Йэну Бёркхарту (Ian Burkhart) 19 ёшида дарёнинг саёз жойига шўнғийман, деб бўйнини қайириб олган. Ўшандан бери олти йил ўтишига қарамай, у оёқ-қўлини қимирлата олмай, беҳаракат ётган. Айни дамда у бир қўлининг бармоқларини “телепатик” қурилма ёрдамида назорат қилмоқда, деб хабар берди “Вести” нашри.
Манхассетдаги Файнштейн номли институт ва Огайо Университети олимлари томонидан юзлаб электродлардан ташкил топган нўхатдай қурилма Бёркхарт миясининг ҳаракатларни бошқарувчи қисмига ўрнатишган.
Операция олдидан олимлар беморнинг миясини сканердан ўтказиб, ҳаракатларни бошқарувчи керакли қисмини топишди. Кейин нейрожарроҳлар операция жараёнида электр стимуляцияси ёрдамида миянинг ўнг қўл ҳаракатларини бошқарадиган қисмини аниқлаб олишди.
Инженерлар Йэннинг қўл мускулларига таъсир қилувчи электродлар билан жиҳозланган қўлқопни тадқиқ этишди. Бу электродлар ҳаракатларни назорат қилувчи мускулларнинг муайян қисми ишини кучайтиради.
Бёркхарт NeuroLife, яъни “фикрлаш кучи” номли тизимни бошқариш учун махсус дастурни ўқиб-ўрганди. Тадқиқотчилар унга бирор ҳаракатни бажариш ҳақида ўйланг деб маслаҳат беришди. Шундан кейин олимлар унинг мия фаолиятини компьютер ёрдамида текшириб, мия тўлқинларини алгоритм сигналлари ёрдамида қўлдаги қўлқопга юбордилар. Синалаётган одамнинг фикрларини ўқиш учун бироз вақт керак бўлди. Аммо айнан бир ҳаракатларни қайта-қайта такрорлаш натижасида жараён мукаммалаштирилди.
Сўнгги икки йил мобайнида Бёркхарт ҳафтада икки-уч маротаба нейроинтерфейс ёрдамида машқ қилишни ўрганмоқда. Бугунга келиб, у шишани очиб-ёпишни, турли буюмларни ушлашни ўрганиб олди, ҳатто Guitar Hero видеоўйинларини ҳам ўйнаяпти.
“Аввалига Йэн фақатгина муштини тугарди, энди эса ҳар бир бармоғи 70% аниқликда ҳаракат қилмоқда. Унинг ҳаракатлари борган сари мукаммалашиб бормоқда,” – деб изоҳ берди тадқиқот муаллифи Али Резаий.
“Мен тузалишимга ишонганим учун ортиқча тушкунликка тушмадим, – дейди Бёркхарт,– замонавий илмий-техника ютуқлари менинг ҳаётимни ижобий томонга ўзгартирди”.
Баъзи бир тадқиқотчиларнинг фикрича, бармоқлар ҳаракатини бошқаришни нафақат ичкаридан, балки ташқаридан кучайтириш орқали ҳам яхшилаш мумкин деб ҳисоблашмоқда. Улар келажакда бемор миясига ўрнатилган сенсорлар жарроҳлик аралашувисиз, бош териси остига датчиликлар ўрнатиш орқали амалга оширилишига умид боғлашмоқда.
Олимлар бундан ташқари инсультга чалинган, бўйин умуртқа суягидан жароҳат олган ва беҳаракат ётган инсонлар учун қурилмалар яратиш, улардан фойдаланишни беморларга ўргатишни режалаштиришган. Бу тадқиқотлар яқин кунларда амалга оширилиши кўзда тутилган.