ССВ Матбуот хизмати ушбу савол билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат ШАМСИЕВга мурожаат қилди.
— Авваламбор, ота-оналар нафақат пневмония, балки, бронх-ўпка касалликларининг олдини олишга эътибор каратишлари керак. Ушбу чора-тадбирлар барча бронх-ўпка касалликларидан ҳимояланишга катта ёрдам беради.
Жумладан:
-гигиеник қонун-қоидаларга риоя қилиш ва буни фарзандларга ҳам ўргатиш, қўлни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан мунтазам равишда дезинфекция қилиш;
-юзни қўл билан ушламаслик;
-хоналарни доимий равишда шамоллатиб туриш;
- болаларга йўталганда ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпишни ўргатиш;
- фарзандларга касал бўлган болалар олдига яқин келмасликни уқтириш;
- ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни ўргатиш;
- фарзандлар касал бўлиб қолса, боғча ёки мактабга юбормасликлари лозим.
Шунингдек, боланинг тўғри ва рационал овқатланиши, сурункали инфекция ўчоқларини бартараф этиш ва чиниқтириш турли хил касалликларнинг олдини олишга катта ёрдам беради.
Болага қўшимча D витаминининг сувли эритмаси (Аквадетрим), аскорбин кислотаси, иммуноцинк ва селен моддалари, камқонликни даволаш мақсадида темир препаратлари тавсия этилса, нафас йўллари касалликларига қарши курашиш кучини оширишга ёрдам беради.