «бир қалтис ишга қўл ур­ганмиз, ҳозирча бу сир, ке­йинчалик билиб оласан», дейди у сирли оҳанг­да.

Шерзод Баҳром яшайдиган қишлоққа чамаси, икки чақирим масофа қолганда, автомашинани тўхтатишни буюради:

— Сен бизни шу ерда кутиб тур, бир ярим соатлардан сўнг қайтиб келамиз, — дейди Шерзод жиянига.

Бу пайтда тун иккинчи ярмига оққан эди.

Улар Ботир яшайдиган ҳовли дарвозасини тақиллатади. Ботир чиқиб келгач, Шерзод қўшни қишлоққа кетишаётгани, аммо йўлда ёқилғи тугаб қолганини айтади.

— Қанча ёқилғи керак? — де­ди Ботир уларнинг асл ния­тини пайқамай.

— 10 литр бўлса, етади, — деди Шерзод унга жавобан ва ёқилғининг ҳақини Ботирнинг қўлига тутқазди.

Орадан ўн дақиқа ўтмай Ботир ёқилғи тўлдирилган елим идишларни кўтариб, уйдан чиқди. Шунда Шерзоднинг жиноий шериги Рус­там ўсмоқчилаб, Баҳромдан ниманидир сўради. Аслида унинг нияти Баҳромни чал­ғитиш эди. Баҳром ҳам унга юзланиб, саволига жавоб бераётганда, ортида турган Шерзод кос­тюмининг енгидан ошхона пичоғини олиб, унинг биқини ва кўксига бир неча марта зарб билан санчади…

Ботирнинг бақирганини эшитиб, ҳовлидан акасининг хотини югуриб чиқади. Аёл додлаганча қотилларнинг ортидан югурди. Бироқ жиноий шериклар воқеа жойидан аллақачон ғойиб бўлганди.

Суд жиноятчи шерикларнинг қилмишини батафсил муҳокама этиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси тегишли бандларини қўллаган ҳолда, узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинлади. Шу билан бирга, судланувчилардан марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 50 миллион сўм маънавий зарар солидар тартибда ундириладиган бўлди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1