Юрагимда сақлаганларим: “Касал бўлсанг ҳеч кимга керак бўлмай қоларкансан”

МУТОЛАА 13.04.2016, 15:08
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
Юрагимда сақлаганларим: “Касал бўлсанг ҳеч кимга керак бўлмай қоларкансан”

Сўнгги пайтларда, қариндош-уруғ, жигарлар ўртасида меҳр-оқибат йўқолиб кетаётгани ҳақидаги гап-сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинадиган бўлиб қолди.  Ҳар қалай таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, бошидан кечираётганларини сўзлаб берган водийлик муштарийимизнинг ҳикоясини тинглаб ҳам айнан шундай хулосага келиш мумкин....

Шифохонада шифтга тикилиб ётиб, ўтган ҳаётимни ўзимча таҳлил қила бошлайман.  Қанийди, қўлимдан келса ўтган умримнинг  бахтли лаҳзаларини қайтадан яшардим... Қалбимга изтироб солаётган хотираларни эса бутунлай ўчириб ташлардим...

Хонадошим Адҳам акани кўришга опа-сингиллари, ака-укалари келишибди. Болалик хотирларини эслашиб, яйраб ўтиришибди. Уларга қараб бирам ҳавасим келдики. Шифохонада ҳамма шароит бор, фақат яқинларимни соғинаман. Менинг ҳам 2 та опам, 3 та акам бор. Аммо улар мендан хабар олишмайди. Мени уларга керагим йўқ. Руҳий касалликлар шифохонасида ойлаб даволанадиган, ҳаётда ҳеч қандай ўрни йўқ, қўли калта ука кимга ҳам керак? Ишонаман, улар қачонлардир мени яхши кўришар эди. Лекин бунга анча бўлди.    

Мен оддий деҳқон оиласида дунёга келдим. Оилада кенжа  фарзанд эдим.  Опаларим, акаларимнинг эркатойи эдим.   

 Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмас экан.   Ҳамма қатори вақти келганида ҳарбий хизматни ўташ учун юборилдим.  Тақдирнинг менга ёзган синовлари ана шу ердан бошланди. 

Хизматни ўташ даврида оғир тан жароҳати олдим.  Узоқ вақт мобайнида шифохонада даволандим. Ўз ишининг асл усталари-маҳоратли шифокорларнинг беминнат ёрдамлари туфайли соғайиб, оёққа турдим.  Тақдир тақозоси билан  2-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим.   

Ҳаёт ўз оқимида давом этаверар экан. Ота-онам мени маҳалалмиздаги обрўли оиланинг қизига уйлантириб қўйишди.  Биз бахтли эдик. Бирин-кетин қизларимиз туғилишди. Оллоҳга беҳисоб шукр, шириндан шакар икки қизнинг отасига айландим.  Ҳаммаси яхши эди. Опа-акаларим билан муносабатлариммиз ҳам ҳавас қилгудек эди.  Аммо, бу ҳаёт ўзига яраша баланд-пастликлардан иборат экан. 

Ҳарбий хизматда олган жароҳатининг асорати ўзини кўрсатди. Мен асаб касаллигига дучор бўлдим. Энди ҳафталаб ҳаттоки ойлаб руҳий касалликлар шифохонасида даволаниб юришга маҳкум эдим.  Ҳаммаси мана шундан бошландими деб ўйлайману ундай десам, бошида акаларим, опаларим  хабар олиб туришди. Жигарларим ота-онам вафот этгандан сўнг мендан тамомила юз ўгиришди.  

Бизни бирлаштириб турган, орамиздаги аҳиллик, меҳр-оқибатни сақлаб турган ота-онамиз экан.  Улар ўтиб кетишганида ҳовлида мен ва учинчи акам оиламиз билан яшардик.  Кўп ўтмай акамга уй қуриш учун ер берилди.  Акам шу жойдан сенга уй қуриб бераман деб, мени ишонтирди.  Янги уйда яшар эканман деб хурсанд бўлдим.  

Аммо бунинг ҳаммаси хом хаёл экан. Иккита хонаси битган, аммо томи ёпилмаган уйга аёлим, икки қизимни олиб акамнинг қистови билан кўчиб чиқдик.  Қишнинг қор-қировли, изғирин кунларини бир амаллаб, томсиз уйда ўтказдик. Шу орада асаб касаллигим ҳуруж қилиб, шифохонага тушдим.  Уч ярим ой даволаниб чиқиб уйимга борсам иморат ҳали-ҳамон битмаган.   

Туман ҳокимиятидан ёрдам сўрадим. Барака топгур мутасаддилар  ҳиммат кўрсатишди. Оиламиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Сал вақтдан сўнг банк бизга ссуда купон берди. Бу пулга рубероид  сотиб олиб, уйимиз томини ёпдик.  

Опаларим акаларим ўзидан тиниб тинчиган бўлса-да менга ёрдам берай демасди.  Касаллигим туфайли бирор тайинли иш қилолмасдим. Буёқда қизларим катта бўлаяпти, рўзғор тебратиш ўзимас. Бир товуққа ҳам дон керак ҳам сув. Банкка ссудани қайтариш керак. 

“Уй қуриб бераман” деб қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирган акам  холимдан хабар ҳам олмай қўйди.   Пичоқ келиб суякка қадалди. Шу даражага келдики, уйимни арзон гаровга сотишга мажбур бўлдим.  Пулларни эса банкдан олинган ссуда учун тўладим.  Бошпанасиз қолдик. 

Турмуш ўртоғим мендек ношуд эр билан яшай олмаслигини айтиб, отасиникига кетиб қолди.  Ўша пайтда мендан бутун дунё юз ўгиргандек бўлди.  Ҳеч кимга кераксиздек ҳис этардим ўзимни. Кун кечириш учун бировларникида ишлаб, ётиб юрардим.

Шу орада бир танишим  шаҳар марказидан  ижарага уй топиб берди.  Оиламни олиб у ерга кўчиб кетдим. Рўзғор тебратиш учун нима иш бўлса ҳам қилардим. Уч йил ижарада яшаганимиздан сўнг хотинимнинг қариндошлари ёрдами билан бир хонали уй сотиб олдик.   

Ана энди уйли бўлдик, муаммоларимиз камаяр деб ўйлагандим.  Чучварани хом санаган эканман.  Оиламиздан файзу барака кўтарилган, ҳар куни жанжал, бақир-чақир.... Уйни хотиним сотиб олгани учун миннатдан бошим чиқмайди.  Ҳатто шу уйга пропискага қўйишимга ҳам рухсат бермаяпти.  

У ёқда акам менга ёрдам бериш ўрнига “Уйимдан пропискадан чиқ” деб ҳоли-жонимга қўймаяпти.  Нима қилишни билмай бошим қотган.  Ҳаётимдаги бу зиддиятлардан тушкунликка тушиб қолдим. Ҳозир яна шифохонадаман.  Биров холимдан хабар олай демайди. Ҳаттоки, турмуш ўртоғим, қизларим келиб кўришмайди.    

Ҳозир шифохона шифтига тикилиб шуларни ўйладим.  Бир-бирига меҳрибон жигарларни кўриб ҳавас қиламан.  Тўғри ака-опаларимга муносиб ука эмасдирман, аммо менда нима айб? Мен шундай касал бўлай дебманми?  

Менга улардан кўп нарса керак эмас.  Ҳозирги қийин кунларимда менга далда беришса, эртанги кунимга ширин сўзлари билан умид уйғотишса бўлди, етади. Ахир бунинг учун кўп нарса керак эмаску? Шундай эмасми?  Айбим бировга айтишга уяладиган шифохонада даволанишимми?   Мана шу “айб” яқинларим мендан юз ўгиришлари учун асос бўла оладими? 

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ дейишади.  Менинг ҳаётимга ўша ёруғ кун қачон келар экан? Кутавериб кўзларим тўрт бўлди, ахир...

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1