2019 йилдан буён 7 октябрь дунёда Халқаро пахта куни сифатида нишонланиб келинади. Бу санани нишонлаш таклифи Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) котибиятлари билан ҳамкорликда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), халқаро савдо маркази (ITC) ва халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) томонидан таклиф этилган.
Бу кунга бағишлаб ташкил қилинадиган тадбирлар пахта саноатини, жумладан пахта етиштириш ва уни қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган тадқиқот ҳамда лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳамкорлар ва мутасаддилар эътиборини қаратишга хизмат қилади.
Шу мунасабат билан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтига пресс-тур уюштирилди. ОАВ вакиллари институт қошидаги пахта уруғи генофонди ва ноёб пахта навлари сақланаётган иссиқхона фаолияти билан танишдилар, тадқиқот далаларида пахта теримига ҳам ҳисса қўшишди.
ЎЗБЕКИСТОНДА РАНГЛИ ПАХТАЛАР ҲАМ ЎСАДИ
Тажриба далаларида Америкадан олиб келинган дарахтга ўхшаган баланд бўйли, Австралиядан келтирилган барглари япалоқ бутага ўхшаш ғўза навларини, ҳатто оппоқмас, рангли, сариқ, яшил рангли пахталарни кўрдик. Олимларнинг айтишича, улар турли мамлакатлардан келтирилган ғўза намуналарининг генидан иқлимимизга мос замонавий намуналарни кашф этишда фойдаланишади. Шунда хориж намуналарининг ҳосилдорлик, қурғоқчиликка чидамлилик ёки вилтга чидамлилик каби ижобий жиҳатлари бизнинг навларга ўтиб қолади. Ўзбек пахтасининг ҳам бошқалардан ажралиб турадиган ўзига хос жиҳатлари бор. Бизнинг пахта навларимиз толаси қалинлиги билан ажралиб туради, дейди мутахассислар.

Институт тадқиқотчилари пахтанинг серҳосил, иссиқликка ва қурғоқчиликка чидамли, хашарот ва касалликларги бардошли навларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар, ўзларининг тадқиқотлари, ютуқ ва муаммолари ҳақида сўзлаб беришди.

СТРАТЕГИК АҲАМИЯТГА МОЛИК ГЕНОФОНД
Малоҳат ҲОЛИҚОВА, лаборатория мудири, Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори:
–Генофондимизда турли мамлакатлардан йиғилган 12 мингга яқин ғўза намуналари сақланади. Булар ўз вақтида ҳар бири ўзига хос қимматли хусусиятларга эга бўлгани учун сақлаб қўйилган. Замонавий навларимизнинг барчаси ушбу генофонддаги ғўза намуналаридан фойдаланиб яратилган, – дейди Бу ердаги намуналар унувчанлик хусусиятини йўқотмаслиги учун ҳар 10 йилда бир марта экиб янгиланади, шу тарзда доимий барқарорлиги таъминланади. Бу намуналар пахтачилик тарихини ўзида акс эттиради ва ҳар бири ўзида қимматли хўжалик белгиларини сақлагани, янги навларга бу хусусиятларни ўтказишда муҳим бўлгани ҳамда фундаментал илмий-тадқиқотларда фойдаланилиши боис генофондимиз стратегик аҳамиятга молик объект ҳисобланади.

Мутахассиснинг айтишича, бу намуналар ҳам тирик организм, чигит ҳолида сақланаётган намуналар ўсиб кетмаслиги учун иложи борича муайян намлик ва ҳароратни сақлаш керак. Агар намунабоп чигитлар даладан олиб келинганида махсус шкафларда қуритилиб, сақлашга қўйилса улар ўз хусусиятини узоқ вақт сақлаб қолади, уларни вақт ўтиб, экиб-янгилашга зарурат қолмайди.
Ҳозирда нодир намуналарни сақлаш ва иссиқхоналарни таъмирлаш бўйича бир қанча таклифлар берилган. Ушбу таклиф ва лойиҳалар тасдиқланса келгусида пахтачиликни янада ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшади, – дейди тадқиқотчилар.

Факт ва рақамларда
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ғўза экин майдони бўйича (1,0-1,1 млн. гектар) дунё мамлакатлари орасида 6-ўринни, пахта толасини етиштириш бўйича (0,8-0,9 млн. тонна) 5-ўринни эгаллаб келмоқда.
Айни кунда юртимизда 122 та пахтачилик-тўқимачилик кластерлари мавжуд. Уларда ҳам пахтанинг янги серҳосил, эртапишар, қурғоқчилик ва шўралаган тупроққа чидамли навларини яратиш бўйича тадқиқотлар ўтказилмоқда.

Пахтачилик соҳасида 6,5 млрд сўмлик 11 та инновацион лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган. Янги тақдим қилинган қатор лойиҳалар ҳам илмий-техник кенгашлар томонидан ўрганилмоқда.
Ҳозирги вақтда иқлим ўзгариши бутун дунёдаги каби юртимизда ҳам пахтачиликда қатор муаммоларни вужудга келтиряпти. Ер ҳароратининг йилдан йилга кўтарилиб бориши, қурғоқчилик ва сув захиралари камайиши шулар жумласидан. Ўзбекистон сув захиралари чекланган регион бўлгани боис қурғоқчилик қишлоқ хўжалигида энг долзарб муаммо бўлиб турибди. Шунинг учун сув танқислигига чидамли янги навларни яратиш ва бу борадаги илмий-тадқиқотларни молиялаштириш энг долзарб вазифалардан биридир.
Манзура БЕКЖОНОВА






